Ҳозирги глобаллашув шароитида дунёнинг сиёсий ва диний манзарасига эътибор қаратадиган бўлсак, дин билан боғлиқ муаммолар жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу ерда биз дунёнинг сиёсий ва диний манзараси тушунчаларини бежизга ёнма-ён келтирмадик. Динга, эътиқод эркинлигига бўлган муносабат хоҳлаймизми, йўқми, қайсидир маънода жаҳон сиёсий манзарасига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаяпти. Сўзимизнинг тасдиғини эса бутун ер юзи бўйлаб кечаётган воқеликлардан билиб олиш мушкул эмас.

Миссионерлик бир динга эътиқод қилувчилар томонидан ўз эътиқодларини бошқа дин вакиллари орасида ёйишдир. Хўш, бунинг нимаси ёмон, ахир жамиятимизда диний бағрикенглик, эътиқод эркинлиги кафолатланган-ку, дегувчилар ҳам топилади орамизда. Тўғри, эътиқод эркинлиги кафолатланган, бунга шак-шубҳа йўқ. Бироқ аҳолини бошқа динга даъват этиш орқали унинг оиласига, қолаверса, жамиятга, алалхусус давлатимиз манфаатларига зиён-заҳмат етказиш мақсадида бўлган миссионерларнинг ҳаракатларини ҳечам оқлаб бўлмайди. Чунки дин инсон қалби ва онги билан боғлиқ масала бўлиб, ундан турли мақсадларда фойдаланиш қандай аянчли оқибатларга олиб келишини барчамиз яхши англаймиз.

Айниқса, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳар доим эъзозланиб келинган бизнинг жамиятимиз ана шундай миссионерлик фаолияти билан шуғулланувчи кучлар учун сўнгги пайтларда қулай маконга айланди, десак янглишмаган бўламиз. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли динга мансуб фуқароларимиз айнан миссионерларнинг “нишон”ига айланмоқда.

Бу борада христиан миссионерлиги ўзининг очиқдан-очиқ ҳаракатлари билан ажралиб туради. Уларнинг муҳим хусусиятларидан бири мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ғаразли мақсадларда фойдаланишга бўлган уринишидир. Улар, асосан, ўз фаолиятларини иқтисодий жиҳатдан қийналган шахслар, қариялар, ногиронлар ва ёш болаларга қаратган бўлиб, уларни даволаш, таълим бериш, шунингдек, “Кўзи ожизлар жамияти”,  “Меҳрибонлик уйи”, “Қариялар уйи”га хайрия сифатида молиявий кўмак бериш ва бошқа ҳаракатлар орқали амалга ошириб келмоқдалар. Дастлаб улар ушбу ёрдамлари беғараз эканлигини таъкидлашади. Аслида эса миссионерлар ҳеч қачон, ҳеч кимга беғараз ёрдам кўрсатмаганликларини ва кўрсатмасликларини унутмаслик лозим. Ушбу ёрдамлар эвазига христиан динига киришни талаб қилиши бор гап. Миссионерлар турли ижтимоий-маърифий тадбирларни тез-тез ўтказиш орқали ижтимоий онгда ўз фаолиятлари тўғрисида ижобий тасаввурни шакллантириш, ўзаро муносабатлар ўрнатиш ҳамда бу орқали маҳаллий ҳокимият вакиллари билан алоқаларни яхшилаш мақсадларини кўзлайди. Бу эса келгусида уларга миссионерликни кенг қамровда олиб бориш имконини яратади.

Ҳозирги кунда юртимизда “Иегово шоҳидлари”, “Еттинчи кун адвентистлари”, “Пятидесятники”, “Евангел христиан баптистлари”, “Кришначилар”, “Баҳоийлар” ва бошқа шу каби ташкилотлар миссионерлик фаолияти билан шуғулланиб келишмоқда. Албатта, улар ўз фаолиятларида турли услуб ва воситалардан фойдаланмоқдалар.

