Саломатлик  инсон ҳаётининг мустаҳкам пойдевори,  асоси ҳисобланади.  Ҳар бир инсон саломатликни сақлаш  борасидаги    зарур  билим,   кўникмаларга эга бўлишга,  бу борада доимий ҳаракатда бўлишга   ҳаётий зарурият сифатида қараши  лозим.

Шундай  касалликлар мавжудки, улар  нафақат инсон саломатлигига, шунингдек,   унинг ҳаётига  таҳдид  солиши мумкин.  Бундай  касалликлардан бири  ОИВ инфекциясидир. Бу  инфекция инсон умрининг охиригача давом этадиган  сурункали юқумли касаллик ҳисобланади.

Ҳозирда  ОИВ  инфекцияси  тарқалмаган бирор минтақа,  ҳудуд қолмади. Бу инфекциянинг тарқалишига замин яратувчи бир неча омиллар мавжуд. У соғлом одамларга қон орқали, ҳимояланмаган жинсий алоқалар  орқали ҳамда ОИВ инфекцияси  билан зарарланган онадан болага юқиши мумкин.

Касалликнинг юқиш хавфини ошишига олиб келувчи яна бир  омил бу инфекциянинг   узоқ йиллар  давомида  яширин кечишидир.   ОИВ инфекцияси  билан зарарланган одам 5-10 йиллар   давомида ўзини соғлом ҳис қилиши, ҳатто  ўзининг бу инфекция билан зарарланганлигини билмаслиги ва касалликни  билиб-билмай   бошқаларга юқтириши   мумкин.

ОИВ   инфекциясини тарқалишига замин яратувчи сабаблардан яна бири касаллик қўзғатувчи вирусларни бутунлай бартараф этадиган  дори воситаларнинг  мавжуд эмаслигидир. ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга  бериладиган  дори воситалари  вирусларнинг кўпайишига тўғридан-тўғри таъсир этиб, ОИВ инфекциясининг кенгайишига тўсқинлик қилади, бироқ уларни бутунлай ўлдира олмайди.

Унутманг! ОИВ инфекцияси, унинг юқиш ва олдини олиш  йўллари  борасида зарур  маълумотларга эга бўлиш ҳамда унинг олдини олиш чораларига  умрбод риоя этиб яшаш  ОИВ инфекциясидан сақланишнинг ягона йўлидир.

 Аҳмаджон АЙИТБОЕВ,
Тошкент вилояти  ОИТСга қарши
курашиш маркази санитария врачи.