Ёз – соҳибкор, ғаллакор  фермернинг меҳнати юзага чиқадиган палла. Куз, қиш, баҳорда қилган тинимсиз меҳнати самарасини кўради. Буюк мутафаккир Алишер Навоий фалсафий асари “Маҳбуб-ул қулуб”да зикр этганидек, деҳқонлар ерга уруғ сочиб, элга ризқ-насиба яратади. Етиштирган ҳосилини элдошлари билан баҳам кўриш, эҳтиёжмандларга улашиш ҳам заҳматкаш заминдор учун бобомерос анъана.

“Гулобод” МФЙ  ҳудудидаги “Гулчеҳра” фермер хўжалиги ҳам бу йил ғалладан мўл ҳосил олди. 12  гектар экин майдонидан 17 тонна сара бошоқ йиғиб олган фермер хўжалик деҳқонлари 3 гектар ерда сабзавот ва полиз экинларини парваришламоқда. Қишлоқ хўжалик экинлари, хусусан, картошка ҳам унумли бўлди. Фермер хўжалик раиси Бекзод Пўлатов МФЙ раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати  Эргаш Бердиевга бу йилги баракали ҳосилдан маҳалладошлар учун капсан (улуш) улашмоқчи эканлигини маълум қилди. Ёш фермер ва унинг хайрли ташаббусини қўллаб-қувватлаган йиғин раиси маҳалладаги 46 та хонадонга кириб-чиқишди. Истиқбол кўчасидаги 24-уйда яшовчи Визура Илясова, шу кўчадаги  72-уй соҳиби Абдусаттор Теловов фермер хўжалик иш юритувчиси Гулчеҳра Пўлатова ва маҳалла раиси Э.Бердиевнинг ташрифидан бошлари кўкка етди гўё. Аслида берилаётган моддий кўмакдан эмас, кўрсатилаётган эътибор, ҳол-аҳвол сўраш уларни кўпроқ қувонтирди, назаримизда. “Гулободмева” корхонасида меҳнат қиладиган Зулхумор Парпибоева  ҳаёт қийинчиликларини мардона енгиб, 5 нафар қоракўзни вояга етказаяпти. Улар истиқомат қиладиган Истиқбол кўчасидаги 80-уйга кириб борган Г.Пўлатова ва Э.Бердиевни жажжи эгизаклар ҳавас ва ҳайрат билан қарши олишди. Ташрифчиларнинг эътибор ва ғамхўрлигини қорачиқларига муҳрлаган,  шу маҳалла – “мўъжаз Ватан” эртаси Ҳасан-Ҳусанлар улғайиб, элга кўмакдош инсон бўлиб етишишса ажаб эмас.

Фермер хўжалик соҳибкори ва маҳалла раиси ўша куни 90 ёшли маҳалла улуғи  Баҳор момо билан дийдорлашиб,  нуроний онахоннинг дуосини ҳам олишди. Дуога қўл очиб, эл-улусга тинч-лик, деҳқон-фермерлар ишига қут-барака тилаган маҳалла нуронийси, хайрли ишни ҳар ким,  ҳар куни қилиши керак, савоби катта, дея таъкидлаш баробарида ташрифчиларни алқаб ҳам қўйди.

– Бу йил биз қишлоқ мулкдорлари учун баракали йил бўлди. Ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан яхши ҳосил кўтардик. Заминдор, бободеҳқон учун йиғиб олган ҳосилидан элга улашиш, яъни “капсан” қилиш анъанаси мавжуд. Ушбу қадимий урф-одатимиз бугун кенг қулоч ёйган десак, адашмаймиз. Биз ҳам шу хайрли ташаббусга қўшилдик. Дейдиларки, улусга “Тайёр балиқ (луқма) беришдан кўра, уни тутишни (топишни) ўргатиш эзгу ва хайрли ишдир”. Биз тарқатган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сара уруғлик ҳисобланади. Маҳалладошлар уларни экиб, яхши ҳосил олишлари, шу орқали томорқа ерларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйишлари мумкин бўлади. Келинг, деҳқончилик борасидаги билим ва тажрибамизни бошқалар билан бўлишайлик. Шунда қилган  саъй-ҳаракатларимиз янада кўпроқ натижа беради, – дейди Гулчеҳра Пўлатова.

Райҳон САЛАЕВА.