Салом, Мадина! Ўқишларинг яхшими? Биламан, бир-биримиздан анча узоқдамиз, лекин бизни ижод аталмиш тилсим, меҳр-муҳаббат, дўстлик  ришталари боғлаб туради. Газетанинг ўтган сонида чоп этилган мақолангни ўқиб, ҳали талаба бўлсанг-да, ҳақиқий журналистнинг қиёфасини кўргандек бўлдим. Сенга ушбу мактубни вилоятимизнинг энг хушманзара жойларидан бўлган Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”дан туриб битмоқдаман. Пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган ушбу оромгоҳ бугун  респуб-ликамиздаги барча олий таълим муассасалари етакчиларию матбуот ва медиа гуруҳ вакилларини бирлаштирган. Мен ҳам Чирчиқ давлат педагогика институтидан вакил сифатида иштирок этмоқдаман.

Шу ўринда Президентимизнинг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига қарата айтган қуйидаги гаплари ёдимга тушади: “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак. У билимли, ташаббускор ва ташкилотчи, фидойи ёш раҳбарларнинг кадрлар захирасини яратиши керак”. Ҳақиқатдан ҳам келгусида   давлатимиз таянчи бўлган ёшлар орасида юрганимни ҳис қилдим. Хуллас, таассуротлар бир олам, ҳали кўришганимизда айтиб бераман…

Ўқув семинари якунланиб бўлгач, яна ўқишга қайтдим. Бошланғич таълим йўналишида таҳсил олаётган барча талабалар амалиёт ўташ учун Чирчиқ шаҳридаги мактабларга юборилган. Мен ҳам ўзимга бириктирилган 21-мактабдаги 3-В синфига кирдим. Ўзимнинг ҳам болалик чоғларим, мактаб партасида ўтириб, “устозимга ўхшаган устоз бўламан” деган пайтларим ёдимга тушди…

Дарс жараёнлари бошланган, орқа партада ўтириб, устозни ва 38 нафар ўқувчини кузатиб ўтирибман. Ўқувчилар партада тўғри ўтиришни, ёзиш-чизиш, ўқишни жуда яхши билишяпти. Шундай бўлса-да, ўқитувчи чиройли ёза олмаган ўқувчининг қўлидан тутиб, чиройли ёзишга ундамоқда. Худди шу ўринда, устозларим қўлимдан тутиб ёзишни ўргатган пайтлар кўз ўнгимда гавдалана бошлади. Бугун шуни англаб етмоқдаманки, улар қўлимга қалам эмас, омад, бахт, олийгоҳ эшикларининг калитларини тутқазган эканлар…

Яна бир қизиқ томони: дарс жараёнларида ўқувчилар жуда фаол, “иккичи” ўқувчилар йўқдек, назаримда. Уларни дарс тугагунча кузатдим. Ва ниҳоят, бу сирни аниқладим, ўқитувчи дарсдан сўнг, ўқувчиларни олиб қолар ва уйга вазифаларида ёрдамлашар экан. Машғулотлар тугагандан сўнг ўқувчилар яна қаергадир шошилишаяпти. “Қаерга?”, деб сўрасам, “Инглиз тилидан қўшимча машғулотимиз бор” дейишди. Ана аълочиларнинг сири. Биз эса дарс тугаши билан уйга шошилардик…

Қутлуғ даргоҳингда тўққиз йил ўқиб,
Гоҳида дарсларга кечга ҳам қолиб.
Берган сабоғингдан миннатдор бўлиб,
Биз сендан олислаб кетдик, мактабим.
Ўтади орадан йиллар изма-из,
Мактабим, ишончинг албат оқлаймиз.
Қайтамиз қучоғинг нурга тўлдириб,
Моҳир педагогу муаллим бўлиб…

Мадина, мактубимни шу жойда тугатаман. Эртага диншуносликдан оралиқ назорат иши топширамиз.  Жавоб хатингни кутаман…

Гулшода КАРИМОВА,
Чирчиқ давлат педагогика институти талабаси.