Халқимиз соғлиғини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, аҳолини патронаж ва шошилинч тиббий хизмат билан қамраб олишда тиббиёт ходимларининг беминнат хизмати катта аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари билан учрашувларда, ҳудудларга уюштирган сафарлари мобайнида соғлиқни сақлаш тизимидаги масалаларга доимий эътибор қаратиб келмоқда.

Охирги икки йилда соғлиқни сақлашга оид юздан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шулардан қарийб қирқтаси Прези-дент Фармони, қарор ва фармойишлари, 70 га яқини эса Вазирлар Маҳкамаси қарорларидир.Уларда белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётир. Натижада тиббиёт тизимида туб ўзгаришлар рўй бермоқда.

2018 йилнинг 6 ойи давомида

– Парваришга муҳтож бўлган ёлғиз қария, ногиронлиги бўлган шахслар   – 988 та;
– ёш оилалар – 1595 та;
– 1 ёшгача бўлган болалар – 2405 та;
– ногирон болалар – 209 та;
– ҳомиладорлар –1590 та;
– янги туққан  аёллар ва чиллали чақалоқлар – 240 та;
– сурункали касалликка чалинган беморларга 4210 та патронаж хизмати ташкил қилинди.

Бирламчи тиббий-санитария бўғини фаолияти давр талабига мослаштирилди. Самарасиз ишлаётган ҚВПлар ўрнида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилиниб, улар қошида тез ёрдам шохобчалари очилди.

Айниқса, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш, қулайликларни ошириш, тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш бўйича тизимли ислоҳотлар йўлга қўйилди. Бугун ушбу тизим иши буткул қайта кўриб чиқилди. Аввало, тиббий патронажнинг аниқ мақсади белгиланди. Шундан сўнг, режали иш олиб борила бошланди. Бажарилган ҳар бир фаолият натижаси эса қоғозда ҳисобот шаклида эмас, аксинча, жонли мулоқотлар, аҳоли турмуш тарзи ва соғлиғидаги ижобий ўзгаришлардан сўнг баҳоланадиган бўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг маълум қилишича, инсон саломатлигининг 85-90 фоизи ҳаёт тарзи ва атроф-муҳитга боғлиқ экан. Унга кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоиз яшаётган экологик муҳитга, 15 фоиз ирсий омилларга, бор-йўғи 10 фоиз тиббиётга боғлиқ экан. Демак, ҳар бир инсон соғлом ва узоқ умр кечиришга интилар экан, аввало, юксак тиббий билим ва маданиятга эга бўлиши зарур. Буни қарангки, касалликларнинг  олдини олиш бўйича олиб бориладиган профилактика ишлари, аҳолини ўз саломатлигига бўлган масъулиятини ошириш, тиббий маданиятни шакллантириш ишлари, соғлом ҳаёт кечиришимизни 90 фоизгача таъминлаб беради. Аммо тиббиёт тизимли ёндашувни, доимий тарғибот ва тушунтиришни талаб қилади.

Ҳозирги кунда туманимиз ва шаҳримизда 51 та маҳалла мавжуд бўлиб, унда яшовчи 129 487 нафар аҳолига 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 2 та қишлоқ врачлик пунктида фаолият юритаётган 30 нафар умумий амалиёт шифокори ҳамда 153 нафар патронаж ҳамширалари томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатишда патронаж энг устувор ва асосий кучни ташкил этади. Марказий поликлиника патронаж ҳамширалари 2018 йилнинг 6 ойи мобайнида Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан марказлашган ҳолда ҳар бир комплекти 331 900 сўмлик 65 дона (жами нархи 21 млн. 573 минг сўмлик) патронаж сумкалари билан таъминланди. Яқин кунларда Осиё тараққиёт банки томонидан қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳамширалари патронаж  сумкалари билан таъминланиши режалаштирилган.

Тошкент вилояти Оҳангарон туман-шаҳар ҳокимларининг “Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида”ги қўшма қарори ижроси юзасидан умумий амалиёт шифокорлари ҳамда патронаж ҳамширалари томонидан турли тадбирлар олиб борилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 2018 йил мобайнида 81 593 нафар аҳоли патронаж билан қамраб олинди. Уларда аниқланган муаммолар 3791 тани ташкил этиб, 2845 таси бартараф этилган. Ташкил этилган “Саломатлик мактаби” бўйича олиб борилган тарғибот ишлари 7447 тани ташкил этиб, жумладан, мактабларда 117 та, касб-ҳунар коллежларида 159 та, маҳаллаларда 5651 та тадбирлар ўтказилди.

А.ЖЎРАХОНОВ,
туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи в.б.