Мусиқа деганда, авваламбор, инсон ҳиссий кечинмалари, фикрлари, тасаввур доирасини мусиқий товушлар изчиллиги ёки мажмуи воситасида акс эттирувчи санъат турини тушунамиз. Ушбу санъат тури ўзида ритм ва оҳангга эгалик, бир сўз билан айтганда, оҳангдорлик, мусиқийликни акс эттиради. Биламизки, мусиқа тарихи қадим-қадимларга бориб тақалади. Ҳатто инсон яратилганда, унга куй орқали жон ато этилганлиги тўғрисида афсоналар мавжуд. Шундай экан, инсон қалби, унинг руҳияти мусиқа билан уйғунлашган, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Мусиқа табибдир

Археологик қазилма ва бошқа манбаларнинг далолат беришича, қадим замонлардан бери табиб-лар беморларни даволашда мусиқа, қўшиқ ва рақсдан кенг фойдаланишган.

Жаҳон алломалари Пифагор ва Арасту ҳам мусиқани бошқа даволаш воситаларига қараганда кучлироқ шифобахш таъсири ҳақида айтиб ўтишган. Буюк аждодимиз ал-Хоразмийдан иккита усул, яъни сўз ва дори-дармон билан даволашдан қай бири сизга маъқул деганларида, аллома «учинчиси» дея жавоб берган экан. – Менинг Ватанимда қадим замонлардан бери касалликларни даволашда сўз, дори-дармонлар ва мусиқадан фойдаланадилар, – деган эди аллома араб диёрида юрган вақтида.

Бу борада гап кетганда, улуғ олим Ибн Сино ҳақида тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Ибн Сино мусиқага оид бешта асар яратган бўлиб, афсуски, улардан биргина «Жавомеъ илм ал-мусиқий» («Мусиқа билимига оид тўплам») асари бизгача етиб келган. Олим бу асарида товушнинг сезги органларига таъсири, унинг ёқимли ва ёқимсизлиги, товушни эшитганда лаззатланиш ё нафратланиш ҳиссининг пайдо бўлиши ҳақида айтиб ўтган.

Бундан ташқари, ал-Киндий, Форобий, Алишер Навоий, Жомий, Кайковус, Маҳмуд ал-Шерозий, Муҳаммад ал-Амулий каби мутафаккирларимиз мусиқани нафақат ўзига хос шифобахш дори эканлигини, балки инсон хулқ-атворини яхши томонга ўзгартириши мумкинлигини таъкидлашган.

Масалан, созларни моҳи-рона чала олган Жомий ўз асарида мусиқанинг, айниқса, мақомнинг инсон руҳига кучли таъсири ҳақида ёзиб, Ушшоқ, Наво, Рост, Ироқ, Исфаҳон, Бозир, Қоний мақомлари инсонни мардликка чорласа, Бузрук, Роҳат, Ҳусайний, Дилхирож ва бошқалар инсон руҳи ва дилларни шодлантиришини айтиб ўтган.

Ҳатто ҳозирда хорижий мамлакатларда ҳам мусиқа билан даволашга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, Европада Бах, Бетховен, Моцарт каби бастакорларнинг мусиқий асарлари билан кишиларни даволовчи клиникалар фаолият кўрсатмоқда.

Мақом – мусиқа санъатининг гултожи

Шарқ халқлари мусиқа маданиятида мақомнинг кўплаб кўринишлари мавжуд бўлиб, улар турлича номланади – араб мақомлари, озарбайжон муғомлари, уйғур муқомлари, эрон дастгоҳлари, мағриб нубалари, турк ва ироқ мақамлари ва бошқалар.

Ўзбекистонда мақомот тизими «Шашмақом», «Хоразм мақомлари», «Фар-ғона-Тошкент мақомлари», мақом чолғу ва мақом ашула йўллари, бастакорлар томонидан яратилган мақом асарларини қамраб олиб, ҳар бири ўзига хос мавқеи ва ижрочилик услублари билан ажралиб туради. Шунингдек, мақомнинг маҳаллий туркумлари – Фарғона «Сурнай мақом йўллари», Хоразм «Дутор мақом туркуми», «Феруз» туркуми ва бошқалар мавжуд. XI-XIII асрлардан бошлаб, XVII асргача Яқин ва Ўрта Шарқда 12 мақом (дувоздахмақом) туркуми кенг тарқалиб, амалиётда қўлланиб келинди. XVIII асрда Бухорода янги туркум, яъни “Шашмақом” шаклланди. Кейинчалик эса “Хоразм мақомлари” туркуми ва Фарғона-Тошкент мақом йўллари вужудга келди.

XX асрда мақомчилик санъати янада ривожланиб, етук созандаю хонандалар ҳамда бастакорлар ижодидан кенг ўрин олди. Улар замонавий нота ёзувлари орқали тўпламлар сифатида нашр этила бошлади. 1923 йили Бухорода “Шашмақом” рус бастакори В.Успенский томонидан атоқли мақомдон устозлар Ота Жалол Носиров ва Ота Ғиёс Абдуғанилардан ёзиб олиниб, тарихда биринчи марта 1924 йилда “Олти мусиқали поэма (Шашмақом)” номи билан Москвада чоп этилади. Ўтган асрнинг 30-йилларида эса В.Успенский ва В.Беляевлар “Фарғона-Тошкент мақом йўллари”, Е.Романовская “Хоразм мақомларининг чолғу йўллари”ни нотага солиб, нашр этишган.

