Давримизнинг Зебунисоси, Увайсийси ва Нодираси бўлмиш хассос шоира Ҳалима Худойбердиеванинг кутилмаганда дорилбақога рихлат қилиши юракларни ўртаб юборди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллар бошларида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида вилоят газетаси “Сирдарё ҳақиқати”ни кўздан кечираётиб, кўриниши ўзимизнинг оҳангаронлик жайдари қурама қизларини эслатувчи, жингалак сочли, бодомқовоқ қизнинг сурати билан босилган шеърларини ўқиб бўлгач, вилоят раҳбарига шундай топшириқ берди:

– Бу қизни топиб, Тошкентга ўқишга киришига ёрдам беринглар!

Ўша қиз кейинчалик машҳур шоира бўлиб танилган ва миллионлаб шеърият мухлисларининг юрагига кириб борган Ўзбекистон халқ шоираси, Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати Ҳалима Худойбердиева эди.

Ҳалиманинг болалиги, унинг айтишича, отаси Умматқулнинг ёнида қўй-қўзиларни боқиш билан ўтган. Онасини, у икки ёшлигида вафот этганлиги учун, эслай олмайди. Икки ёшида холаси Қаршигул Хонназар қизи уни ўз тарбиясига олади. Кейинчалик Ҳалима фариштадек бу аёлни онаизор деб атаб, шундай шеър битган эди:

Кўнгилларни овлаб умрим бўпти соб,
Сизнинг кетишингиз хаёлда ҳам йўқ.
Бошқаларга чопдим шаҳар, кентда мен,
Бир қайтариб ё бир кесатмадингиз,
Манам ғаниматман, манам кетаман,
Деб нечун бир бора эслатмадингиз
Онам, онам-а?!

Шуни айтиб ўтиш керакки, Ҳалима Худойбердиева мустақил Ўзбекистонда ташкил этилган хотин-қизлар қўмитасида биринчи раис эди. Шоира ўша пайтларда, шунингдек, нусхаси бир миллионта бўлган ва хотин-қизлар сабрсизлик билан кутадиган ҳамда севиб ўқийдиган “Саодат” журналининг бош муҳаррири бўлиб ҳам ишларди.

Мен журналист дўстим Аҳрор Аҳмедовнинг  тавсияси билан 2002 йил февраль ойида “Санам” журнали таҳририятида бўлган эдим. Мен ўшанда унинг ғоят камтарлиги, самимият билан жилмайиши ва одобига тан берганман. Ҳалима опа ва таҳририят ходимларини ўзим ишлаётган “Оҳангароншифер” акциядорлик жамиятига хотин-қизлар байрамига таклиф қилдим. Гапнинг рости – уларнинг келишига ишонмай турувдим. Буни қарангки, 2002 йил 6 март куни кеч соат 17:00да корхонага Ҳалима опа бошлиқ бир гуруҳ ижодкорлар кириб келса бўладими! Улар даврасида истеъдодли қўшиқчи Абдулла Қурбонов ҳам бор эди.

Байрамда Ҳалима Худойбердиева шундай сўз қотди:

– Ишчи аёллар билан учрашувни анчадан бери орзиқиб кутаётган эдим. Озод ака, сизга раҳмат! Қаранг, раҳбарларингиз Исмоил Исматов ҳам жуда ёш йигит экан. Жамоага, ишчи хотин-қизларга жуда яхши шароит яратибсизлар. Зеро, бизнинг аёлларимиз шунга муносибдирлар.

Ҳалима опа “Муқаддас аёл” шеърини ёқимли овоз билан ўқиганда, зал сув қуйгандек жимиб қолди:

Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди,
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл…

Абдулла Қурбонов шўх қўшиқни бошлаганда, аёллар хиром қилиб кетди ва улар шоира Ҳалима Худойбердиевани ҳам рақсга таклиф этишди. Ҳалима опа мана шундай учрашувларни соғинган эканми, жуда чиройли рақсга тушиб берди.

Ўн олти йил муқаддам бўлиб ўтган мазкур учрашувни ишчи-аёллар ҳали ҳам ширин хотирадай соғиниб эслашади.

Ўзининг ҳаммани ҳайратга солувчи, барчани ҳаяжон ва ўйга толдирувчи, гоҳида йиғлатувчи гўзал шеърлари билан қойил қолдирган Ҳалима Худойбердиева, афсуски, бугун орамизда йўқ. Ундан бир умр авлодларга улкан ва бебаҳо мерос бўлиб  қоладиган  оташнафас шеърлар, достонлар қолди.

У бир шеърида шундай ёзган эди:
Чирсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда,
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда,
Ҳалима ҳам ўтиб борар билмаслар.
Охиратингиз обод бўлсин, устоз!

Озод Хушназарзода.