Қорахитой катта қишлоқ, салобати тумандаги барча қишлоқларни босиб туради. Аҳолиси беш ярим минг киши бўлган минг уйли Қорахитой туман иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Аксарият қорахитойликлар бугун ўз ташвишлари билан яшамоқдалар. “Тошкент – Ўш” А-373 халқаро автомобиль йўлининг кенгайиши муносабати билан бугун бу ерда қизғин жараён кетмоқда. Қудратли техника, ҳашарчилар шовқини эрта тонгданоқ бошланади. Қурилиш материаллари, уйлардан чиққан тахта-ёғоч юкланган машина – тракторларни айтмай қўяқолайлик. Бузилган уйлар, дарахтлар орқасидан қишлоқнинг намунали лойиҳалар асосида қурилаётган арзон ва қулай уйлари кўзга ташланиб қолди. Улар баҳорги қўзиқорин мисоли тез бўй кўрсатмоқда.
“Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғини идораси бузилган ари инини эслатади. Маҳалла оқсоқоли Баҳодир Қанаев билан улкан ўзгаришларга юз тутган қишлоқ ҳақида суҳбатлашдик.

– Баҳодир, шу қишлоқ фарзандимиз, кўп йиллардан бери йўл кенгаярмиш деган гап оғиздан-оғизга ўтиб юрарди. У кутилмаганда ҳақиқатга айланди. Шундай эмасми?

– Бошланган улкан ишларни муҳокама қилиш нодонлик бўлади, қишлоқ бошига бахт қуши қўнди. Ота-боболаримиздан қолган лойшувоқ уйлар ўрнида кўпқаватли уйлар қурилмоқда. Савдо шахобчалари, кўнгилочар масканлар бунёд этилади. Одамлар қурилиш лойиҳаси, кўркам уйлар макетини кўриб қишлоқ келажагини ҳозирданоқ тасаввур қилишмоқда. Йил охирига бориб, қишлоқнинг йўлга туташ қисми обод шаҳарчага айланади.

– Иншаоллоҳ. Яхши ният – ярим мол. Унгача ҳали вақт бор. Бугун, бугунги муаммолар қандай ҳал этилмоқда?

– Хусусий уй-жой қуриш истагида бўлган 175 оилага сувли ердан олти сотихдан ер участкалари ажратилди ва чек асосида тарқатилди. Бу иш ҳамирдан қил суғургандек осон кечгани йўқ. Одамларни ҳам тушуниш керак. Қишлоқда яшагандан кейин мол-ҳол қилгиси, томорқага у-бу эккиси келади. Ҳар ким ўзича иморат тиклаган замонлар ўтиб кетди, хусусий уйлар тақдим этилган намунали лойиҳалар асосида қурилади.

– Бошпанасиз қолганлардан кимлар ижара уйларига, кимлар қариндош-уруғлариникига жойлашди, совуқ тушгунча бу масала ўз ечимини топиши зарур, шундай эмасми?

– Ижарага чиққан оилаларга икки миллион сўмдан ижара пули берилмоқда. Янги уйларнинг битимига қараб тўлов ҳажми ортади. Ҳеч ким кўчада қолмайди.

– Баҳодир, сизнинг назарингизда уйларни баҳолашда адолатсизликка йўл қўйилмаяптими?

– Бу ишни ҳалол одамлар, Тошкентдан келган мутахассислар амалга оширмоқда. Кадастр ҳужжатлари, турар-жойларнинг ҳолати асос қилиб олинмоқда. Уйнинг баҳосидан қониқмаган фуқаролар қайта мурожаат қилишмоқда.

– Оқсоқол сифатида янги қурилаётган уйларнинг сифати, иш суръати сизни қониқтирадими?

– Қорахитойнинг янги уйларини турли вилоятлардан келган қурувчилар бунёд этишмоқда. Кечагина бузилган уйларнинг ўрнида бугун пойдевор тикланаётган ёки ғишт терилаётган бўлади. Аҳолининг хоҳиш-истагига кўра, ҳар кимга ўз уйи ўрнида қурилган уйлардан янги турар-жойлар ажратилади. Бу иш махсус комиссия томонидан амалга оширилади.

– Уй ҳаммага етадими?

– Талаб жуда катта. Шуни ҳисобга олиб қишлоқнинг стадионга яқин қисмидаги тутзорга қўшимча бир қаватли уйлар қурилиши режалаштирилмоқда. Шунда Қорахитойнинг бошидан охиригача, яқин тўрт километр масофада уйлар, дўконлар маржони тизилади.

– “Обод қишлоқ” дастури асосан  Қорахитойда икки қаватли тиббиёт муассасаси бунёд этилмоқда. Яна нимани қўшимча қилишингиз мумкин?

– Икки минг ўринли масжид биносини барча смета лойиҳа ҳужжатлари тайёр. Қишлоқ марказидан бир гектар ер майдони ажратилган. Масжид яқинида қишлоқ гузари қурилади. Қишлоқни кесиб ўтган темир йўлнинг икки чеккасида замонавий уйлар қурилиши ҳақида гаплар қулоққа чалинмоқда. Хуллас, ўзгаришлар катта…

Айни кунларда туманимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари авжига чиққан. Тошкент-Ўш халқаро автомагистраль йўлининг туманимиз ҳудудидан ўтувчи қисмида намунали уйларнинг қад ростлаётгани ва яқин кунларда қурилиш ишлари якунланиб, ушбу уй-жойлар ўз эгаларига топширилиши барчамизни бирдек қувонтиради. “Унгут” МФЙдан бошланиб, Нуробод қўрғонигача бўлган ҳудудда 400 дан ортиқ уйлар бузилиб, ҳудудда жами 305 та уй-жой қад ростлайди. Аммо бу биноларни қуриб, ўз эгаларига топшириш учун анчагина меҳнат талаб қилиняпти. Мазкур бунёдкорлик ишларига 12 та қурилиш ташкилоти жалб этилган.

Абдушукур НАВРЎЗОВ
суҳбатлашди.