Шу кунларда эл орасида “Тараққиёт” фермер хўжалиги ортиғи билан келгуси йилга уруғлик учун 360 тонна буғдой топширибди”, деган гап-сўзлар қулоғимизга чалинди. Бу янгилик нечоғлик тўғри дея, фермер хўжалиги томон йўл олдик…

Хўжалик раҳбари, туманимизнинг илғор фермерларидан бири бўлган, ер билан тиллашиб, ризқ-рўз, барака уруғини қадаб, элимиз дастурхонини буғдой-нонга тўлдиришга шайланган, биз билан бир замонда, орамизда яшаётган инсон – “Тараққиёт” кўп тармоқли фермер хўжалиги раиси Абдуқодир ота Нодиров билан  суҳбатлашишни ният қилдик…

Хўжалик томон кириб борар эканмиз, киравериш пештоқидаги “Юрт равнақи, халқ фаровонлигига муносиб ҳисса қўшайлик”, деб ёзиб қўйилган шиорга кўзимиз тушди. Англашимизча, бу фермер хўжаликнинг, шу соҳадан нон топаётган жамики ишчи, ходимларнинг шиори бўлса керак.

Дала шийпонига кирганимиз ҳамоноқ, бир тарафда курка, товуқларнинг қа-қағларию, жўжа-полапонларининг чий-чийлари эшитилса, яна бир тарафда тулпорларнинг дупури эшитилди. Биздан анча олисда тракторлар ер ҳайдаб, буғдой сомонини йиғиштирмоқда… Ариқлардан тўлиб-тошиб зилол сув оқмоқда. Далада иш қизғин, бутун бошли жамоа такрорий экинни экиш учун тайёргарлик кўришмоқда. Биз эса хўжалик раҳбари Абдуқодир отадан иш вақтида келганимиз учун узр сўраб, уларни суҳбатга тортдик.

– Меҳнатимиз самарасини кўриб, чеккан заҳмату чарчоқларимизни унутдик, – дея гап бошлади Абдуқодир ота Нодиров. – Бундан 17 йил олдин суғорилмайдиган ер майдонида иш фаолиятимизни бошлаганмиз. Дастлаб яқинларим, дўстларим сувли жойдан ер олмайсанми, дейишган. Лекин мен ҳали кўрасизлар, шу жойларда боғ яратаман, деган эдим. Мана бугун шу ниятларим амалга ошиб  турибди. Ушбу сувсиз жойда дастлаб ишни ер остидан қудуқ қазиб, сув чиқаришдан бошлаганман. Бу натижалар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Тинимсиз, меҳнат ва ҳаракатнинг маҳсули, – дейди қаҳрамонимиз.

Абдуқодир отанинг ҳар бир маъноли гап-сўзларидан бундай натижаларга осонликча эришмаганлигини анг-лаш қийин эмас.  Қаҳрамонимиз ҳалоллик, меҳнатсеварлик янг яхши фазилат, дея сўзида давом этди.

– Бугунги кунда жами 87 гектар ер майдонимиз бор, шулардан 60 гектарига ғалла, қолган 27 гектарида  полиз экинлари етиштирамиз. Хўжаликда 16 нафар меҳанизатор, сувчи, деҳқонлар ишлайди. Техника воситалари, тракторларнинг барча турлари мавжуд. Бу йилги режамиз 240 тонна қилиб белгиланган эди. Ҳар бир гектардан 70 центнердан ҳосил олиб, 55 гектар ердан жами  360 тонна “Хусарак элита” навли буғдой  етиштириб, топширдик. Бу мавсумда деҳқон-фермерлар шу уруғликдан фойдаланишади.

Шу ўринда,  Юсуф Хос Ҳожибнинг  “Қутадғу билиг” асаридаги қуйидаги мисралар ёдимга тушди.

Тағин бир тоифаси деҳқонлардир,
Булар мутлақо керакли кишилардир.
Деҳқон кишилар қўли очиқ бўлади,
Кўнглини худо берганидан ҳам зиёд кенг тутади.

Бу таърифлар айнан Абдуқодир отадек меҳнатидан бахт топган миришкор деҳқонларга нисбатан айтилган бўлса керак.

– Бу йилги даромадларимиздан ортганига фермер хўжалигимизга “Малибу” автомобили  сотиб олдик, ҳосилнинг қолган қисмидан ходимларга ойлик-маош берамиз, – дейди қаҳрамонимиз.

Дала шийпонида ходимларга яратилган шароитлар кўзни қувонтиради…

Қаҳрамонимиз 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” дея ном берилгани уни янада қувонтирганини айтиб ўтди. Бу йил хўжаликда маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этишни режалаштирганини, чет элдан 60 дона зотдор қорамолга буюртма бериб қўйганлиги, ярим гектарли ер майдонида балиқ ҳавзаси барпо этишни режалаштиргани, буғдойнинг “супер элита” навидан етказиб бермоқчи эканлигини таъкидлади.

Қаҳрамонимиз Абдуқодир ота ҳозирги кунда турмуш ўртоғи Доно ая билан 4 фарзанду 9 неваранинг севимли бобо-бувиси бўлиб, кексалик гаштини сурмоқда. Фарзандлар отанинг қанотига кириб, кўмаклашмоқда…

“Авесто” китобида ёзилишича, ким-да-ким буғдой экса, у ҳақиқат уруғини эккан ҳисобланади. Қачонки, эгатларда уруғ етилса, девлар ўринларидан кўчадилар. Қачонки, буғдой гуркираб кўкарса, девлар даҳшатлардан титрай бошлайдилар. Қачонки, буғдой ун бўлса, девлар нола чекадилар. Қачонки, буғдой хирмонга уюлса, девлар нобуд бўладилар. Қай бир хонадонда буғдой бош чиқарса, у хонадонга девлар якинлаша олмайди. Қай бир хонадонда буғдой омбори бўлса, гўё  қиздирилган темир девлар бўйнини чирмаб ташлайди. Бундан кўринадики, “Авесто” пайдо бўлган даврдаёқ,  ғалла экиш, дон етиштириш, умуман, деҳқончилик маданияти етарли даражада ривожланган.

Ҳа, умид билан суқилган таёқ кун келиб, мевали дарахтларга, азим чинорларга айланади. Абдуқодир отанинг машаққатли касб-корларида улкан сабот, омад тилаймиз. Келгусида ҳам туманимиз, вилоятимиз, қолаверса, бутун Ўзбекистонимиз ривожи йўлида хизмат қилишдан ҳеч ҳам чарчамасликларини айтиб, бу баҳаво, сўлим гўшага яна бир келишни ният қилиб, хайрлашдик.

Гулшода КАРИМОВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.