Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили 18 август куни “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига келиб, унинг ишлаб чиқариш қуввати ва молиявий-иқтисодий ҳолатини тубдан яхшилаш чора-тадбирларини белгилаб берган эди.

2018 йил 29 август куни комбинатдаги кўплаб инвес-тиция лойиҳаларидан бири – ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехини ишга тушириш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳа қиймати 60 миллион доллар бўлган, Жанубий Кореянинг “Posco Daewoo” компанияси иштирокида қурилган, 25 минг тонна ферросилиций ва ферросиликомарганец қотишмалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий, энергия тежовчи ва илғор технологиялар билан жиҳозланган янги ферроқотишмалар цехини тантанали равишда ишга туширди.

Ушбу янги цехга ўқув юртларини битираётган ва замонавий технологияларни чуқур ўзлаштирган 330 нафар йигит-қиз ишга қабул қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти жамоаси билан учрашиб, уларни Мустақиллик байрами билан табриклади.

Жорий йилнинг 9 ойида комбинатда металл-прокат ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробарга, фойда эса қарийб 3 баробарга ортиши кутилмоқда. 2017 йилнинг худди шу даврида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 1 фоизга ҳам ўсмаган эди.

Комбинатни 2018-2020 йилларда замонавий инновацион технологиялар асосида жадал ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурга мувофиқ, яқин 3 йил ичида металлпрокат ишлаб чиқариш 2,3 баробар, пўлат шарлар ишлаб чиқариш 1,5 баробар, экспорт 1,9 баробарга ўсиши кўзда тутилмоқда.

Президентимиз қуйиш-прокатлаш мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга оширишни бошлаш учун тамал тоши қўйди.

Мазкур лойиҳа доирасида комбинатнинг ўз маблағлари ҳисобидан 91 миллион доллар, Россиянинг “Газпромбанк” ва Швецариянинг “Кредит Свисс” банклари кредитлари ҳисобидан 361 миллион доллар, жами 452 миллион доллар маблағ ўзлаштирилади.

Маълумки, Президентимиз 2017 йил 18 август куни Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ўртасида ривожланиш бўйича мусобақа ўтказиш, унда аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ушбу ҳудудларни ривожлантириш бўйича ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурган эди.

Орадан бир йил ўтиб, Бекободда салмоқли ишлар амалга оширилди. 90 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарда етти қаватли бешта уй қуриб битказилмоқда. Яна бешта шундай турар-жой қурилиши бошланиш арафасида.

Давлатимиз раҳбари таклифи билан «Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви» деб номланган мазкур янги массивда одамларнинг барча қулайликлардан баҳраманд бўлиб яшаши учун зарур шароитлар яратилиши кўзда тутилган.

Шу ерда Оҳангарон шаҳридаги Амир Темур кўчасини реконструкция қилиш, Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ ва Оҳангарон туманлари ҳудудидан ўтувчи ҳамда Тошкент-Бекобод ва Тошкент-Сирдарё автомобиль йўллари бўйлаб намунавий уйларни қуриш, вилоятда ичимлик суви тизимини ривожлантириш лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди.

Ташриф давомида Президентимиз Бекобод туманидаги “Юсупов Ғофуржон файз” фермер хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан  ҳам танишиб, фермер хўжалиги дала шийпонида вилоят фермерлари билан мулоқот ўтказди.