Ўзбек халқининг мусиқа маданияти жуда узоқ тарихга эга. Асрлар давомида халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлиб келган мақом санъати нафақат юртимиз ва шарқ давлатларида, балки дунё миқёсида ҳам шуҳрат қозонган. Айниқса, мақом санъатининг гултожи бўлган “Шашмақом” ЮНEСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилади.

Ўзбек мумтоз мусиқасида мақом жанри етакчи ўринни эгаллаб келган. Мақомлар жуда қадим замонларда Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари мусиқа маданиятида мавжуд бўлган, етук созанда ва хонандалар, бастакорлар томонидан яратилган ва IX-X асрларда ривожланиб, янги воситалар билан бойиди. “Мақом” сўзи арабча макон сўздан олинган бўлиб, “ўрин”, “жой”, “босқич”, “даража” каби маъноларни англатади. “Шашмақом”ни ўзбек халқининг мусиқий энцик-лопедияси, деб атайдилар. Ҳақиқатан шундай. Аммо мақом санъати билан чуқурроқ таниш инсонга бу таъриф аслида жуда жўн туюлади. Чунки “Шашмақом” фақат куй ва оҳанглар мажмуи эмас. Унда бутун миллатнинг руҳи яшайди, қўйингки, тарихи, маънавий дунёси, ҳаётий фалсафаси акс этган. Шу боис ҳам неча асрдирки, бебаҳо маданий мерос сифатида ардоқлаб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3391 сонли қарорига биноан, ўзбек халқи маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъатининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизларини ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ва тарғиб қилиш, мақом санъатини кўп асрлик ижро йўлларини пухта ўзлаштириб, уларни янгича усуллар билан бойитиб, ёш авлод вакилларига ўргатиш мақсадларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Унга кўра, Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш режалаштирилган. Бу йилги анжуман 2018 йилнинг 6-10 сентябрь кунлари ўтказилади. Ушбу фестиваль ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга, боқий анъаналаримиз, неча минг йиллик урф-одатларимизни  аждодлардан авлодларга етказишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Гулшода КАРИМОВА.