Ишласанг ишла, эпласанг эпла, қўлингдан келмаса ерни топшир, бўлмаса тортиб олиб, чет элликларга берамиз.

Охирги вақтларда ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлари, қарор ва муддаоларида, назаримда, юқоридаги гапга ишора бор. Эсингизда бўлса, шу йилнинг 27 ноябрь куни “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган эди. Унда суғориладиган ерларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш “ерга нисбатан хиёнат” деб баҳоланиб, ер ижара шартномаси бекор қилинишигача чоралар кўрилиши белгилаб қўйилди.

Шундан кейин Тошкент вилоятидаги айрим фермерлар маҳаллий ва чет эл ОАВларга оҳ-воҳлар билан чиқишни бошлади. ОАВ ўнлаб фермерлар ерни топшириш ҳақида ариза ёзганини маълум қилди. Бу ҳолат бутун мамлакатда кузатилаётган, гектарига 40 центнердан ҳосил ололмаслигига кўзи етган фермерлар тинчгина фермерликни топшириб, ўзига бошқа тирикчилик топиш пайига тушиб қолган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Лекин яна бир нарсани эътибордан чиқармаслик керак, менимча. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида ғалладан гектарига 75-80 центнердан ҳосил олинади. Ўзбекистонда бу ҳақда яхшигина билишади ва ўша натижага эришиш учун ҳаракатлар бошланди. Гектаридан 80 центнер ҳосил олиш имкони бўлса, нима учун “судралиб, ҳеч нарсани ёлчитмаётган фермерлар”га ҳар йили имкон беравериш керак?

Шунда яна бир “лекин” пайдо бўлади: фермерлардан ер олиб қўйилаверса, далада ким ишлайди? Шу пайтда масаланинг осон, фойдали ва даромадли ечими пайдо бўлди: агросаноат кластерларини ташкил этамиз. Ким ташкил қилади, қайси пулга? Чет элликлар, чет эл инвестицияси, хориж кредитлари ҳисобига!

Кластер ўзи нима? Кластер, донишманд Википедиянинг (бутунжаҳон электрон энциклопедияси) айтишича, бир турдаги кўплаб элементлар бирлашмаси. Деҳқонча айтганда, етиштириш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш, қадоқлаш, сотиш ва ҳоказо корхона ва фирмалар уюшмаси.

Шундай қилиб, Сингапурнинг “Индорама” компаниясига 340 млн. доллар эвазига пахта, маккажўхори ва бошқа экинларни экиш каби ишларни амалга оширишга рухсат берилди. “Индорама”га Касби, Нишон, Сардоба ва Оқолтин туманларида 40 минг гектар суғориладиган ер ажратилмоқда. Яна 10 минг гектарлик суғориладиган майдонда ишлаётган фермерлар у билан тўғридан-тўғри шартнома тузиб, пахта етиштириб беради.

Саудия Арабистонининг Al Hidaya Global Company LTD компанияси эса 150 млн. доллар киритишни ваъда қилиб, Сирдарё вилоятидан 2,5 минг гектар суғориладиган ер сўраяпти.

Американинг Silverleafe Capital компаниясига Жиззах вилоятининг Арнасой, Мирзачўл, Дўстлик ва Пахтакор туманларида 350 млн. долларлик агрокластерлар ташкил этишга рухсат берилди.

Яқинда, аниқроғи, 1 декабрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг нав-батдаги қарорида эса Тошкент вилоятида 35,4 минг гектар майдонда Буюк Британия ва Россия инвесторларининг 225,8 млн долларлик лойиҳасини амалга ошириш белгиланди.

Хомчўт қилсак, 100 минг гектарга яқин суғориладиган майдонлар чет элликлар бошқарувига топширилмоқда. Бунинг эвазига эса миллиардлаб доллар инвестиция, кредитлар жалб қилинади. Табиийки, давлат ўз фуқароларини унутмайди, кластерларда минглаб, миллионлаб фуқаролар иш билан таъминланади. Балки ерсиз қолган фермерларга ҳам ўз ерларида аввалги замонлардаги каби бригадир, раис лавозимлари берилар.

Булар оптимистик хулоса ва тахминларим. Лекин амалда қандай бўларкан, зўравонлик, адолатсизликка йўл қўйилмасмикан? Ёлғон ва сохта маълумотлар билан яхши ишлаб келаётган фермерлар ери тортиб олиниб, кластерларга қурбон қилиб юборилмасмикан? Ана шу нуқтада ҳукумат ўта эҳтиёт бўлиши, маҳаллий амалдорларни тийиб туриши керак. Акс ҳолда норозилик, ўз жонига қасд қилишлар, чет элга кетаётган мигрантларнинг янги тўлқини вужудга келиши мумкин.

Санжар Рустамов, журналист.