Мана бир неча кундирки, юртимиз гўшалари бўйлаб истиқлол шаббодаси кезмоқда. Республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида энг улуғ ва энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишланган байрам тантаналари кўтаринки руҳда давом этмоқда. Ушбу улкан шодиёна туманимизда ҳам умумхалқ байрами сифатида кутиб олинди.

28 август. “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудидаги марказий ўйингоҳ. Карнай-сурнай садолари тантанага иштирокчилар, фаоллар ҳамда туманимиз меҳмонларини чорлади.

Тадбирни Оҳангарон тумани ҳокими Ўктам Турсунов ўзининг байрам табриги билан очиб берди. У ўз нутқида юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишлари, туманимиз аҳолисининг мамлакат равнақи йўлида қўшган ҳиссаси тўғрисида гапириб, барчани Ватанга садоқатли бўлишга ундади. Шунингдек, туман раҳбари туманимиз шарафини республика ва халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилган бир неча спортчи ва билимдон ёшларимизнинг ютуқлари тўғрисида ҳам тўхталиб, уларга алоҳида миннатдорчилигини изҳор қилди. Айниқса, туман ҳокимининг янги ўқув йили олдидан ўқитувчи ва мураббийларимизга қарата айтган дилдаги гаплари барча йиғилганлар қалбида чуқур ҳаяжон уйғотди.

Шу зайлда байрам тантаналари Ватанни мадҳ этувчи куй, қўшиқ ва рақслар билан давом этди. Ўзбекистон халқ артисти, куни кеча Юртбошимиз томонидан “Фидокорона меҳнатлари учун” ордени билан тақдирланган севимли санъаткор Шерали Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист,  воҳамиз булбули Тошпўлат Маткаримовнинг ташрифи  ва улар томонидан ижро этилган дилбар қўшиқлар байрамга келган тумандошларимизни ҳушнуд айлади.

Туманимиз ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм хизматчиларининг чиқишлари томошабинларни янада тўлқинлантириб юборди, десак муболаға бўлмайди. Аскарларнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини кўрсатиб берувчи турли кўргазмали ҳатти-ҳаракатлари давлатимиз осойишталиги ва чегараларимиз дахлсизлиги ишончли қўлларда эканлиги туйғусини яна бир бор қалбимизда ҳис этишга ундади.

Байрам шодиёналари туман маданият бўлими, 31-сонли БМСМ ходимлари ва тарбияланувчилари ҳамда фольклор-этнографик дасталари томонидан тақдим этилган куй-қўшиқлар билан давом этиб, айёмга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Мустақиллик шодиёналари бу билан ҳали тугагани йўқ. Туманимизнинг барча ташкилот, муассаса ва корхоналарида, маҳаллаларида муқаддас айёмга бағишланган байрам тадбирлари давом этмоқда.

Барчамизга айём муборак бўлсин, азизлар!


Бутун мамлакатимизни қамраб олган шодиёна шукуҳи шаҳримизнинг ҳар бир кўча, даҳа, маҳалласида ҳам акс садо бермоқда. Асосий байрам тантаналари мустақиллик иншооти “Оҳангарон” маданият ва истироҳат боғида ўтказилаяпти. Шаҳар аҳолиси умумхалқ байрами, энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигини жамулжамликда нишонлаш учун ошиқишмоқда. Юртдошларимизнинг қувончли дамларини газета саҳифаларига битиш, тарих зарварақларига  муҳрлаш учун ижодий гуруҳимиз билан истироҳат боғи сари ошиқдик.

Байроқ кўтарган болакай

Байрамона безатилган кўркам боғ, яқинда фойдаланишга топширилган амфитеатр мажмуаси шу азиз обод ва озод юрт одамлари билан гавжум.

Сураткашимиз айём қувончидан сармаст чеҳраларни кадрга жойлаяпти. Байроқча кўтарган болакайни суҳбатга тортаман. Иброҳимжон бу йил 1-синфга қабул қилинибди. – Президент бобом менга ўқув қуроллари совға қилар экан, аям айтди.  Биз Мустақил Ватанимизни, Президентимизни яхши кўрамиз. Катта бўлсам, спортчи бўламан. Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан, – бийрон тил билан сўзлайди болажон.

Боғ тўрида қўр тўкиб, даврага файз бағишлаб турган нуроний отахону онахонлар,уларга эҳтиром кўрсатиб, хизматга бел боғлаган ёшлар,  фарзандлари бағрида бахтдан масрур ота-оналар, барча-барча ёшу қарининг юз-кўзида байрам қувончи, шодумонлик акс этади… Барча оёққа қалқийди. Улуғ, фарахбахш садолар остида давлат мадҳияси янграйди. Кўзлардаги қувонч, бахт ёлқинлари фахр-ифтихор, ғурур ҳисларига қоришиб кетади…

“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтаётган  байрам  тантанасини очиб бериш учун даврага Оҳангарон шаҳар ҳокими Одилжон Жўраев кўтарилди. Шаҳар ҳокими йиғилганларни истиқлол айёми билан самимий қутлади. Мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар сарҳисобига тўхталиб ўтди.

“Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” тамойили асосида кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, дастур асосида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш ҳамда бошқа соҳалар бўйича тараққиётимизнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинди ва бу борада амалий ишлар йўлга қўйилди.

Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади

Оҳангарон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, замонавий технологиялар асосида фаолият юритувчи бир неча корхоналар ишга туширилди. Бу орқали  юзлаб янги иш ўринларининг яратилиши истиқлол яратган беқиёс  имкониятлардир.

2018 йилнинг 1-ярмида умумий қиймати 12,640. млрд сўмлик бюджет маблағи ҳамда 221 млрд. сўм миқдоридаги  инвестицион сармоя эвазига   3 та корхона ишга туширилди. Ушбу ишлаб чиқариш лойиҳалари  асосида 157 та янги иш ўринлари яратилди.

Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Trend Tex” МЧЖда 130 дан зиёд маҳаллий аҳоли янги иш ўринлари билан таъминланди. 7,2 млрд. сўмлик сармоя ҳисобига қад кўтарган “Лочин Асбоб Ускуна” МЧЖда электр бурғулаш ва силлиқлаш ускуналари ишлаб чиқарилмоқда. Шу ойда ишга туширилган корхонада 26 та янги иш ўрни яратилди. Қисқа вақт ичида  2,9 млрд. сўмлик 15 минг дона электр бурғулаш ускуналари ишлаб чиқарилди.

Йил сўнгигача яна 10 та инвестицион лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.  Умумий қиймати 379,6 млрд. сўмлик сармоя киритилиши эвазига фаолият бошлаётган корхоналарда   802 та янги иш ўринлари ташкил этишга эришилади.

Одилжон Жўраев  амалиётга жорий этилаётган ушбу истиқболли лойиҳалар шубҳасиз мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади. Ижтимоий соҳалар, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, маиший хизмат, йўл қурилиши соҳаларидаги ижобий янгиланишларга эришилганлигини эътироф этди. Кўп миллатли 33 млн. Ўзбекистон аҳолиси сафида “Ватан ичра Ватан” бўлган шу мўъжаз шаҳар ободлиги йўлида меҳнат қилаётган  оҳангаронликларга,  эл-юрт равнақи, Ватан тараққиёти йўлида янгидан янги марралар сари интилаётган танти ва олижаноб халқимизга омадлар тилади.

Тадбирнинг бадиий-мусиқий қисмидан шаҳар маданият бўлимининг яккахон хонандалари, “Қурама”, “Орзу”, “Қалдирғоч, “Шодиёна” “Ёшлик”, “Ўзбекистон” фольклор-этнографик, рақс  жамоаларининг байрам дастури ўрин олди. Халқимизнинг бебаҳо маънавий мероси, мумтоз қалбининг туғёни бўлган, юртга садоқат, меҳр-муҳаббат, дўстлик каби эзгу ғояларга йўғрилган куй-қўшиқлар, дилбар рақслар ижро этилди.

Айниқса,  “Орзу”, “Қалдирғоч, “Шодиёна” болалар гуруҳлари ижросидаги “Мустақиллик” композицияси  баркамол авлоднинг мустақил юртга муносиб ворис эканлигини намоён этиб, кўнгилларга Ватан меҳри, Истиқлол шукуҳини янада чуқурроқ жойлади.

Байрам тадбирида эл  севган  санъаткорлар,  Ўзбекистонда  хизмат  кўрсатган  хонандалар Тошпўлат  Маткаримов, Абдуллажон  Раҳимжоновнинг мусиқали  чиқишлари айём шукуҳини ошириб,  ёшу  қарини бирдек  рақсга  чорлади. Бадиий жамоалар жўрлигида куйланган “Ватан” қўшиғи Истиқлол, ватанпарварлик симфонияси бўлиб янгради. Шу азиз Ватан барчамизники эканлиги, унинг тинчлигини кўз-қорачиғидек асраш, иқболи учун қайғуриш шу озод ва обод юрт фарзандлари учун бурч ва масъулият эканлигини барча дилдан ҳис этди. Азиз ва ардоқли Ватанга меҳр-муҳаббат, унинг  иқболи, нурафшон толеидан фахр-ифтихор  ҳисси дилларда жўш урди.

Асрий орзуинг ушалган кун муборак бўлсин, Она халқим!

Райҳон САЛАЕВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.