Барчамизга маълумки, ҳар йили республикамиз мустақилликка эришган қутлуғ сана олдидан янги барпо этилган ижтимоий соҳа объектлари, бино-иншоотлар, корхоналар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бошқа турдаги бунёдкорлик ишлари намуналарининг очилиши ҳамда фойдаланишга топширилиши анъана тусига айланган.

Жорий йилда ҳам энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллигимизнинг 27 йиллиги муносабати билан туманимизда бир қатор янги ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, давлат дастурига асосан “Янгабод” МФЙдаги 45-мактабга қўшимча равишда 240 ўринли ўқув биноси ҳамда спорт зали фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 2 миллиард 115 миллион сўмлик мазкур қурилиш ишлари “Оҳангарон Шоҳруҳ Файз” МЧЖ томонидан олиб борилди.

– Келажагимиз ворислари – ёшлар учун замонавий, қулай, кўркам, замон талабларига жавоб берадиган мактабнинг фойдаланишга топширилиши қишлоқ аҳлига бир олам қувонч бағишлади.  Сарижайлоқ, Обиз, Янгичинор қишлоқларидаги болалар энди яқин ҳудуддаги мактабга қатнайди, – дейди мактаб директори Мўтабар Ёрматова.

Худди шунингдек, яна бир билим даргоҳи – “Кўксарой” МФЙдаги янги қурилган  23-умумтаълим мактаби ҳам болажонлар ихтиёрига берилди. 120 ўринга мўлжалланган ўқув биносининг қурилиши “Кушон Дизайн қурилиш” МЧЖ томонидан амалга оширилди. Таълим муассасаларининг тантанали очилиш маросимларида туман ҳокими, прокурор, хотин-қизлар қўмитаси раиси, депутатлар, маҳалла фаоллари ҳамда мактаб ўқитувчилари иштирок этишди. Мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни ўрганилди.   Очилиш маросимида сўз олганлар ушбу бино мустақиллик шодиёналари арафасида қад ростлагани байрамга муносиб туҳфа бўлганини, эндиликда таълим тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг фаолияти янада юксалиши, таълим сифати юқори бўлишини алоҳида таъкидладилар.

Тадбир сўнгида ушбу бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган қурувчиларга миннатдорлик билдирилиб, уларга совға-саломлар топширилди.

Гулшода КАРИМОВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.