Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга доир саъй-ҳаракатлар, соҳага бўлган юксак эътибор ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда заҳматкаш деҳқонларимизу фермерларимизда ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси, меҳнатларининг самарасига бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда. Миришкорларимизнинг меҳнатларининг муносиб рағбатлантирилиши эса бу жабҳадаги келгуси ишларимизнинг салмоғини янада ошириши айни ҳақиқатдир.

Эрта тонгдан шаҳримиздаги “Мажнунтол” мажмуаси одамлар билан гавжум. Ушбу кошона яна бир байрамга – “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан ўтказилаётган тантанали айёмга мезбонлик қилмоқда.

Барчанинг кўнглида қувонч. Йил бўйи тер тўкиб, бор меҳрини ерга бериб, халқимиз дастурхони тўкинлиги йўлида бахшида қилган танти фермеру деҳқонларимизга атаб байрам дастурхони ёзилди.

Тадбир давомида ўзларининг муносиб меҳнатлари билан туманимиз, қолаверса, юртимиз равнақига қўшган ҳиссалари учун, 36 нафар фаол фермер, деҳқонларимиз Ўзбекистон Респуб-ликаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, ЎзЛиДеП туман Кенгаши ҳамда туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан тақдирландилар.

Шунингдек, “Тараққиёт” фермер хўжалиги раиси Абдуқодир Нодиров туман ҳокимлиги томонидан “Илғор фермер” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Байрам тадбири куй-қўшиқлар билан давом этди. Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, воҳамиз булбули Тошпўлат Маткаримов ижросидаги қўшиқлар барчани бирдек мамнун этди.

Тадбирда туман ҳокими Ўктам Турсунов, шаҳар ҳокими Одилжон Жўраев, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зарифа Эралиева, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят Кенгаши раиси Тўлқин Тўраев иштирок этди.

Элёр ЎТБОСОВ,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.