Юртимизда уй-жойни сотиб олиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамай, узоқ йиллар давомида минглаб фуқаро ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ноқонуний шахсий турар-жойлар қуришган. Ўз-ўзидан аёнки, бундай ҳолатлар, биринчи навбатда, жойлардаги маҳаллий ижро, шу жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг лоқайдлиги сабаб юзага келади.

Президентимиз томонидан 2018 йил 20 апрелда қабул қилинган “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги ПФ–5421-сон фармони ана шу нуқтаи назардан устувор аҳамият касб этади. Ушбу фармонда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш назарда тутилган бўлиб, мазкур акция 2019 йил 1 майга қадар давом этади.

2018 йил 21 июнда мазкур фармон ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, белгиланган акция доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди.

Низомда белгилаб қўйилгани-дек, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш тартиби қуйидагича амалга оширилади.

Аввало, жисмоний шахс (унинг қонуний вакили) бу ҳуқуқни олиш учун иморат жойлашган ҳудуддаги Давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимининг номига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага мурожаат этувчининг паспорти нусхаси; оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари илова қилинади. Мурожаат этувчидан бундан бошқа маълумот ва ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади. Мурожаат этувчи аризани ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Ўрганиш натижалари бўйича аниқлик киритилиши лозим бўлган ҳолатлар мавжуд бўлса, улар комиссиянинг умумий йиғилишида узил-кесил ҳал қилинади. Бунда туман (шаҳар) адлия бўлими бошлиғининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш бўйича хулосаси ҳисобга олинади.

Фуқаролар ўртасидаги мулкий низоларни ҳал қилиш комиссия ваколатига кирмайди, бундай низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади. Ўзбошимчалик билан қурилган иморат эгаси мулкий низолар ҳал қилингандан сўнггина бир марталик акция муддати тугагунга қадар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Жаҳонгир Алиев,
туман адлия бўлими бошлиғи.