Туманимизнинг ҳар битта гўшасида улуғ авлиёлар қўним топган муқаддас масканлар, табаррук қадамжолар бисёр. Буни заминимизнинг ҳар битта тоши, ҳар бир гиёҳи, қояси, сою жилғалари ёдимизга солиб туради. Улардан айримлари “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди рўйхатига киритилган.

Яқинда шу каби маданий мерос объектларини излаб топиб, рўйхатга олиш ва уларнинг тарихини ўрганиш мақсадида, туманимиз ҳамда Ангрен шаҳри тоғли ҳудудларига «Шош-Илоқ» илмий-этнографик экспедицияси аъзолари халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти муассасаси раҳбари Зарифа Эшмурзаева бошчилигида ўз сафарини бошлади.

Экспедициянинг дастлабки кунида шоҳ Бобурнинг “Бобурнома”сида таъриф берилган (Кандирлик добони) Кандирсой сари отландик. Кандирсой номи айрим манбаларда Конидур, яъни дурларга кон макон дейилган бўлса, баъзи тахминларда кандир сўзи ўсимлик номи билан боғлиқ экани айтилади. Экспедиция ишчи гуруҳида фонднинг вилоят муассасаси архитектори Муҳаммад Фозилов, Ўзбекистон Республикаси ФА Тарих институти илмий ходими Эмилия Вулферт, Оҳангарон тоғ кластерини ривожлантириш бўлими бошлиғи Илҳом Темиров, ўлкашунос Анатолик Копилов, катта илмий ходим, тарих фанлари номзоди Саида Илясова, “Халқ сўзи” газетаси мухбири Раҳматилла Шералиев, фонднинг вилоят муассасаси қошидаги бадиий дизайн студияси дизайнери Машкура Саломова ва ангренлик геолог Абдумалик Раззоқовдек ўз соҳасининг фидойилари бўлган инсонлар бир тану жон бўлиб, жонбозлик кўрсатишди.

Баланду паст адирлар бўйлаб юқорилар эканмиз, Кандирсойга кираверишда “Оқотабува” зиёратгоҳида тўхтаб ўтдик. Бу қадамжо атрофи маҳаллий аҳоли томонидан тошдевор билан қўрғонлаб қўйилган. Девор ташқарисида уч асрлик тут дарахти ўрик дарахти билан чирмашган ҳолда ўсгани кишини лол қолдиради. Унданда ажабланарлиси, Оқотабува қабри ёнидаги иккита тошнинг бирида 7 та, иккинчисида 4 та одамнинг бармоқ излари қолганлиги барчамизни таажжубга солди. Шундан сўнг, зиёратимизни Мусофир ота, Ғойиб ота, қадамжоларида давом эттирдик.

– Қадимда бу довон йўли карвон йўли вазифасини ўтаган бўлиб, бу ерда каттагина карвонсарой ҳам бўлган, – дейишди археолог олимларимиз.

Қўшработдаги Ширинбулоқнинг ширин таъмини татиб кўриш бахтига муяссар бўлдик. З. Эшмурзаева қадамжолар тарихи ҳақида сўзлар экан, ушбу шахсларнинг ҳар бири Аҳмад Яссавий издошлари эканлигини таъкидлади. Шунингдек, одамларни илмга, эзгуликка чорлаган бу табаррук зотлар тарки дунё қилишиб, шу гўшаларни ўзларига макон тутишганини билдирди.

Сафаримизнинг иккинчи куни гўзал табиати билан машҳур бўлган Лашкерак қишлоғи томон йўлга тушдик. Дастлаб Ангрен шаҳрининг жанубий қисмида жойлашган кўҳна “Кўҳисим” кони, яъни Нишбош қишлоғига етмасдан, йўлнинг чап тарафидаги маҳаллий халқ тилида Қўрғонтепа деб номланувчи ҳудудда тўхтадик. Айтишларича, бу коннинг номи араб, форс, хитой ёдномаларида, шунингдек, Беруний ва Наршаҳий асарларида Кўҳисим, яъни “Кумуш тоғ” дея қайд этилган экан. Бу ер қадимий Кўҳисим қалъасининг ўрни бўлиб, бир вақтлар шу ерда кумуш кони бўлган.

