Мамлакатимиз тараққиёти соат сайин, кун сайин юксалиб бормоқда.  Кечаги кун билан бугунги кунни таққосласак, жуда катта фарқни топамиз. Вилоят ҳокимининг қарорига асосан, 2017 йилнинг 24 июль куни Оҳангарон туманига Ўктам Мингбоевич  Турсунов ҳоким этиб тайинланди. Ҳеч биримизга сир эмас, туман ҳокимлари Президентимизнинг элчиси ҳисобланади. Шундай экан, ҳукуматимиз ҳам бу лавозимга муносиб, халқ дардини тинглаб, одамларни ортидан эргаштира оладиган юксак маънавиятли комил инсонни тайинлайди.

Хўш, туманимизда бир йил мобайнида қандай ўзгаришлар содир бўлди, ҳудудимиз тарихан қисқа муддат оралиғида  қандай янгиланишларга юз тутди?

… БАНДЛИК

2017 йилнинг 24 июль санасидан бугунги кунга қадар туманда жами 20451 та иш ўрни яратилган бўлиб, шундан саноат соҳасида 427 та, қишлоқ хўжалигида 106 та,  қурилиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини амалга оширишда 200 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.  Бир йил муддат ичида ҳудуддаги  784 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Бандлиги таъминланган фуқароларнинг асосий қисмини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Бу давр мобайнида туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 6 та  меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркаларда 75 нафар ишсиз фуқаронинг 51 нафари доимий ишга, 24 нафари мавсумий ишларга жалб этилиб, бандлиги таъминланди.

… ҚУРИЛИШ

“Қудратимизга шак-шубҳангиз бўлса, биз қурдирган биноларга боқинг”, дея бежизга таъкидламаган буюк саркарда бобомиз  Амир Темур. Дарҳақиқат, тарихда ўтган баъзи буюк  шоҳу султонлар ўзлари бунёд этган иморатлар билан шуҳрат қозонган. Хеч биримизга сир эмаски, туманимизда ҳам бугунги кунда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Тийрак нигоҳ билан назар солганимизда, тараққиётдан ортда қолаётган абгор бинолар  замонавий иншоотларга айланаётганини кўрамиз.

Туман қурилиш бўлимидан олинган маълумотга кўра, ўтган муддат мобайнида ҳудуддаги 2 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага намунали уй-жой қуриб берилди. 10 дан зиёд кам таъминланган оилаларнинг хонадонлари замонавий услубда таъмирдан чиқарилди. 10 дан зиёд намунали уй-жойлар барпо этилди. Ундан ташқари, 17 та профилактика инспекторлари учун  хизмат уйлари қуриб битказилди. Аҳоли ўртасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида бир иссиқхоналар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳудудимизда 2 та МТМ, 2 та замонавий умумтаълим мактаб-лари бинолари барпо этилиб, бир нечта таълим даргоҳларида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, туман ҳудудига 2018 йилнинг учинчи чорагида 300 дан ортиқ янги намунали уй-жой бинолари қурилмоқда.

… ИҚТИСОДИЁТ

Бир йил мобайнида ҳудуддаги 122 та нотурар бино объектлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган фуқаролар ихтиёрига топширилди. Айниқса, сўнгги йилда туманимизнинг экспорт салоҳияти сезиларли даражада ривожланди. Ҳудудимизда экспортёр корхоналарнинг сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Жорий йилда туманда жами 5.9 млн. доллар экспорт прогнози белгиланган.

Ишлаб чиқариш соҳасига тўхталадиган бўлсак, “Дўстлик” МФЙда янги тикув цехи ишга туширилди. Мазкур цех бугунги кунда ўндан зиёд хотин-қизларни иш билан таъминлади.

“Убайд” МФЙда “Оригинал голд Керамик” номли янги ғишт заводи қуриб битказилди.

“Янги ҳаёт” МФЙда шоколад цехи ташкил этилди. Шунингдек, туман ҳудудида озиқ-овқат дўконлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилиб, ҳозирги кунда мазкур мажмуалар халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда.

… ЁШЛАР

Эндигина бир ёшга қадам қўйган  Ёшлар иттифоқи ҳоким билан мазкур муддат мобайнида бир қанча хайрли ишларни амалга оширди. Тумандаги 6 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларига фуқаролик паспортлари, 8 нафар болажонга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, 35 нафар уй таълимида таҳсил олаётган ўқувчиларга ўқув қуроллари, 2 нафар кам таъминланган оила фарзандларига мактаб сумкалари, бир нафар ногиронлиги бўлган фуқарога компьютер жамланмаси тақдим этилди. Бундан ташқари, 3 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога махсус аравачалар топширилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 2 та оила фарзандларининг никоҳ тўйлари ўтказилди.

2017 йилда ХТБда фаолият юритаётган  17 нафар фуқаро туман ҳокимининг тавсияномасига асосан олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи йўналишига ўқишга қабул қилинди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Туманимизда кенг кўламли ислоҳотлар давом этмоқда. Мазкур йилда таълим, фан ва маданият соҳаларида ўсиш суръатлари юқори ўринга кўтарилса ажаб эмас. Статистик маълумотларга кўра, бу йил олий таълим муассасаларига ҳужжат топшираётган ёшлар сони ўтган йилгига қараганда анча юқори.

Шоира ТЎЛАГАНОВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.

***

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалаларга масъул бўлган раҳбарларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича ваколатларни туман ва шаҳар ҳокимларига ўтказишни яқин истиқболдаги долзарб вазифа сирасига киритар экан, маҳаллий раҳбарларга бундай кенг ваколат ва мустақиллик бериш билан бирга, якуний натижа учун уларнинг жавобгарлигини тубдан ошириш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтган эди.

