Олмалиқ, Ангрен, Оҳангарон шаҳри ва Бўка, Пискент, Оҳангарон туманида бир қатор маҳалла идоралари, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларини мувофиқлаштириш туман, шаҳар бўлинмалари янги бинога эга бўлди.

Муқаддам эски, кўрксиз биноларда фаолият олиб бораётган маҳалла раислари ана энди шинам ва ораста хоналарга, барча қулайликларга эга иш хонага эга бўлишди. Бу уларнинг келгуси фаолиятида катта самара келтириши шубҳасиз.

Олмалиқ шаҳри марказидаги “Бобур” МФЙ да 2271 та оила бор. Жами аҳоли 7358 нафар. Маҳалла раиси Равшан ака Эргашевнинг таъкидлашича, авваллари улар қўшни маҳалла ҳудудида, ишлаш учун ноқулай бир муҳитда аҳоли билан мулоқот қилишган. Янги бино эса шаҳардаги энг катта маҳалла аҳли учун айни муддао бўлди.

“Маҳалла фуқаролар йиғини янги бинога эга бўлармиш”, “Бу бинода телефон, факс, интернет бекаму кўст ишларкан”, деган хабар шаҳарга овоза бўлганми, бинонинг очилиш маросимига тумонат одам йиғилди. Яшириб нима қилдик – ҳали-ҳануз жуда кўп маҳаллаларда юқорида санаганимиз оддий зарурий восита ва анжомлар мавжуд эмас. Бечора раис ва котиб, мутахассис бир варақ матнни принтердан чиқариш учун етти маҳаллани изғийдиган жойларимиз ҳам йўқ эмас…

Алалхусус, бешта ҳудудда, муборак Қурбон ҳайити шукуҳи қалбларни мунаввар этиб турган паллада шинам ва ораста биноларнинг очилиш маросимлари ўтказилди. Унда вилоят “Маҳалла” жамғармаси масъуллари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари, аҳоли иштирок этди.

Оҳангарон шаҳридаги янги бино (Оҳангарон тумани ва шаҳри бўлинмалари биноси) нинг очилиш маросимидан сўнг, вилоят “Маҳалла” жамғармаси раисининг ўринбосари Нуриддин Мирзақулов бошчилигида самимий суҳбат, ўзаро фикр аламашув тарзида гурунг бўлди. Кимдир ҳазилнамо тарзда, неча йилдирки тузук-қуруқ бинога эга бўлмаган, нуқул бошқа ташкилотларга сиғинди бўлиб юрган ташкилот бир йил нари-берисида, Президент эътиборидан кейин янги бинога эга бўлганидан севиниб, жонлиқ сўйиб, элга табаррук қилишни таклиф этди. Енгил кулги кўтарилди.

“Маҳалла” жамғармасининг  Оҳангарон тумани бўлими бошлиғи, тизимда ишлаб суяги қотган тажрибали мутахассис Маҳмуд Холтўраев салмоқлаб сўз айтди. Даврага киришга интилганлар азбаройи кўп бўлганиданми, ичкарига киролмай, эшик тирқишидан бўлаётган гап-сўзларни ёзиб олаётган эдим. Маҳмуд раиснинг сўзларини тўла тинглолмадим. Узуқ-юлуқ жумлалардан эшитганим – “Кузда ғалвир сувдан…”, “Деҳқонларимиз ҳосилни йиғиб олсин…”

Кейин, ҳамма шод-хуррам гурунг билан тарқади.

Қизиқ, Маҳмуд Холтўраев маҳалла фаоллари ва раисларга нима деди экан..?

С.Бобоев.