– Ушбу конда академик Ю.Ф.Буряков  катта археологик изланиш олиб бориб, коннинг чуқурлиги уч юз метрча бўлганини аниқлаган, – деди Абдумалик Раззоқов.

Қурама тоғидаги конлардан қазиб олинган маъданлар ошланган тери қопларга солиниб, солга юкланган ва Илоқдарёда (Оҳангарон дарёсида) оқизилиб, Абрлиғдаги (Облиқдаги) бирламчи қайта ишлаш корхонасига, сўнг у ердан Тункентдаги зарбхонага жўнатилган. Тункентда тилло ва кумуш тангалар зарб этилган.

Лашкерак кумуши Мовароуннаҳр бозорларида жуда катта аҳамиятга эга бўлган. Ён  атрофни бироз кузатиб, яна йўлда давом этдик. Йўлма-йўл Қурбаз авлиё, Сўгал арча, Бандикуш бобо (иккинчи номи Қўчқор ота), зиёратгоҳларида бўлдик. У ерда бизга Оҳангарон Ўрмон хўжалиги Лашкерак бўлими бошлиғи Абдужаббор Шораҳматов ҳамроҳлик қилди. Экспедиция жараёнида нафақат қадамжолар, балки қадимий осори атиқалар, ноёб антиквар буюмлар, ҳунармандчилик топилмаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Экспедициянинг учинчи кунини Сусамдаги Пайғамбар ота қабри зиёратидан бошладик. Асосан ҳашар йўли билан қурилган ушбу объект 2000 йилнинг 5 сентябрида очилган. Пайғамбар отанинг исмлари Жиржис бўлган. Жиржис пайғамбарнинг бўйлари 4 метру 60 см бўлган, дейишади. Бунга у кишининг қабрларини кўргач, яна бир бор амин бўлдик. Шу каби айрим маълумотларни қайд этиб, сафаримиз сўнгида Шовғозсой ва Ўрғозсой томон йўлга тушдик. Бу ерда Зарифа Эшмурзаевадан ушбу сафар давомида олган таассуротлари ҳақида қизиқдик.

– Мана уч кунлик “Шош-Илоқ” илмий-этнографик экспедициямиз ҳам ниҳоясига етмоқда. Шу муддат ичида Оҳангарон тумани, Ангрен шаҳри ҳудудидаги қадимий манзилгоҳларга бордик. Мавжуд бўлган барча маданий мерос объектлар рўйхатга олинди. Лашкарак ҳудудидаги тарихий жойлардан 5 та зиёратгоҳ, 3та археологик ёдгорликлар, Понғоз довонида бир қатор қадимий манзилгоҳлар ўрнига белги қўйдик. Шу билан бирга Лашкаракдаги меҳмон уйларини кўрдик, шароитлари билан танишдик, одамлари билан  суҳбатлашдик. Сафаримиз жудаям унумли бўлди. Мана, бугун ҳам Ўрғоздаги Қоратош рўпарасида жойлашган қадимий карвон йўлида турган қадимий манзилгоҳ ўрнини топдик, унинг контурини тасвирга туширдик. Шу билан бирга, 2 та ноёб археологик ёдгорлик борлигини аниқладик. Шовғоз қишлоғида ҳам бир нечта манзилгоҳларда X-XII асрда аждодларимиз яшаган тарихий жойлар топилди ва рўйхатга олинди. Бизнинг мақсадимиз шуки, Тошкент вилояти, хусусан, Оҳангарон тумани ҳудудидаги ҳар бир қишлоқ, ҳар бир сой йўналишидаги қадимий шаҳарлар, обидаларни, зиёратгоҳларни мукаммал ўрганамиз. Хуллас, батафсил маълумотларни жамлаб, китоб ҳолида чиқарамиз ва обеъктларнинг харитасини яратамиз. Ана шундагина қадамжоларнинг шаклланган аниқ рўйхатига эга бўламиз.

Шундай қилиб, “Шош-Илоқ” илмий-этнографик экспедициясининг ҳудудлари-миз бўйлаб уюштирган биринчи сафарлари якунига етди. “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг навбатдаги сафари сентябрь ойи мобайнида давом этади.

Алишер Азимов,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.