Ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охирлари.  Оҳангарон деҳқон бозори. Одамлар турнақатор гўшт дўконида ҳали келмаган гўшт учун навбатда туришибди. Фақат битта дўконда гўшт сотилади, шекилли,  одамлар гўшт етмай қолишидан ташвишланиб, асабийлашмоқда. Яна бир дўконда колбаса олиш учун ур-сур авжида. Хўжалик моллари дўконида ҳатто Олмалиқ гилам фабрикасида тайёрланган оддийгина палосни ҳам кимга бериш ҳақида баҳс кетмоқда. Бири мен оламан деса, бири эса мен қиз чиқараяпман, менга берилиши керак, деб ҳисоблайди.

Ҳозир юқоридаги гапларни ўқиган ёшларимиз таажжубга тушиши аниқ. Бу гапларга ишонишмайди ҳам. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, бундан ўттиз йил муқаддам бугун дўконларимизда бисёр бўлган моллар ўта танқис эди. Нега шундай бўлган, ҳеч ким билмайди. Менинг бугунги суҳбатдошим ўша қийин йилларда Оҳангарон ра-йон ижроия қўмитасига раис бўлган Юнусали Мамаюсупович Қўлдошев бўлиб, ўтган воқеаларни кулиб-кулиб хотирлайди. У бир куни менга ижроқўмдаги кабинетида шундай деганди:

– Озод ака, кўрасиз, шундай даврлар келадики, дўконларимизда одамлар орзу қилган нарсаларнинг ҳаммаси тўкин бўлади. Мен бунга ишонаман!

Юнусали айтган гаплар фақат давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнггина амалга ошиб, дўконларимизда озиқ-овқат ва хўжалик моллари тўлиб-тошди.

Ўша пайтдаги райижроқўм бугунги кунда ҳар бир  дўконда тўлиб-тошиб ётган моллар тақсимоти билан шуғулланар, негаки, у пайтларда бундай моллар танқис ҳисобланарди. Барибир ҳаммага етказиб, ҳаммани хурсанд қилиб бўлмас ва тўқсонинчи йиллар бошига келиб эса дўконлар шип-шийдон бўлиб қолди.

Суҳбатдошим ўттиз икки ёшида муқобил асосда райижроқўм раислигига сайланди. Жуда ёш бўлган эканку, дейишингиз мумкин. Ҳа, шундай бўлди! Ўша пайтда кадрлар билан шуғулланувчи Тошкент вилояти партия қўмитасининг иккинчи котиби Попов ва вилоят  ижроия қўмитаси раиси Абдураҳмонов райижроқўм раислигига икки номзод билан узоқ суҳбатлашадилар. Биринчи номзод анча тайёрланган шекилли, ўз дастурини дурустгина баён қилиб берди. Юнусалига навбат келганда, у дабдурустдан мен бу лавозимга ҳали тайёр эмасман, деб жавоб берса бўладими? Катталар аввалига бундай жавобдан ҳайратланишди. Юнусалининг юрагидаги гапни очиқ-ойдин айтганлиги учун ич-ичидан тан беришди. Сайловда ҳам худди шундай бўлди ва Юнусали Қўлдошев ҳали тайёр эмасман деса-да, уни райижроқўм раислигига сайлашди. У энг оғир йилларда мазкур лавозимда ишлади ва ишлаганда ҳам виждон билан, шараф билан, ҳафсала билан моҳирона ишлади.

Мазкур мақола муаллифи ҳам ўша пайтларда райижроқўмда ишларди. Мен кўп бор унинг кабинетида бўлиб, унинг зукколиги, чуқур билими, тиришқоқлиги ва одамларга ўта меҳрибонлигини ҳар кун ва ҳар лаҳза ҳис этганман. Бир куни оқшом пайти у ўз болалигини шундай эслаганди:

– Отам ва онам совхозда оддий ишчи эдилар, – деди у. – Икки опам ва бир укам бор. Падари бузрукворим ва меҳрибон волидам мени ҳамиша яхши баҳолар билан ўқишга ундардилар ва китоб менинг жону дилим эди. Мактабни тугатиб, дарров олийгоҳга чопмадим, икки йил совхозда ишлаб, сўнг Тошкент халқ хўжалиги институтига ҳужжатларимни топширдим. Отам ва онамнинг юзини ерга қаратмаслик учун зўр бериб ўқидим, талабаларнинг турли кўнгилочар тадбирларига деярли бормасдим.  Шу сабаб бўлса керак, 1977 йилда институтни имтиёзли диплом билан тугатдим ва жонажон совхозимизда оддий иқтисодчи бўлиб ишладим.

