Четсувлик таниқли зиёли Абдуманноб Мингбоев 91 ёшида вафот этди. У 1927 йилда Оҳангарон тумани Четсув қишлоғида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1941 йилда жамоа хўжалигида оддий ишчиликдан бошлади. Жамоа хўжалиги даласида ғалла экди, мол боқди. Меҳнат фронтида ишлаб, армияни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлашга ўз ҳиссасини қўшди.

1944 йилда А. Мингбоевни туман халқ таълими мудирининг буйруғи билан 33-умумтаълим мактабига ўқитувчи этиб тайинладилар. 1945-1955 йилларда мактабнинг илмий бўлим мудири вазифасида ишлади. Билимга чанқоқ Абдуманноб Мингбоев 1961 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг география факультетига сиртдан ўқишга кириб, ўқишни 1967 йилда тамомлади. 1955 йилда ёш Абдуманнобни  кучли ташкилотчилик қобилияти ва ҳаракатчанлигини сезган туман раҳбарлари мактаб директорлиги лавозимига тавсия этдилар. Ушбу лавозимда 10 йилдан кўпроқ ишлаб, мактабнинг ўқув моддий базасини мустаҳкамлашга, ўқувчиларга чуқур билим малакаларини сингдиришга катта ҳисса қўшди. 1965 йилда Абдуманноб Мингбоев собиқ “Октябрь” қишлоқ кенгашининг раиси этиб тайинланди. Ушбу лавозимда ишлаган даврида қишлоқларни ободонлаштириш, кўчаларнинг ҳолатини яхшилаш, аҳоли талаб ва эҳтиёжларини қондиришга жуда катта эътибор берди. Натижада, туман фаоллари Инқилоб қишлоқлари аҳолиси ўртасида катта обрў-эътиборга эга бўлди. 1981 йилдан то нафақага чиққунига қадар хўжаликда ишчилар уюшмасининг раиси бўлиб фаолият кўрсатди. Абдуманноб Мингбоев қаерда ва қайси соҳада ишламасин, ўзининг ҳалоллиги, камтарлиги билан бошқаларга, жамоа аъзоларига наъмуна бўлди. У киши узоқ йиллар қилган меҳнатлари учун давлат мукофотлари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган эди. Бир неча марта туман Кенгаши депутатлигига сайланди.

Абдуманноб Мингбоев 1970 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони, машҳур адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов билан танишиб, у кишидан жуда кўп ҳаёт сабоқларини олди. Кейинчалик ҳаётида унинг ўгитларига амал қилиб яшади. Қаҳрамонимиз ўз иш фаолиятида жуда кўп шогирдлар етиштирди. Уларга устозлик қилди. Моҳир тарбиячи, туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ўз даврида муносиб ҳисса қўшган Абдуманноб Мингбоевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда доимо  сақланади.

Ў. ТУРСУНОВ,
А. УРАЛОВ,
М. ХОЛТЎРАЕВ,
Х. СУЛАЙМОНОВ,
А.ДАВРОНОВ,
Э. НИШОНОВ.