Темурийлар даврида мусиқа

Ўрта Осиё маданияти тўғрисида гап кетганда, Темурийлар даври ҳақида тўхталмасликнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Дарҳақиқат, соҳибқирон Амир Темур ва унинг ворисларининг деярли ҳаммаси санъат аҳлини ўзгача қадрлаб, унинг ривожи учун муносиб ҳисса қўшган. Айниқса, бу даврда ўзбек халқи мусиқаси қаторида ҳарбий-расмий мусиқа турлари, мумтоз мақом санъати, шу билан бирга, бошқа туркий, араб ва форсийзабон халқларнинг мусиқавий фольклори ривож топди.

Алишер Навоий ўзининг «Сабъаи-сайёр» асарида: “Темур даврига хос бўлган маънавий кўтаринкилик мусиқа санъатининг деярли барча жабҳалари учун кенг имконият туғдириб берди – созандалик ва хонандалик, мусиқа таълими, бастакорлик ижоди, мусиқа илми, буларнинг барчаси камол топди”, дея таъриф беради.

Шунингдек, Навоий ўзининг «Мажолисун нафоис» асарида мусиқа билан шуғулланган олим ва шоир Хўжа Абудал Вафоий Хоразмий, Паҳлавон Муҳаммад, Хўжа Абдулло каби санъаткорларнинг мусиқа тараққиётига қўшган ҳиссаларини эътироф этади, замонасининг энг машҳур созанда ва бастакорларидан бири Хўжа Юсуф Бурхонни эслаб ўтади. «Ҳолати Паҳлавон Муҳаммад» асарини буюк бастакор, ўн икки мақомнинг такомиллашишида катта ҳисса қўшган Муҳаммаднинг мусиқа ижодига бағишлаган.

Шоҳ Феруз мусиқашунос бўлган

Мусиқа ҳақида сўз борар экан, ўзбек адабиёти ва мусиқасида ўзига хос муносиб ўринга эга бўлган давлат арбоби Муҳаммад Раҳимхон Соний – Ферузни эсламасдан бўлмайди.

У ўз атрофига шоиру созандаларни тўплаб, ғазалхонлик, шеърхонлик, мусиқа кечаларини ташкил этган, фан-маданият ривожига катта аҳамият берган. Унинг ўзи ҳам шеър ёзган, ашула айтган ва мусиқа басталаган. Ушбу фикримизни унинг «Ғазалиёти Феруз», «Баёзи Феруз», «Девони Феруз» каби асарлари тасдиқлайди.

Феруз мусиқашунос сифатида шоир ва бас-такор Паҳлавон Ниёз Мирзобоши Комилни Хоразм шашмақомини танбурга мослаб нота ёзишга ундайди. Комил «Хоразм танбур нотаси» деб юритиладиган «Танбур чизиғи»ни яратди. Ундан кейин унинг ўғли Мирзо шоҳ Феруз талаби асосида Хоразм шашмақомини етти мақомда танбурга мослаб нота ёзди. Шоҳ Феруз ҳам бир қанча шеърларга мусиқа басталаган.

Мақомчиликда янги давр

Ҳозирги кунда юртимизда Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли, ҳудудларда мақом жамоалари, Ўзбекистон давлат консерваториясида мазкур йўналишда махсус кафедранинг фаолият кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Сўнгги пайтда ўзбек мақомчилигига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг 17 ноябрида Президентимиз томонидан имзоланган «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур қарорга биноан Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилди.

Танишинг, фестиваль ғолиблари:

Куни кеча Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида якунланган биринчи халқаро Мақом фестивали бу борадаги ишларнинг ёрқин ифодасидир.

6-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Халқаро мақом санъати анжуманида иштирокчилар қуйидаги номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритдилар:

Рағбатлантирувчи мукофотлар

«Энг яхши ёш мақом ижрочиси» номинацияси бўйича – Ҳасан Қаюмов (Ўзбекистон);

«Энг яхши мақом тарғиботчиси» номинацияси бўйича – Ўзбекистон 24 канали (Ўзбекистон);

«Энг яхши мақом созандаси» номинацияси бўйича –  «Shaxab» ансамбли яккахон мақом ижрочиси Fazal Al (Яман);

«Энг яхши мақом хонандаси» номинацияси бўйича – Ардахан университети халқ амалий санъати хонандаси Raxshan Tamay (Туркия);

«Энг яхши мақом устози» номинацияси бўйича – Ju Xan Pak (Корея).

Халқаро мақом санъати анжумани доирасида ўтказилган танлов натижаларига кўра,

Гран-ПРИ – Тожикистон Республикасининг «Мақом» академияси жамоаси;

1-ўрин – Ўзбекистоннинг «Сақил» ансамбль жамоаси;

1-ўрин – Азарбайжоннинг яккахон ижрочиси Нигар Шаббанова;

2-ўрин – Ҳиндистоннинг «Ustad Iqbal Axmedxan» ансамбль жамоаси;

2-ўрин – Эрон давлатининг «Nastar» гуруҳи яккахон ижроси;

3-ўрин – Тунис давлатининг «Garbi Tvins» жамоасига насиб этди.

Хонандалар ўртасида 3-ўрин

3-ўрин – Туркманистон Республикасининг  яккахон ижрочиси  Суханберди Ўрозбердиев;

3-ўрин – Япония давлатининг «Ji Es Pi Es» жамоаси яккахони Камузаку Машуу.

         Элёр ЎТБОСОВ  тайёрлади.