Мисол учун, улар орасида энг фаолларидан бўлган “Иегово шоҳидлари” фаолиятини олайлик. Ушбу ташкилот аъзолари, асосан, уйма-уй юриб, адабиётлар тарқатиш орқали ўзларига янги эътиқодчиларни жалб қиладилар. Молиявий жиҳатдан анча бой бўлган бу ташкилот ўз тарғиботи учун миллионлаб нусхаларда китоблар чоп этиш, “Инжил”ни турли тилларга таржима қилиш ва текинга тарқатиш орқали маҳаллий аҳоли орасида ўз тарафдорлари сафини кенгайтиришга уринишмоқда. Бундан ташқари, интернет тармоғининг ривожланиши ҳам миссионерлар фаолиятини янада авж олишига замин яратди, десак адашмаган бўламиз. Хусусан, “иеговочилар”нинг интернет сайти дунёнинг 784 тилида фаолият олиб бораётганлиги фикримизни яққол тасдиқлайди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, миссионерларнинг бу хатти-ҳаракатлари оддий фуқаро учун эътиқод ва диний мансуб-лик масаласи бўлиб туюлиши мумкин. Аммо унутмаслик керакки, уларнинг ортида узоқ вақтни мўлжаллаган, муайян сиёсий, иқтисодий мақсадларни кўзлаётган геосиёсий куч ва марказлар турибди. Ўзингиз ўйланг, ҳозирги кунда бир халқнинг бойлигига эга чиқиш учун ушбу халқни жисмонан йўқ қилиш шарт эмас. Зеро, қалби ва онги эгалланган, қарашлари ўзгалар учун “маъқул” томонга ўзгартирилган аҳоли орқали ҳар қандай бойлигу табиий ресурсларга эгалик қилиш мумкинлиги тобора ойдинлашиб бормоқда. Миссионерлик эса бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш, жамиятда турли низоларни келтириб чиқаришнинг энг мақбул шакли бўлганлиги сабабли, биз айтган геосиёсий кучлар фаолиятининг асосий воситасига айланиб улгурди.

Ҳозирги кунда ёшларимиз жамиятда фаол ижтимоий кучга айланиб бораётганлигини инобатга олсак, айнан улар миссионерларнинг асосий объектига айланиб қолмоқда. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича илгари сурган ташаббуси жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ўзига тортди, десак янглишмаган бўламиз. Айнан ушбу воқеа мамлакатимизни эътиқод ва диний бағрикенглик масаласида ўзининг қатъий позициясига эга эканлигини амалда исботлади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидламоқчи эдикки, эътиқод масаласи нафақат шахс ёки жамият, балки бутун бир миллат масаласидир. Бу ўз эътиқодида содиқ қолиш, бошқа динларни ҳурмат қилиш каби олижаноб фазилатларда намоён бўлади. Шундай экан, виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик муаммоси ҳар доим ҳам давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверади.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, диндаги турлича қарашлару оқимларга бўлиниш нафақат бошқа динларда, исломда кузатилаётгани ҳам айни ҳақиқатдир. Қиёслаш учун биргина “тариқат” йўлини тутган диндорларимизни олайлик. Кузатишлар ва ўрганувлар уларнинг аксарият қисми илмсизлик оқибатида динни турлича талқин қилиш ва бу орқали диндорлар орасида турли низоли вазиятлар келиб чиқаётганлигини кўрсатмоқда. Дарҳақиқат, ҳар нарсанинг боши илмдир. Кўр-кўрона бировга эргашиб, уни “устоз” дея “қўл бериш”, унинг кўрсатмаларини сўзсиз бажариш, “пир”нинг хизматини қилиб келиб, “энди мен тариқатдаман”, дея барчага жар солиш, оддий мўмин-мусулмонлардан ўзини юқорироқ қўйиш  илмсизликдан бошқа нарса эмас.

Сўнгсўз  ўрнида: Турли диний экстремистик оқим ва йўналишлар фаолияти борган сари кескинлашиб бораётган айни даврда барчамиз учун муқаддас бўлган ислом динига ҳамда миллий маънавиятимиз ва қадриятларимизга рахна солишга уринаётган ноисломий, бузғунчи оқимларнинг фаолиятига муносиб қарши туришимиз учун, авваламбор, маънавий иммунитетимиз мустаҳкам бўлмоғи, ислом динининг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги, барчани ҳамиша эзгуликка чорлаши, қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрнини чуқур англашимиз зарурдир.

Элёр ЎТБОСОВ,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.