Бугун Ўзбекистоннинг қай гўшасига борманг, улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Замонавий қурилиш техникалари гуриллаб ишлаётган объектлар, ишнинг боришини муҳокама қилаётган қурувчию меъморлар даврасига дуч келасиз. Кунора кўзингиз тушиб, одатий ҳолдек кўникиб қолганингиз бу жараёнлар самараси муҳташам бинолар, кенг ва равон йўллар, замонавий таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият иншоотлари тимсолида намоён бўлади.

“Унгут” МФй: келажак билан юзлашиб

8 июль куни  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Тошкент вилояти ҳудудидан ўтувчи ҳамда қўшни Қирғизистон Республикаси билан боғловчи «Тошкент – Ўш» А-373 автомагистрал йўли халқаро аҳамиятга эга бўлиб, мазкур йўлдан кўплаб туристлар ва рес-публика меҳмонлари қатнаб келаётганлиги сабабли, бу йўл халқаро стандартларга жавоб бериши, йўл бўйлаб жойлашган бино-иншоотлар бугунги кун талабларига мос дизайнда бўлиши, кўрсатилган хизматлар замон талаблари асосида ташкил этилиши лозимлиги таъкидланди.  Йиғилишда “Тошкент-Оҳангарон-Ангрен” автомобиль йўли ва унинг атрофини тартибга келтириш, ноқонуний қурилмаларни бузиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, турар ва нотурар жой биноларини белгиланган талаб-ларга асосан қайта қуриш мақсадида, вилоят, Оҳангарон тумани, Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари корхона ва ташкилотлар раҳбарларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Ушбу ҳудудларни юқори даражада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, мавжуд ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш, янги бино, хусусан, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этиш мақсадга мувофиқ эканлиги айтиб ўтилди.

Унга кўра,  “Тошкент-Ўш” А-373 автомагистраль йўли бўйлаб, 350 та янгиланган намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиб, жорий йилнинг 1 октябрь кунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Мазкур уй-жойларнинг нархи 180 млн. (1 қаватли, 3 хона), 310 млн. сўм (2 қаватли 4 хона) бўлиши  кутилмоқда.

“Архитекторнинг қайнонаси шу уйда яшайди…”

Истиқболли лойиҳанинг ижросини таъминлаш мақсадида, туманимиздаги “Унгут” МФЙдан бошлаб, Нуробод қўрғонигача бўлган ҳудудларда ишлар бошлаб юборилди. Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси зарур бўлган объектларни баҳолаш ишларини бошлаб юборишган. Ҳозирги кунга қадар (2018 йил 12 июль ҳолатига кўра),  ҳудуддаги 67 та уй баҳоланиш рўйхатига киритилиб, 27 та уйнинг ҳужжатлари тегишли тартибда турар жойларни баҳолаш ваколатига эга идораларга юборилди.

Бу борадаги тадбирларни самарали ташкил этиш ҳамда бажарилаётган ишларнинг кунлик натижаларини умумлаштирган ҳолда назорат қилиш мақсадида, “Ялпоқтепа” МФЙдаги “Гулзор” чойхонаси вилоят штаби қилиб, “Ўзбекистон” МФЙ биноси эса туман штаби қилиб белгиланди.

Мана шу истиқболли лойиҳа доирасида ҳудудимизда замонавий уй-жойлар қад кўтаради. Эртамиз эгалари учун болалар майдончалари, қолаверса, янги, замонавий  типдаги МТМ бунёд этилиши билан биргаликда, қишлоқ аҳолиси учун ҳам бир қанча қулайликлар яратилади.

–       Бу ҳудудлар “Яшил ҳудуд”га айлантирилади. Қорахитойнинг тарихида янги воқеа бўлади. Ҳеч бир уйлар баҳоланмасдан бузилмайди. Қонунда, меъ-ёрий хужжатларда белгиланган тартибда бузишга тайёрлаш ва бузиш ишлари олиб борилади. Ҳар бир иш эҳтиёткорлик билан табиатга зиён етказилмаган ҳолда олиб борилиши керак, – деди туман ҳокими Ўктам Турсунов.

Бузиш ишлари олиб борилаётган “Ўзбекистон” МФЙдамиз. У ердаги аҳолининг аксарияти бу жараённи тўғри тушуниб, англаган кўринади. Кўча деворлари, йўл четидаги дўкон-шохобчалар бузилиши бошланган. Тўғри, бу уй-жойлар  кимларнингдир ота уйи, неча йиллик болалик хотиралари бор… Давлатимиз дунёнинг  ривожланган давлатлари қаторида эътироф этилаётган давр аҳолимиздан ҳар қандай замон талабларига “лаббай” дея жавоб беришни талаб қилмоқда.

Бу уйларда ҳали бир яйрайсиз…

“Ўзбекистон” МФЙ, Мустақиллик кўчаси 15-уйда истиқомат қилувчи Улуғжон ая Юлдашеванинг фикрларига қулоқ тутдик.

– Сўнгги йилларда Юртимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Шу бунёдкорлик нафаси бугун бизнинг қишлоғимизга ҳам етиб келди. Оз вақт ичида бошлаб юборилган ишлар бизни бироз чўчитди.

Лекин эртамиздан умидимиз катта. Яқин орада биз яшаган ҳудудларда замонавий уй-жойлар қурилиб, қишлоғимиз ҳеч бир шаҳардан қолишмайдиган “Қорахитой шаҳарчаси”га айланади…

Бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари  аҳоли осойишталиги, эл-юрт фаровонлигини  таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз…

Гулшода КАРИМОВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.