Оҳангарон тумани ҳокими Ўктам Турсуновнинг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан соҳа вакилларига байрам табриги

Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар!

Ассалому алайкум, заҳматкаш деҳқонлар, уста боғбонлар, мард ва танти чорвадорлар!

Бугун сизлар билан “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни”ни нишонлаш мақсадида тўпландик. Фурсатдан фойдаланиб, бугунги улуғ айём билан барчангизни чин қалбимдан табриклайман!

Ҳаммамизга  яхши маълумки, ўтган йилнинг 25 август куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Президентимиз ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” этиб белгиланди. Бу қонун, табиий равишда, давлатимиз раҳбарининг Сиз – азиз меҳнаткашларга нисбатан меҳри ва эътиборидан нишонадир.

Туманимизнинг иқтисодий салоҳиятида қишлоқ хўжалигининг ўрни юқори эканлиги барчамизга маълум. Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уни халқимиз дастурхонига боришигача бўлган жараёнда заҳматкаш деҳқону фермерларимизнинг меҳнату машаққатлари беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Айни дамда, барча соҳаларда кўплаб ўзгаришлару ислоҳотларга бой бўлган жорий йилда фермер ва деҳқонларимизнинг баракали ҳамда сермаҳсул меҳнатлари натижасида қўлга киритилган ютуқлар, олдимизда турган вазифалар ҳақида қисқача тўхталмоқчиман.

Якунланиб бораётган йилда 700 дан ортиқ фермер хўжаликлари ва ташкилотларда етиштирилган мўл ҳосил эвазига 36 000 тонна бошоқли дон етиштирилиб, давлат қабул пунктларига 22 734 тонна ғалла етказилишига эришилди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, об-ҳавонинг ўта иссиқ келганлиги, шу билан бирга, сув билан боғлиқ айрим муаммолар юзага келганига қарамасдан, Сиз – туманимиз меҳнаткашлари бор шижоатингизни кўрсатиб, халқимиз олдидаги садоқатингизни яна бир бор намоён қила олдингиз.

Хабарингиз бор, ёзнинг айни жазирамасида, экинларимиз суғорилиши зарур бўлган пайтда “Ҳамдам” ва “Паркент” каналларида қарийб 40 кун сув умуман бўлмади. Ўша кунларда катта пул сарфлаб, даласига яхши ниятларда уруғ қадаган фермернинг аҳволини таърифлаш қийин эди. Бундай фожеали ҳолат нафақат Оҳангарон, балки вилоятимиз, республикамиз учун катта йўқотиш бўлди.

Шунга қарамай, туманга қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича берилган режа-топшириқ миқдори ўзгармаган. Биз қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт режасини тўлиқ бажаришимиз керак. Айни пайтда, бу энг оғриқли нуқтамиз бўлиб турибди.

Ҳаёт давом этади, бу йилда тўплаган айрим аччиқ хулосаларимиз бизни келаси йил ҳосилига ҳозирданоқ эътиборли бўлишга даъват этади. Шу кунларда бутун туманимиз бўйлаб 2019 йил ҳосили учун ғалла экиш ишларини давом этиришмоқда. Жумладан, ғаллакорларимиз 12 000 гектардан ортиқ майдонга барака уруғини қадаб бўлишди.

Бундан ташқари, 2019 йил ҳосили учун тўқсонбосди экинларини экиш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Хусусан, шу кунга қадар, 280 гектар ер майдонига саримсоқпиёз, пиёз ва сабзи экинлари экилмоқда.

Олдимизда турган муҳим вазифалардан яна бири бу туманимиз экспорт салоҳиятини ривожлантиришдир. Очиғи, ҳозирча бу борадаги ишларимиз жудаям мақтанарли даражада эмас. Айни пайтда етиштираётган маҳсулотларимизнинг аксарият қисми ички бозорларимиз эҳтиёжлари учун мўлжалланмоқда. Ҳеч кимга сир эмас-ки, сўнгги пайтларда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан экспорт масаласига жиддий эътибор қаратилиб, тадбиркору фермерларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Бундан эса тўғри ва унумли фойдаланмоғимиз керак бўлади.

Айни дамда туманда икки йўналишда чорвачилик ҳаракати ривожланмоқда. Биринчиси, бу аҳоли томонидан боқилаётган йирик ва майда шохли чорва бўлса, иккинчиси, уддабурон фермерларнинг саъй-ҳаракатлари билан тобора баракага кираётган қўй-моллардир. Ҳозирги кунда аҳоли хонадонларида 66 мингдан ортиқ қорамол, 176 мингдан ортиқ қўй-эчки парваришланаётган бўлса, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида 1500 дан ортиқ қорамол, 71 мингдан ортиқ қўй-эчки, 1300 дан ортиқ от мавжуд.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси шу қадар серқирра ва кўп тармоқлики, айни дамда барча йўналишлар бўйича эришилган ютуқларнинг ўзигагина тўхталиб ўтишга вақтимиз етмайди. Ҳозир эса шу ерда жам бўлган муҳтарам мутасаддиларимиз эътиборига ҳавола қилиб айтмоқчиманки, келгуси йил учун режа-дастурлар тузаётганда, масала, энг аввало, аҳоли манфаатларига қаратилиши лозим.

Муҳтарам дўстлар!

Бугун қутлуғ байрам, тўй-тантана. Шу муносабат билан, танқид ва таҳлилларни кейинга қолдириб, барчамизнинг қалбимизга фахр туйғуларини солган бугунги ютуқларимиздан шодланайлик.

Ҳурматли соҳа вакиллари!

Иш бор жойда камчилик бўлади, дейдилар. Ватанимиз тараққиёти йўлида қўлни қўлга бериб, сидқидилдан меҳнат қилар эканмиз, гоҳида аччиқ гаплашган пайтларимиз ҳам бўлди. Ислоҳотлар кўлами кенгайган бир пайтда, талабчанлик ва назоратни маҳкам ушлашга тўғри келганлигини тушунишингизни истардим. Бу ҳолатларни тўғри англаб, ҳамиша мен билан ёнма-ён туриб, буюк келажак сари дадил қадам ташлашда шижоат кўрсатганингиз учун Сизларга ташаккур, азизларим! Эл-юрт, ватанимиз бахтига доимо омон бўлинг!

Қадрли меҳмонлар!

Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин! Келаётган йилда Президентимиз, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиб, кўзлаган ният-мақсадларимизга етиш ҳар биримизга насиб этсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!