Юз фоиз хориж сармояси ҳисобига бунёд этилган Оҳангарон металл конструкциялар заводи фойдаланишга топширилди.

Маълумки, кенг мақсадда фойдаланиладиган металл конструкциялар, асосан қурилиш ва саноат объектлари учун металл қурилмаларга нафақат юртимизда, балки жаҳон бозорида ҳам кучли талаб бор.

Оҳангарон шаҳри саноат ҳудудидаги 12,9 гектар майдонда жойлашган корхонада 5.8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қурилиш ишлари бажарилди. Лойиҳа доирасида айни пайтга қадар қарийб 11 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ишлар бажарилган. Туркиядан келтирилган замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида корхона йилига 12 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Сармоядорларнинг таъкидлашича, маҳсулотнинг 40 фоизи экспорт қилинади.

–  2017 йилда Истанбулда ўзбек ва турк ишбилармонларининг форуми бўлган эди. Мазкур корхона ўша форумнинг амалий бир самарасидир, – дейди “Dal Teknik Makina” компанияси бош директори Чағатай Кўсе. – Аслида бизнинг компания Ўзбекистонда 2012 йилдан буён турли лойиҳаларда фаол қатнашиб келади. Жиззах, Сурхон-дарё вилоятларида катта лойиҳаларни амалга оширишда қатнашганмиз. Яқинда Сурхондарё вилоятида иш бошлаган янги цемент заводининг қурилиши ва техника таъминотида қатнашдик. Тошкент вилоятида бугун иш бошлаётган мазкур корхона эса бутун Марказий Осиёда ҳам нодир, камёб ишлаб чиқариш объекти саналади. Бу заводда махсус компьютерлаштирилган модел орқали ҳар қандай металл конструкцияларни ишлаб чиқариш мумкин. Кислород билан ишлайдиган қурилма 15 сантиметргача бўлган металлни кесиб, шакл бериб, буюртмачи истаган маҳсулотга айлантириб бера олади. Бошқача айтганда, бу – заводлар, цехлар қурадиган завод.

Таъкидлаш жоизки, корхона фаолиятида темирга ишлов беришда, оксидлардан тозалашда ундан ажралиб чиқадиган  зарарли кимёвий чиқиндиларни   камайтириш,  фильтрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда айни пайтда дунёдаги энг илғор усул ва воситалардан фойдаланилмоқда.

Корхона ишга тушиши ортидан 166 та янги иш ўрни яратилди. Ҳудуддаги “Бирлик” МФЙ раиси Муҳаммад Шукуровнинг айтишича, юзлаб ёшларнинг бандлиги таъминланиши, маҳалла аҳли учун катта қувонч бахш этади. Бинобарин, заводнинг очилиши катта тўй, қувончли тадбирга айланиб кетди. Тадбирга ташриф буюрган дунёга машҳур “Қурама” халқ ансамбли жамоасининг гўзал бадиий чиқишларига қурувчилар, меҳмонлар, маҳалла аҳли жўр бўлишди, яйраб рақсга тушишди.

Тадбир давомида вилоят, шаҳар ҳокимлиги томонидан қурилишда фаоллик кўрсатган усталарга, хорижлик ҳамкорларга эсдалик совғалари  улашилди.

Янги заводнинг қурилиш дизайни ўзига хос ноёб шакл-шамойилда бўлиб, шундай маҳобатли, йирик объект атиги 7 ойда қуриб битказилгани кишини ҳайратга солади.

Маросимда Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен, Тошкент вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Қобил Ҳамдамов, Оҳангарон шаҳар ҳокими Одилжон Жўраев, «Dal Teknik Makina» компаниясининг раҳбарияти, дипломатик корпус вакиллари ва бошқа меҳмонлар иштирок этишди.

С.БОБОЕВ.