Бугунги қайдларимиз Оҳангарон шаҳар ҳокимининг ушбу жавобгарлик ва масъулият юкининг натижадорлиги,  ҳудудларни ривожлантириш, маҳаллий бюджетни ижро этиш, коммунал муаммоларни ҳал қилиш каби долзарб фаолиятининг солномасидир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3375-сонли “Тошкент вилояти таркибида Тошкент тумани, шунингдек, вилоятга бўйсунувчи Янгийўл, Оҳангарон ва Нурафшон шаҳар ҳокимликларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  асосида Оҳангарон шаҳри туман таркибидан ажралиб чиққан, Одилжон Жўраев шаҳар ҳокими этиб тасдиқланганди. Бироқ, Одилжон Жўраев ўтган йилнинг ёзидаёқ Оҳангарон шаҳар ҳокими сифатида иш бошлаб, ташкилий жараёнга бевосита раҳбарлик қилган эди.

…  ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШ РАВНАҚИ

Ўтган давр мобайнида саноат шаҳри Оҳангаронда янги технологиялар, инновацион ғоялар асосида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Шу мақсадда жумладан, жорий йилнинг 1-ярим йилида  умумий қиймати 221 млрд. сўм миқдордаги  инвестиция киритилди. Амалга оширилган 3 та лойиҳа учун умумий қиймати 12,640 млрд. сўм миқдорида сармоя сарфланди. Май ойида иш бошлаган “TrendTex” ҳамда “Макропродакшн” МЧЖлар жаҳон бозорида ўз ўрнини топишди. Йилнинг биринчи ярмида бундай экспортбоп корхоналар сони 4 тага кўпайди. Жорий йил сўнгигача экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналар сони яна 5 тага ортиши кутилаяпти. Кенг ассортиментдаги трикотаж матолардан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқараётган  “TRENDТEX” корхонада 2920 млн. АҚШ долларли қурилиш ишлари олиб борилди. 10.8 млн. АҚШ долларли инвестиция маблағига Туркия, Италия, Германия, Япониядан замонавий дастгоҳ-жиҳозлар келтирилди. Йилига 1 000 000 дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга корхона 80 фоиз маҳсулотни хорижга экспорт қилаяпти.

… ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ

Одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, аҳолини ўйлантираётган муаммо ва ечимларга жойида тезкор ечим топиш бугунги кундаги айни долзарб вазифадир. Жорий йилнинг  шу давригача  аҳоли билан 17 та қабул ўтказилди. Қабул давомида 333 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Шундан 177 та мурожаатлар жойида қаноатлантирилди. Қолган мурожаатлар тегишлилигича ҳал этиш учун корхона, ташкилот ва муассасаларга йўналтирилди. 25 нафар яшаш шароити ночор, ёлғиз, кекса ва эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонлари таъмирлаб берилди. “Адолат”, “Умид” МФЙларда яшовчи Ольга Казакова, Шоҳида Усмонова шаҳар ҳокими кўрсатган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун. Шаҳардаги кам таъминланган, оғир аҳволга тушиб қолган 30 нафар фуқарога манзилли кўмак берилди. Хусусан, нўғойқўрғонлик Дилдора Закирярова, “Шодлик” МФЙда яшовчи Дилмурод Бекмуродовнинг марказ клиникаларида даволанишлари учун моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

… ЖАМОАТ БИРЛАШМАЛАРИ

Яқин бир йил ичида бевосита шаҳар ҳокими ташаббуси билан Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси, “Қизил ярим ой жамияти”, ногиронлар жамиятининг шаҳар бўлинмалари,  “Оила” илмий-амалий марказининг шаҳар бўлими ташкил этилди. Улар томонидан ёши улуғларга эътибор кўрсатиш,  аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни аниқ ҳал этиш, айниқса, яшаш  шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, эндигина, аниқроғи бир ой аввал иш бошлаган  “Оила” илмий-амалий маркази томонидан шу вақт ичида 20 та оилавий муаммолар ижобий ҳал этилишига эришилди.

… ЁШЛАР

Жорий йилнинг 7 февралида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг шаҳар Кенгаши ташкил этилди. Айни пайтда Кенгаш ўз атрофига 13850 нафар шаҳримиз ёшларини бирлаштирган. Дарвоқе, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилиб келинаётган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви энг истиқболли лойиҳалардан саналади.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида чиниқиб, тобланиб катта спорт сари интилаётган 876 нафар ўқувчи ёшлар ва улар сафини безаётган  60 нафар Ўзбекистон, 15 нафар халқаро мусобақалар чемпионлари,   санъат ғунчалари учун қадрли ошиён бўлган болалар мусиқа ва санъат мактабининг 300 дан зиёд ёш истеъдодлари ғамхўрлик ва эътибордан куч олиб янги-янги марраларни забт этишаяпти. Келгуси йили бунёд этиладиган “Ёшлар маркази” учун давлат бюджетидан 9 млрд.  сўм миқдоридаги бюджет маблағи йўналтирилиши шаҳримизда ёшларга оид давлат сиёсати изчиллик билан амалга татбиқ этилаётганлигини англатади, албатта.

Яқин истиқболда инвести-цион лойиҳалар миқдорини 12 тага етказиш, шу орқали қўшимча 1018 та янги иш ўринлари яратиш, “Адолат”, “Дўстлик” МФЙларини “Обод маҳалла” дастури асосида кўркам ва обод ҳудудларга айлантириш каби улуғвор ва кенг кўламли мақсаду вазифалар ҳам мавжуд.

Райҳон САЛАЕВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.