5 декабрь куни туман ҳокимлиги фаоллар залида Асосий Қонунимиз – Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

–  Мана, чорак асрлик довондан ўтиб, яъни 26 йилдирки, халқимиз сиёсий тафаккури, ақл-заковатининг кўзгуси бўлмиш Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкам эканлиги намоён бўлиб, у бизнинг миллий қадриятларимиз ва айни пайтда умуминсоний талабларга ҳар томонлама мос келмоқда. Биз мустақил тараққиёт йилларида босиб ўтган ғоят мураккаб ва масъулиятли, машаққатли ривожланиш йўли давомида қандай жараёнларга дуч келмайлик, қандай оғир синовларни бошимиздан кечирмайлик, Конституциямиз ҳамиша юртимизни, халқимизни турли бало-қазолардан асраш, ўта таҳликали вазиятларда яккаю ягона тўғри йўлни топиш ва келажакка ишонч билан қарашда асос бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди туман ҳокими Ўктам Турсунов йиғилганларга йўллаган байрам табригида.

Шунингдек, сўзга чиққанлар Конституциямизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва роли, тараққиётимизнинг асосий гарови эканлиги тўғрисидаги фикрларни билдириб ўтишди.

Туман маданият бўлими ҳамда 31-сонли БМСМнинг ёш иқтидор эгалари томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар йиғилганларни бирдек шод этди.


ҚОМУСИМ – БАХТИМ МЕНИНГ

Жорий йилнинг 5 декабрь куни шаҳримиздаги 6-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда шаҳар ҳокими Одилжон Жўраев йиғилганларни Бош Қомусимиз қабул қилинган қутлуғ сана билан муборакбод этди. Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва  аҳамияти, юртимизда  олиб борилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларнинг, қолаверса, инсон манфаатлари ва эркинлигининг ҳуқуқий асоси, кафолати эканлиги тўғрисида фикр билдирдилар.

Шаҳар маданият бўлими ҳамда 6-сонли БМСМ тарбияланувчилари томонидан тайёрланган турли мусиқий чиқишлар тадбирга янада шукуҳ бағишлади.

Элёр ЎТБОСОВ,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.


ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА

“Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддаси.

Мустақиллик йилларида шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги каби қонунлар орқали амалга оширилди.

Хусусан, 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишларининг тартиби кенг ёритиб берилган. Ушбу Қонун давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, бугунги кунда шахсларнинг мурожаатлари қонунийлик, ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда мурожаатнинг оғзаки, ёзма ёки электрон шакллари бўлиб, буни амалга ошириш учун ҳуқуқий асослар билан биргаликда, зарур шарт-шароитлар, жиҳоз ва технологиялар мавжуд.

Шоира ШАМШИЕВА,
вилоят прокурорининг ёрдамчиси, адлия кичик маслаҳатчиси.


ТАДБИРКОР ҲУҚУҚЛАРИ – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА 

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республикамизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганлигига қарамасдан, соҳада бир қатор камчиликлар кўзга ташланмоқда.

Шу мақсадда бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида, Президентимизнинг “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Оҳангарон тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбир айнан мана шу қарорнинг ижросини таъминлашга қаратилди.

Йиғилишда назорат қилувчи органлар ва тадбиркорлар ўртасида ишончли ҳамкорликни ўрнатиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тартиби, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг бузилишига олиб келаётган ортиқча текширувлар ва уларнинг устидан мустақил жамоатчилик назорати тизимини жорий қилиш ва бошқа масалалар юзасидан бир қатор муаммолар мавжудлиги таъкидланиб, Фармон мана шу масалаларни ҳал этишга қаратилганлиги айтиб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари Фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга жавоблар олишди.

Йиғилишда вилоят ДСИ бўлим бошлиғи Абдужаббор Турдимуродов, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Ҳуршид Усмонов, туман ДСИ ходимлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар иштирок этишди.

Диёрбек ЙЎЛДОШЕВ.