Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳайъатининг 2018 йил 18 июлдаги қарори билан Тошкент вилоятидаги 7 та бадиий-ҳаваскорлик жамоасига халқ ансамбли мақоми берилди.

Оҳангарон шаҳридаги “Қурама” бадиий-ҳаваскорлик фольклор жамоаси 4 йилдан бери фаолият юритади. Шу чоққача мазкур дастадан ўнлаб санъаткорлар, фольклор санъати вакиллари етишиб чиққан. Бироқ, улар маош олмай, ўз маблағлари ҳисобидан кун кўришган.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқ ижодиёти илмий-методик маркази  бош мутахассиси Ҳамид Рўзибоевнинг билдиришича,  эндиликда қарор асосида, халқ  ансамбли мақомини олган ҳар бир жамоага давлат бюджетидан молиялаштириладиган 3 та штат бирлиги ажратилади.

Мазкур мақомни қўлга киритган жамоалар Ангрен, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳри, шунингдек, Паркент, Қуйи Чирчиқ туманларида фаолият кўрсатади.

Маълумот ўрнида: айни вақтда республикамиз бўйлаб 432  та халқ ҳаваскорлик жамоаси ишлаб турибди.

Ўз мухбиримиз.