Муддао

Кейинги вақтда мактабгача таълим муассасаларида жуда катта ўзгаришлар содир бўлаяпти. Туманимиз ва шаҳримиздаги болалар боғчаларида ҳам жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилганига гувоҳмиз. Янги қурилаётган, капитал таъмирга тушган бундай масканларни кўриб, дил яйрайди…

Хуллас, ана шундай кайфиятда туман боғчаларидаги муҳитни кўриш, ўрганиш мақсадида, ижодий гуруҳимиз билан йўлга чиқдик…

Томошабин бўлдим, найлайин

Соат 14:20. 8-мактабгача таълим муассасасидамиз. Бу вақтда болажонлар уйқудан уйғонгандан сўнг бериладиган таом вақти бўлади. Эшикдан кирар эканмиз, икки нафар ходима бизни кутиб олди. “Кимсизлар?”, “Қайси ташкилотдансиз?”, “Нима мақсадда келдингиз?”, “Боғчамизни кўздан кечиришга рухсатномангиз борми?”

Улардан айнан шу саволларни кутгандик. Аммо улар бизнинг кимлигимиз, қайси ташкилот вакили эканлигимиз билан қизиқмай, боғчанинг ошхонаси томон йўл бошлашди. Мана, лоқайдликнинг биринчи белгиси… Ҳатто, шахсимизни тасдиқловчи ҳужжат ҳам сўралмади. Энг қизиғи, боғчада “бегоналар” юрибди-ю, деб ўйлаб, боғча мудираси ҳам йўлиқмади.

Боғча ҳамшираси ортидан унинг хонасига кирдик. Таомномани ўрганиб, ошхонага йўл олдик. Ахир болалар саломатлиги шу ердан бошланади-ку. Ичкарида иккита ошпаз таом тайёрламоқда. Нон ва сариёғлар тўғралган, аммо усти очиқ ҳолатда. Ошхона озода, бироқ ошпазларнинг қўлида махсус қўлқоп йўқ. Умуман олганда, ошхонада тартиб бор…

Эндими?

 Ҳамшира, хўжалик мудири билан бирга омборга – мева-сабзавотлар сақланадиган жойга йўл олдик. Мана, гигиена… Эссиз олмалар, уларни истеъмол қилаётган болалар…

Омборда барча маҳсулотлар бор, аммо сақланиши талабга жавоб бермайди. Олмаларнинг усти очиқ, чириганлари шундоққина кўриниб турибди. Қуритилган меваларнинг сақланиши ҳам талабга жавоб бермайди. Атрофда пиёз пўчоқлари ҳам кўзга ташланади. Хонани шамоллатиш керак.

Боғча ҳовлиси ва ҳожатхона-ни кўздан кечирдик. Атрофда хазону қоғозларга кўзимиз тушди. Ҳожатхонада… хуллас, антисанитария вазияти ҳукмрон…

Бу ҳолат юзасидан ҳамшира ва хўжалик мудиридан изоҳ сўрадик. Барчага ёд бўлиб кетган ўша гап – қиламиз, бажарамиз, тозалаймиз…

Аммо бизда ҳам биргина сўз бор эди: “Эндими?..”

Болажонлар алдамайди

Юқорига кўтарилиб, болажонларнинг хонасига кирдик. Айримлари уйқуда, баъзиларнинг киприклари пириллайди. Боғча опа ҳам, кимсизлар, деб сўрамади. (Кимлигимизга қизиқадиганлар борми ўзи, бу жойда?) Ноилож, ўзимиз ташаббус кўрсатиб ўзимизни таништирдик. Уйғоқ болажонларни суҳбатга чорладик.

Айтишича, уларнинг овқат-ларида 2-3 кундирки, гўшт йўқ, тухум емаганларига ҳам анча (бир ҳафтача) бўлибди. Таомномада кўрсатилган таомларни ейишибди, лекин таомда гўшт ва тухум маҳсулотлари йўқ эди.

Тиббий хизматга гап йўқ

Яна ошхонага кирдик. Болажонларга овқат бериладиган вақт бўлди. Ошпазлар тарбияланувчилар учун буханкаларга сариёғ суртиш билан овора. Охири, қўлқоп тақишларини илтимос қилдик, мажбур бўлдик. Биздан олган огоҳлантиришдан сўнг, албатта, қўлларига қўлқоп кийишди.

Овқатларда гўшт ва тухум йўқлигининг сабабини сўраганимизда, бу маҳсулотлар ўз вақтида етказиб берилмаётганлигини айтишди.

Ошхонадан чиқиб, дори-дармонлар сақланадиган жойга олиб боришларини сўрадик. Дори сақланадиган жавоннинг ойналари йўқ. Дориларнинг сақланиш муддатини ўргандик. Ҳаммаси жойида, тиббий хизмат кўнгилдагидек йўлга қўйилган.

Мудира: ичимлик суви муаммо…

Бу орада қандайдир зарур юмушлар билан марказга кетган боғча мудираси ҳам қайтиб қолдилар. “Ранг кўр, ҳол сўр”, дегандек, раҳбарнинг сўзларини тинглаймиз. Нимадан ранжиётганини сўраймиз.

