Ёз-куз ойларида ҳар бир уй бекаси қишда дастурхонни мева шарбатлари, бодринг-помидор ва қўзиқорин консервалари, турли-туман ичимликлар, консерваланган маҳсулотлар билан безаш учун ҳар хил турдаги консервалар тайёрлайди. Кўринишидан хавфсиздай туюлган ушбу консервалар, аслида, ҳаёт учун хавф туғдириши мумкин. Кейинги йилларда хонадонларда консерва маҳсулотларидан заҳарланиш ҳодисалари кўплаб учрамоқда.

Жумладан, ўтган 2017 йил давомида вилоятимизда уй шароитида консерваланган маҳсулотларни истеъмол қилиш натижасида 3 та овқатдан заҳарланиш ҳолатлари рўйхатга олиниб, бунда 12 нафар фуқаро жабрланганлиги, шулардан 1 нафар фуқаро (Бекобод тумани) оламдан ўтганлиги ачинарли ҳол, албатта.

Ботулизм касаллигидан ҳеч ким ҳимояланмаган. Ботулизм қўзғатувчиси тупроқда, кўл ва ариқ сувларида кўплаб учрайди. У ердан бактериялар сабзавот, мева, дон, ҳайвонлар ва балиқларга ўтади.

Юқорида келтирилган махсулотлар ювмасдан ва етарлича термик ишлов берилмасдан истеъмол қилинса, касалликка чалиниш эҳтимоли юқори бўлади. Консерва маҳсулотларида бактериялар тез ва осон кўпаяди. Касалликнинг илк белгилари бир неча соатдан 1-2 кун ичидаги вақт орасида намоён бўлади.

Мазкур касалликка чалинган беморларда кўзнинг хиралашиши, кўз қовоқларининг осилиб қолиши, оғиз қуриши, қусиш, алаҳсираш,       қовурғалар ораси мушаклари ва диафрагма мушагининг фалажланиши натижасида нафас олиш қийинлашиши ва юзда кўкариш пайдо бўлиши кузатилади. Адашган нерв ва юракнинг нерв тугунлари зарарланиши натижасида қон босими тушиб кетади ва шошилинч даво чоралари кўрилмаганда бемор касалликнинг 2-3-кунида вафот этади.

Овқатдан заҳарланиш каби оғир дарддан узоқ юришни истасангиз, тез ва осон бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини (совутгич, музлатгич изотермик шароитларида) тўғри сақланишига, уй шароитида тайёрланувчи турли консерва маҳсулотларининг тайёрланиш технологиясига ва етарли термик ишлов берилишига, қопқоғи кўтарилиб қолган ва шубҳали кўринган консерва маҳсулотларини, номаълум шароитларда дудланган гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилмасликка, маҳсулотлар ёрлиқларида ишлаб чиқарилган ва яроқлилик саналари, ишлаб чиқарган корхона номи ёзилмаган, сифати ва ҳавфсизлигини  тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ҳамда белгиланмаган жойларда, ноқонуний кўча савдолари билан шуғулланаётган шахслардан озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилмасликка қатъий риоя қилишингиз сўралади.

Э. НОРМИРЗАЕВ,
Оҳангарон шаҳар ДСЭНМ
Овқатланиш гигиенаси бўлинмаси
санитария врачи ёрдамчиси.