Мамлакатимизда ёшларга келажак эгаси сифатида қаралиб, беқиёс ғамхўрликлар кўрсатилмоқда. Шунингдек,  иқтидорли ёшларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида, муҳтарам Юртбошимиз томонидан жорий этилган “Ёш китобхон” танлови ҳам жамиятда илм-маърифатга интилган қалбларни келажакка умид ва ишонч билан чулғамоқда. Ёш китобхон танлови мамлакатимизда иккинчи маротаба ўтказилаётганига қарамай, мазкур беллашув барча ёшларни бирдек адабиётнинг сирли  майдонига жалб этди. Ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, бу йил танловда иштирок этиш истагини билдирган ёшлар тест синовлари орқали ҳудудий босқичларда сараланмоқда. Тест усулининг жорий этилиши айни муддао бўлди. Сабаби, бу вазиятда баҳолаш жараёнида субъектив омиллар бир чеккада қолиб, холислик ва шаффофлик таъминланади.

Жумладан, 12 июль куни Нуробод энергетика ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган китобхон ёшларни туман босқичига саралаш мақсадида, ҳудудий тест синовлари ўтказилди. Тест синовларида ташкилот ва корхоналарда фаолият юритаётган 30 ёшгача бўлган ходимлар, олий таълим муассасаларининг талабалари ҳамда 9227-сонли ҳарбий қисмнинг аскар йигитлари иштирок этишди. Мазкур тест синовларидан муваффақиятли ўтган ёшлар туман босқичига йўлланмани қўлга киритади. Тест синовларини кузатиш, танловнинг адолатли ва шаффоф ўтказилишини назорат қилиш мақсадида, таълим даргоҳига  Тошкент вилояти Матбуот  ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зарифа Эралиева, туман ҳокимлиги мутасаддилари,  туман ХТБ вакиллари ташриф буюрди. 10 ёшдан 19 ёшгача бўлган ўқувчиларни туман босқичига  саралаш 13-14 июль кунлари  ўтказилади.

Ўтган  йили “Ёш китобхон” кўрик танловини ўтказиш, қишнинг изғиринли, совуқ кунларига тўғри келган эди. Бу йил ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, республика миқёсидаги кўрик-танлов ғолиби ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига қадар аниқланади.

Шоира ТЎЛАГАНОВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.

 


Кеча шаҳар ХТБга қарашли 3-умумтаълим мактабида бошланган “Ёш китобхон” кўрик-танловининг ҳудудий саралаш босқичига йиғилган  ўқувчи ёшларда аждодлардан мерос закийлик ва шиддат баробарида катта ҳавас, иштиёқ ва интилишни ҳам кўриш мумкин эди. Ахир уларни республикамиз Президенти қўллаб-қувватлаб, рағбат, эътибор кўрсатиб турибди. Бундан куч олмай бўладими?!

Иккинчи бор ўтказилаётган кўрик-танловнинг ҳудудий босқичининг  биринчи турида 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган  200 га яқин ёш китобхонлар китоб мутолааси, сўз санъатига ошифталик бўйича маҳоратларини намойиш этишган эди. Замонавий компьютер технологиялари билан жиҳозланган  ўқув залида ўқувчилар “онлайн” тарзда тест синовидан ўтишди. Бугун кўрик-танловнинг иккинчи тури доирасида 14 ёшдан юқори ва 19 ёшдан ошмаган  билимдонлар китобхонлик борасидаги билимларини синовдан ўтказишди. Бу гуруҳда 300 га яқин китобхон ўқувчилардан анкеталар қабул қилинди.  Учинчи тур баҳсларида  10 ёшдан 14 ёшгача бўлган китобхон ўқувчилар беллашади. Ғолиблар “Ёш китобхон” кўрик-танловининг  шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмага эга бўлишади.

Асакалик (Андижон) курсдош дугонам Иродахон хабар жўнатибди: “Ўғлим, “Ёш китобхон” танловига кетди”. “Ўғлингизга “SPARK”, сизга муваффақият ёр бўлсин”, – дея тилак билдирдим…    Бироздан сўнг, 5-мактабнинг тил-адабиёт муаллимаси Дилфуза Муҳамедова билан қўнғироқлашдим.

– Ўқувчиларимни “Ёш китобхон” танловига олиб келдим, – қувончли муждага интиқ овозда сўзлайди у.

Кутяпман… Дугонамдан, муаллима Дилфузахондан шукуҳли хабар кутаяпман. Зеро, айни кунларда барча юртимиз оналари, педагоглари  хайрли тилак, шукуҳли муждалар оғушида…

Райҳон САЛАЕВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.