–  Сув муаммо, сув, – дейди боғча мудираси Севара АБДУЛЛАЕВА. – Юз-қўл ювишдан тортиб, ош-овқатга ишлатишгача сувни қўлда ташиб келтирамиз. Буёғи ўзингизга аён, ташиб келтирилган сувни тежаб ишлатишга мажбурмиз. Хайрият, келгуси йил учун чора-тадбирлар режасига боғчамизни сув билан таъминлаш ҳам киритилди. Ўша кунларга етсак, янаям яйраб-яшнаб ишлаймиз…

Боғча номер олтинчи

Бу боғча ҳақида эшитганмисиз? Мудирасини танийсизми? Ўша – доим куйиб-пишиб юрадиган, ўзи раҳбарлик қиладиган боғча учун ҳақ талашиб, керак бўлса, раҳбарлар билан ҳам дангал гаплашадиган Дилафрўз Норбоева-да! Уёғидан сўрасангиз, яқинда мудиралар ўртасида ўтказилган беллашувда ғолиб бўлган ҳам – шу… Туманда каттаю кичик уни яхши таниб қолган, хуллас, жонсараккина раҳбар.

Хуллас, туман мактабгача таълим бўлимининг янги раҳбари Илёс Мўминов билан биргаликда Сусам қишлоғидаги мазкур боғчага бордик. Болажонлар уйларига хушҳол қайтаяпти. Чор-атроф саранжом-саришта.

70 нафар тарбияланувчи учун мўлжалланган бу МТМ да айни вақтда 86 нафар болажон тарбияланмоқда. Мудиранинг сўзларига қараганда, айни пайтда 400 дан ортиқ навбат бор экан…

Ҳа, бежиз давлатимиз раҳбари мактабгача таълимга бу қадар катта эътибор бермаётган экан, дейсиз бу фактларни эшитаркан. Айниқса, хусусий мактабгача таълим маскани ишга туширилиши, давлат ва тадбиркор ҳамкорлигининг йўлга қўйилаётгани мана шундай муаммоларни тезроқ бартараф этиш йўлидаги бир қадам бўлса, не ажаб…

Тушликка сув ташиш марафони бўлади

Худди шундай. Мудиранинг айтишича, бу боғчада на оқова сув ва на ичимлик суви бор. Ҳар куни ходимлар туш вақтига қадар яқин атрофдаги булоқдан ёки хонадонлардан сув ташийдилар.

1933 йилда қурилган бу боғчада бинонинг эскилигини айтмаса, бошқа бирортаям камчилик йўқ. Ҳарҳолда, биз бу соҳа бўйича мутахассис эмасмиз, лекин, талаб  даражасида сақланаётган озиқ-овқатлар, сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари, уйига шодон қайтаётган болажонлар айни маскан ҳақида ижобий тасаввур уйғотди.

Яна бир зўр янгилик шуки, мазкур боғча 2019 йилги инвестиция дастури доирасида бутунлай қайта қурилади. Шу мақсадда, давлат бюджетидан 3 миллиард 500 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Янги раҳбар нима дейди?

Ортга қайтарканмиз, туман мактабгача таълим бўлими раҳбарлиги вақтинча юклатилган инсон – Илёс Мўминов билан суҳбатлашиб кетдик.

– Мана шундай ўрганиш-лар, мақсадли сафарлар керак, жуда керак, – дейди у. – Жамоатчилик назоратининг бўлгани кони фойда. Мана, бугун сизлар билан юриб, ўзимизнинг имкониятларимиз, ютуқ ва камчиликларимиз билан янада чуқурроқ танишдим.

Унинг айтишича, туман мактабгача таълим масканларини балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш тизимида янгиликка қўл урилибди. Қизиқсиниб сўрадик. Шунда мутахассисларга хос бўлган шинавандалик, куюнчак-лик билан сўзлай кетди:

– Қайси куни боғча-ларнинг бирига ўрганиш учун бордим. Музлаткичда балиқ сақланаётган экан. Энди, дўстим, у балиқни кўрсангиз эди… Музлаткичда азбаройи кўп ва хўп турганидан балиқ маҳсулотларига монанд сифати, калорияси қолмаган бўлса керак… Ўйлаб-ўйлаб, барча боғчаларга тирик балиқ етказиш тизимини йўлга қўйишга қарор қилдик.  Маҳаллий балиқчилик фермерлари билан шартномалар туздик. Энди ҳафтанинг ҳар жума куни барча боғчаларда балиқли таомлар тарқатилади…

Умид улдирки…

Кун адоғида Қурама этакларида жойлашган сўлим қишлоқлар оралаб, таҳририятга қайтдик. Бўлаётган ўзгариш ва янгиликлардан кўнгил тўлиб, йўқни йўндириб, борни ошириб-тошириб меҳнат қилаётган боғча мудиралари, тарбиячилар, жонкуяр раҳбарлар кўп бўлсин, дея умид қилдик. Бундан бир йиллар чамаси муқаддам, газетамизда чоп этилган “Гўшсойлик Азизжонга мактуб” сарлавҳали танқидий мақола чиққан кунларни эсладик. Бу орада кўп нарса ўзгарибди. Жуда кўп нарсалар ўзгарибди.

Муҳими, боғчаларга давлатнинг эътибори, Президент ислоҳотларининг умидбахш шабодаси етиб келибди. Ўз вақтида, бу тизим мутлақо қайтадан, янгича асосларда ташкил қилингани ғоятда тўғри қарор бўлганига яна бир марта инондик.

Кези келганда яна бир мулоҳаза.  Биз ҳамма жойда вазият яхши, борлиқ чаманистон бўлиб кетган демаймиз. Илло Ватанни оқ рангларда севмайдилар. Унинг камчилиги, бору йўғи билан севишимиз, эртанги кунимизни янада пурфайз бўлиши учун курашишимиз керак.

Боғчалардаги жорий ҳолат эса вазият ижобий тарафга ўзгара бошлаганидан даракдир. Янги раҳбар бошчилигида 2019 йилни қарши олаётган соҳа вакилларига бу йўлда куч-ғайрат тилаймиз…

Севара ТУРҒУНОВА,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.