Баъзида, эҳтимол жуда камдан-кам ҳолларда оддий бир инсон ҳам қўлига қалам олиб, шарҳи дил қилгиси, кўнглида йиғилиб қолган ўйларини ўртоқлашгиси келади. Ич-ичингдан ёзганларингни кимдир ўқишини истайсан. Кўпинча, айнан дилингни оғритган одамлар, сени таъсирлантирган, қалбингни жароҳатлаган одамларга қарата сўзлагинг келади. Негаки, сўзлашганда керакли фикрларни айтишга тараддудланиб, вазиятни мулоҳаза қилгунингча воқелик анча олдинга кетиб қолади… Хуллас, демоқчиманки, мақола ёзиб юриш одатим йўқ. Аммо, ҳозир…

Нима демоқчи бўлаётганимни дангал айтай – ажримлар, етим тақдирлар, қуриган ёстиқлар ҳақида сўзламоқчиман. Бу шарафсиз ишларнинг аксарияти кўз ўнгимда, кундалик ҳаётимда содир бўлаётгани учунми, гоҳида: “Нима қилаяпсан, эй одамзод?”, дея ҳайқиргим келади.

Дунёнинг ишлари ажаб-да – ўтган куни идорамизга истаралигина жувон ёнида кўркам бир йигит билан кириб келди. Қанийди, уларни кўрмасам, эшитмасам, умуман, бу масала уларнинг ўртасида бўлмаса… Масала – ажрим. Эр-хотин никоҳ бекор қилингани тўғрисидаги гувоҳномани олиб кетиш учун келган.

Биламан, ташқарида кимдир бор. Ўша кимса бу ажримнинг сабабчиси, ижодкори. Ташқарига чиқиб, ўша инсоннинг башарасига аччиқ-аччиқ гапларимни айтиб олсам, узиб-узиб гапирсам дейман. Аммо гуллардан андиша қиламан, ташқарига чиқиш учун хонамизнинг ўртасидаги йиғлаб-йиғлаб зериккан аёлдек бош эгиб турган гулларимдан ийманаман. Улар ташқарига чиқишимга йўл бермаётгандек туюлади. Балки, бу ўзимни ўзим тинчлантиришим учун топган бир баҳонамдир. Умуман, гап бунда эмас-ку ҳозир…

Хаёлларимни тартибга келтириб, яна хонамга қайтаман. Йигит ва жувон – улар ҳозирча, ҳозирча эр-хотин. Аслида шундайлигини тасдиқлайдиган ҳужжат менинг қўлимда йўқликка сингиб кетади ҳозир. Хизмат тақозоси билан бир оиланинг барбод бўлганини ўз қўлларим билан семиз хатжилдга рақам этишим керак.

Аммо ташқаридаги кимдир – у ҳадик ва хавотир билан деразадан мўралаётгандир, шу қисқа вақтда икки ёш яна тил топишиб олишидан чўчибми, қўрқибми, титроқда тургандир.

“Эй, сен – ташқаридаги одам, мана, ниятингга ҳам етдинг, улар энди бир оила эмас”, дейман ҳужжатларга имзо чекаркан титраб-қақшаб, асабийлашаётганимни сездирмаслик учун…

Қизиқ, айнан ҳозир, таассуротимни қоғозга тушириш асносида ўйланиб қолдим. Бояги аёлни ким деб ёзаман энди? Жувонми, бевами, эрсиз аёлми, боши очиқ аёлми…

Энди унга ҳамма сифат ярашади.

Энди унга ҳеч бир сифат ярашмайди.

У ўз тақдирига битилган энг қимматбаҳо бойлигидан мосиво бўлди. Аламлар тўлган кўзларида кулгичлар ўйнайди, изтироб ва туғён оғриқли кулгиларга айланди. Кулиб туриб йиғлаган инсонни кўрганмисиз? Мен кўп кўраман. Бу дунё паст кетганда, аёл зоти шундай қилади…

Ҳолбуки, унинг қалби айни шу дамларда титроққа тушиб: “Қайт, эй ҳожам, қалбим, ҳаётим, ўй-хаёлларим, тақдирим қўлларингда, мени, болангни хору зор ташлаб кетма, ёлвораман”, дея чўғдек ёниб турган бўлади. Бу лаҳзаларда унга яқинлашиб бўлмайди – нақ куясиз. Шунчаки, ачиниш оҳангида қарашдан тийилиш керак, кўзларни олиб қочган маъқул. Акс ҳолда кечирмайди, қалбининг туб-тубидан оғринади…

Одамлар, кўраяпсизми? Оҳангарон кўчалари бўйлаб аёл шаклидаги бир йиғи кетиб бораяпти. У ҳозиргина порлаб турган чўлпон кўзларидаги нурни йўқотди. У энди бу дунёнинг жирканч ва пана-пастқам кўчалари томон кетиб бораяпти. У хато йўлга тушиб қолганини, бу илонизи йўлларда минг, миллион йил кезса ҳам йўқотганини тополмаслигини тушунармикан?.. Мен буни биламан, сезаман, аммо буни ўзига айтишга журъатим етмайди.

Бу ҳақиқатни яна бир киши билади. Аслида, аввалбошдаёқ билган. У одам ташқарида турибди. Ҳозиргина расман бир-бирига бегона бўлган икки ёш инсоннинг бири ўша билан кетади. Ташқаридаги одам шуни кутиб турибди.

У хурсанд. Ҳозирча хурсанд….

Севара ДЕҲҚОНОВА,
Оҳангарон тумани ФҲДЁ бўлими мудираси.