1978-1980 йилларда Юнусали Қўлдошев совет армияси сафида бурчини ўтади ва қадрдон совхозида бош иқтисодчи бўлиб ишлай бошлади. Озроқ вақтдан кейин, уни С.Раҳимов номли совхозга директор вазифасига тайинлашди. 1987 йилда эса у Оҳангарон район ижроия қўмитаси раиси бўлиб, бу юксак лавозимда 1991 йилгача самарали меҳнат қилди.

Мустақиллик йилларида Юнусали Ангрен шаҳар солиқ инспекциясини бошқарди  ва Оҳангарон тумани ҳокими муовини лавозимида ишлади.

Ҳамон яхши эслайман. Юнусали Мамаюсупович қўл остидаги одамларга жуда меҳрибон эди. Унинг ўзига яраша фикри бор эди. 1990 йил 31 май эди, янглишмасам мени райижроқўм партия бюроси котиби лавозимига сайладилар ва таомилга кўра, туман партия қўмитаси бюросида тасдиқдан ўтишим керак.  Бюрода менга қарши “ҳужумлар” бўлди ва туман комсомол қўмитасининг биринчи котиби мени “Ёш ленинчи” газетасида туман комсомолининг ҳисобот-сайлов конференцияси ҳақида танқидий  мақола ёзиб чоп эттирганликда ва шу тариқа туман обрўсига путур етказаётганликда айблади. Ўтирганларнинг деярли ҳаммаси журналистларни, айниқса, мени танқидий мақолаларим учун хуш кўрмас ва шу сабаб бўлса керак, туман ёшлари етакчисини қўллаб-қувватлашди. Фақат Юнусали Қўлдошевгина ўз фикрини очиқ баён қилиб, танқид келажакнинг меваси, биз ҳаммамиз танқидни тўғри қабул қилишимиз ва ундан тўғри хулоса чиқариб олишимиз керак, деган эди. Табиийки, Қўлдошевнинг бу гапларидан ўтирганларнинг пешонаси тиришди.

Хуллас, мени зўрға партия котиблигига сайлашди ва эртаси куни Ҳиндистонга учиб кетдим. Бу гал 1987 йилдаги сингари Москва орқали эмас, балки Тошкентдан тўғридан-тўғри Деҳлига учдим. Чунки ҳар кун ва ҳар лаҳзада жамиятда мустақиллик шабадалари сезила бошлаган эди.

1992 йилдан мени “Оҳангарон-шифер” акциядорлик жамиятига ишга чақиришди ва мен деярли Юнусали Қўлдошевни кўролмай қолдим. Биз охирги пайтлар у билан Оҳангарон шаҳрининг тўртинчи кичик туманидаги 28-уйда бирга яшадик. Менинг раҳматли умр йўлдошим билан Юнусалининг меҳрибон ва дилкаш рафиқаси Гулжаҳон дугона эдилар.

Кейинчалик Юнусалининг бошига оғир синовлар тушганини эшитдим. Севимли ўғли Анварбек 2012 йилда дорилбақога риҳлат қилди. Юнусали бунга жуда кўп куюнди ва ўзи ҳам бироз бетоблашиб қолди. Бироқ ўта қатъиятли ва иродали инсон бўлган Юнусали дўстим ҳаёт синовларидан мардонавор ўтди ва барча қийинчиликлар ортда қолди.

Куни кеча мен уни “Cobalt” енгил автомашинасида ўзи ишлаган Оҳангарон шаҳри кўчаларидаги улкан қурилишларга ҳавас билан қараб кетаётганлигининг гувоҳи бўлдим. Ҳа, бугунги кунларга осонликча эришмадик. Ҳаёт кундан-кун гўзаллашиб бормоқда. Қишлоқларимиз мана бир-икки йилдан сўнг яна таниб бўлмас даражада ўзгаради. Буларнинг барчаси мустақиллик шарофатидандир.  Мана шундай шукрона кунларга етишишимизда Юнусали Қўлдошев каби фидойи инсонларнинг ҳиссаси катта.

Ўттиз икки ёшида райижроқўм раиси бўлган Ю.Қўлдошев бугун пайғамбар ёшини яқин дўстлари, икки ўғли ва уч қизи, шириндан-шакар неваралари қуршовида қутламоқда. Ҳамма қатори мен ҳам унга ҳавас қиламан, киройи умр бўлса, шундай бўлади-да!

Озод ХУШНАЗАРЗОДА