Қарийб 30 йилдирки, шаҳар маданият бўлимига раҳбарлик қилиб, шаҳримизнинг маданий-маърифий, ижтимоий ҳаётига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келаётган Ҳайитбой Омонов бугунги мақоламиз қаҳрамони.  Шахс камолотида оилавий муҳитнинг ўзига хос ўрни бор. Маданият олами, санъатга муҳаббат ҳам суҳбатдошимизда  айнан оилада шаклланган.

– Отам Рихсибой Омонов гарчи техника билан тиллашган бўлсалар-да, бўш вақтларида сира қўлларидан рубоб тушмас эди. Уларнинг иштиёқ билан соз чалиб, халқ ашулаларини сел бўлиб  хониш қилишларини тинглаб улғайдим. Қолаверса, мактабда мусиқа фани ўқитувчимиз Эргаш Бўрибоевдан олган сабоқларим ҳам санъат соҳасини танлашимга туртки бўлди. Аслида иккита олийгоҳни тамомлаган Эргаш домламиз кимё фанидан ҳам сабоқ берар эдилар. Мактабда химия (кимё), математика, физика фанларига меҳрим баланд бўлган. Бироқ касб танлаш масаласига келганда, барибир, мусиқага, санъатга бўлган қизиқиш устунлик қилган, – дейди Ҳайитбой Омонов.

Болаликдаги ҳайрат, ҳавас, қизиқиш суҳбатдошимизни Санъат олийгоҳи (ҳозирги Санъат ва маданият институти)га етаклади. Олийгоҳнинг режиссура йўналишини имтиёзли диплом билан тамомлаган ёш мутахассисни 1987 йилда йўлланма билан Оҳангаронга ишга юборишади. Орада, яъни 1987-1989 йилларда ҳарбий хизматни ҳам ўтаб қайтади. Дастлаб, Оҳангарон шаҳар маданият бўлимида бош методист вазифасида иш бошлаган Ҳайитбой Омонов 1989 йилдан буён шаҳар маданият бўлимига раҳбарлик қилиб келаяпти.

Ёш раҳбар учун янги жамоада иш бошлаш осон бўлгани йўқ. Айниқса, мустақилликнинг илк йиллари маданият бўлими қошида деярли бирорта ҳам халқ ашула ва рақс дастаси йўқ эди. Шундай бўлгач, шаҳардаги маданият уйларида бирор бир халқ чолғу асбобини  топиш амримаҳол эди. Ҳайитбой Омонов астойдил ишга киришиб кетди. Маданият бўлими қошида халқ бадиий жамоалари, рақс дасталари, болалар гуруҳлари шакллантирилди. Бўлимнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Малакали мутахассислар билан бойитилди. Тинимсиз меҳнат, касбга меҳр, фидойилик ўз самарасини бера бошлади. Истеъдодли ўғил-қизларни жамлаган  “Шодиёна” болалар театр жамоаси намунали жамоа сифатида эътироф этилди.

Барча соҳаларда бўлгани каби маданият жабҳасида ҳам қатор янгиликлар, аҳоли учун қулайликлар яратилди. Хусусан, бир неча йилдирки, шаҳар маданият бўлими таркибида  марказий маданият ва аҳоли дам олиш маркази  фаолият кўрсатаяпти. Марказ қошида ташкил этилган “Қалдирғоч” болалар фольклор-этнографик дастаси “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг туман-шаҳар, вилоят босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, махсус дипломларга сазовор бўлди.  “Қурама” фольклор этнографик жамоаси эса қисқа вақт ичида сезиларли ютуқларни қўлга киритди. Яқиндан бошлаб шаҳар маданият бўлими қошида “Ёш доирачилар” гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда  қизиқарли томошалари, қувноқ рақслари, халқона ўлану лапарлари билан умумхалқ байрамлари ва бошқа оммавий тадбирларга шукуҳ бахш этаётган  бадиий ҳаваскорлар сафига доирачи ёшлар ҳам қўшилишади.

Ҳайитбой Омонов таъкидлаганидек, ҳар бир ютуқ замирида катта меҳнат, тинимсиз изланиш ётибди. Бадиий жамоаларга, асосан, кенг аҳоли қатлами, яъни етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳаваскорлар қамраб олинган.  Бу ҳаваскор гуруҳни саҳнага олиб чиқиш, улар иштирокида 1,5-2 соатлик бадиий-мусиқий дастур тақдим этиш учун  катта куч ва тайёргарлик талаб этилади.

Суҳбатдошим марказ директори Санобар Атақулова, бадиий раҳбар Дилдора Йўлдошева, Байрам Атамуродов, Улуғбек Абдураимов сингари фидойи ходимлар номини алоҳида эҳтиром билан тилга олди. Жамоадаги ўзаро аҳиллик ва баҳамжиҳатлик, бир-бирини қўллаш, беғараз кўмакка тайёр туриш ва қўллаб-қувватлаш боис ҳам малакали мутахассислар бу ерни иккинчи оила деб билишади. Ёш кадрлар эса шу жамоада ишлашга интилишади. Бундай шаффоф маънавий муҳит юзага келишида, шу билан бирга, қўлга киритилаётган ижобий натижаларда, шубҳасиз, талабчан, қатъиятли ва фидойи раҳбарнинг муносиб ҳиссаси бор десак, адашмаган бўламиз.

Суҳбатдошимизнинг намунали оила бошлиғи, ғамхўр ота, тадбирли қайнота, оқибатли қуда-анда сифатидаги қиёфаси ҳам ибратли. Турмуш ўртоғи Холида опа 32 йил банк соҳасида ишлаган. Айни пайтда кексалик таътилини набиралар бағрида ўтказаётган Холида опанинг рўзғор тутуми-ю, оила, турмуш алифбоси келини Нигорахон, ўзга уйда туп отиб, палак ёйган қизи Моҳичеҳра учун ҳаётий қўлланма эканлигига шубҳа йўқ. Ўғли Аброр муҳандис, Моҳичеҳра боғча тарбиячиси. Куёви Ҳожиакбар ҳам муҳандис. Жажжи набиралар – жамалаксоч Севинчбону, Аъзамжон, Афзалбеклар толеидан, бобоси меҳридан масрур.

Суҳбатимиз давомида қаҳ-рамонимнинг  самимий ва дилкаш инсон, куюнчак раҳбар, жафокаш оила бошлиғи, эл-юрт тақдирига масъул фидойи замондош эканлигига амин бўлдим.

Куй-қўшиқ ва бадиий жозибага йўғрилган дастурлар кишига маънавий озуқа беради. Киши дилини поклайди, кўнгилларга фақат ва фақат энг соҳир ва беғубор туйғуларни жойлайди. Шу маънода, Ҳайитбой Омонов раҳбарлигидаги бадиий жамоаларнинг изланиш ва интилишлари фақат эзгуликка йўл очади.

Дилларга завқ, сурур ва шукуҳ улашишдан чарчаманг, азиз замондошим.

Райҳон САЛАЕВА