Бузилишми ёки…

Шаҳарда дув-дув гап: “Эшитдингми, йўл бўйидаги уйлару бошқа бинолар бузилаётганмиш…” Хўш, ўзи нима гап?

Аввало, айнан Оҳангарон тумани ва шаҳри аҳли учун бу гаплар янгилик эмас. Боиси, кейинги икки йилда халқаро автомагистралнинг шаҳар қисмида бу масала долзарб бўлиб келаётган эди. Айрим хонадон эгалари билан ҳисоб-китоб ишлари ўтган йилиёқ амалга оширилган, шунга кўра, катта йўл ёқасида биқиниб, тиқилинчлик содир бўлишига сабабчи уйларни бузишга тушилган эди.

Бироқ, жараён янгитдан уйғониб, ишлар жадаллашгач, айримлар вазиятни ўзича чамалаб кўриб, давлатдан кўпроқ наф ундириб қолишни кўзлаётгани, тихирлик қилаёт-гани ҳам бор гап…

“Уйим бузилаяпти” – бу ибора жуда қўпол ва ҳақоратли жаранглайди. Айнан Оҳангарон шаҳри ва тумани мисолида айтадиган бўлсак, бу ҳолатда уйлар бузилаяпти, фуқарога жабр қилинаяпти, дейиш мутлақо нотўғри…

Унда тўғри гап қаерда?

Биринчидан, халқаро автомагистрал бўйидаги уйларни кўчириш, йўлни кенгайтириш кимнингдир ғояси, алоҳида бир шахснинг хоҳиш-истаги эмас. Бу халқаро автомагистрал йўлининг мавжуд стандарти талабларидан келиб чиқиладиган ҳолат. Шуни ёдда тутиш керакки, мамлакатни модернизация қилиш, аввало йўл ва транспорт-коммуникация соҳасини ислоҳ қилишдан бошланади. Қолган барча жараён шунинг атрофида айланади. Фалсафада базис ва устқурма деган тушунчалар бор. Шу маънода, мукаммал йўл инфраструктураси, бу ўринда, тараққиётнинг базиси бўлса, қолган соҳалар унинг устқурмасидир.

Иккинчидан, ҳар бир хонадон эгаларига аввалроқ огоҳлантириш хати берилган. Унга кўра, оила аъзолари кўчиш тараддудига тушиши, вақтинчалик истиқомат ўрни бор-йўқлигини ҳокимлик вакилига айтиши керак. Бунда юзага келадиган ҳар бир муаммоли ҳолат учун зарур моддий-техник ёрдам кўрсатилади.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги вакиллари уйма-уй юриб, лойиҳа қамровига тушган ҳар бир хонадонни одилона нархлашаяпти. Нархлаш жараёнида маҳалла фаоллари, хонадон эгалари қатнашаяпти. Ҳаммаси очиқ-ойдин, шаффофлик билан олиб борилаяпти.

Тўртинчидан, вақтинчалик истиқомат жойи бўлмаган ҳар бир оилага 6 миллион сўм  миқдорида нақд пул берилаяпти. Бу пул уларнинг то янги уйга кўчиб ўтгунча бўлган вақт оралиғида ижарага тўлаши учун маблағ тариқасида берилаяпти.

Бешинчидан, обод ва равон бўлаётган янги йўл олис келажакда эмас, насиб қилса, шу йил якунигача ишга тушиши кутилаяпти. Давлат шундай йўл тутаяптики, йўлнинг кенгайиши ҳисобига қурилиши мўлжалланган объектлар ичида энг биринчи бўлиб фойдаланишга топшириладигани бу – турли ўлчам ва кўринишли, арзон ва сифатли аҳоли турар-жойлари, кўп қаватли уйлардир. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, кўпи билан 3-4 ой ичида замонавий уй-жойлар қуриб битказилади.

Хуллас, ҳали айтса бўладиган янгиликлар ва қулайликлар кўп-у, лекин, қирқ тўққизинчидан-эллигинчидан, деб аҳолига берилаётган эътиборни санайверсак, сиз зерикиб қоласиз. Уни-буни қўйинг, ҳали бир шинам-бир шинам янги уйлар битсин, ана унда, қарабсизки, янги уйга кўчиб кирган оилаларнинг бахту саодати маҳаллада…

… Дув-дув гап!

 Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида олиб борилган сайёр йиғилишда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Оҳангарон туманлари ва Оҳангарон шаҳри ҳудудидан ўтувчи Тошкент – Ўш А-373 автомагистралини ободонлаштириш ва жаҳон стандартлари талабига мослаштириш масаласи фаоллар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилиш қарорига кўра, инфратузилма объектлари ва уй-жойларни демонтаж қилиш, қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича Рес-публика ишчи гуруҳи тузилди.

Кўриб қол, эй дилбарим, қурмоқ учун бузмоқдаман…

Йиғилишда “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУКка Оҳангарон шаҳридаги Холмуҳаммедов кўчасининг концепция лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, йўл бўйида қурилиши режалаштирилган 24 та намунали кўп қаватли уйларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Режага кўра, уйларнинг 1-қаватидан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ўрин олади. Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги қошида ҳудуддаги барча корхона-ташкилот,  маҳалла вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Қуриладиган кўпқаватли турар-жойлар ҳудудидаги бузилишга тушадиган 301 та объектлар (уй-жойлар, бино ва иншоотлар ҳамда бошқа нотурар жойлар) рўйхати шакллантирилди.

Жараёнга Республикамиздаги 13 та банкнинг кредит маблағлари ҳамда 20 та салоҳиятли, тажрибали қурилиш ташкилотлари жалб этиладиган бўлди.

Хонадон эгалари нима дейди…

Халқаро автомагистраль лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишларни ҳар ким турлича қабул қилди. Ҳар бир янгилик маълум тўсиқлар, ноқулайликларга учраши табиий, албатта. Тушунган давлат томонидан ёрдам тариқасида уй-жойнинг нархланган суммасидан ташқари таклиф этилаётган 6 миллион сўмни қабул қилиб, ажратилган участкаларга замонавий турар-жой бунёд этиш ҳаракатига тушди. Тушунмаган эса…

Холмуҳаммедов кўчасидаги 37-уйдамиз. Хонадон эгаси масаланинг моҳиятини тушунмай анчагина қайсарлик қилди. Уларни ҳам тушунса бўлади. Фарзандлари туғилган гўша, ҳаётининг аччиқ-чучук дамлари ўтган жой ҳар бир инсон учун қадрдонга айланади. Бироқ шаҳар ҳокими О.Жўраевнинг шахсан ўзи келиб, вазиятни, уларга яратилаётган имкониятларни тушунтиргач, аввалги дилхираликдан асар ҳам қолмади.

Уйингиз қизил чизиқдами?

У ҳолда кўчиш тараддудини бошлайверинг. Тараққиёт барча нарсани ўзгартиради, умрнинг мазмуни ўзгариш ва янгиланишларда. Бу ҳолат асло мусибат ёки фожиа эмас. Аксинча, сиз тараққиёт ва юксалиш йўлида давлат ва жамият билан уйғун ҳаракат қилишингиз кераклигига чорловдир.

Шаҳар ҳудудида йўлнинг эни 32-34 метр бўлиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари йўл юзасида қуриладиган уйлар учун яна 20 метр жой ажратилиши лозим бўлади. Туман ҳудудида эса бу рақам кўпроқ. Хуллас, ҳар жиҳатдан ўйлаб қаралганда ҳам, охир-оқибат одамлар ва давлат учун фойдали бўлаяпти.

Муаммоли вазият борми?

Бор. Ўйлаб кўринг, лойиҳа бошқаруви агентлиги ходимлари бузилишга тушган уйни нархлаб кетишди. Хонадон эгаси ҳам белгиланган миқдордан рози. Ҳаммаси келишилган. Белгиланган маблағни 15-20 кунда хонадон эгаси ҳисобига ўтказиб бериш тўғрисида шаҳар ҳокими томонидан шахсан кафолат хати берилган. Бироқ, уй эгаси токи белгиланган маблағ ҳисобига ўтказиб берилмас экан, ҳеч қаерга кўчмаслигини айтиб, уйни бузиш ишларига қаршилик қилади.

Аслида масаланинг моҳиятига разм солинса, бу ўринда ҳам давлатнинг фуқароларни ўйлаб, вазминлик билан, муроса йўсинида иш олиб бораётганини кўрамиз.

Биринчидан, дейлик, келишилган маблағ фуқаро ҳисобига ўтказиб берилганидан кейин, табиийки, уй бутун ашқол-дашқоли билан давлат тасарруфига ўтади. Ана ундан кейин сотиб олган томон бузиш режасига киритилган уй-жойларнинг қурилиш материалларини истаганича тасарруф қилиши мумкин. Чунки, ҳуқуқий томондан олганда, бир тараф олган, бир тараф сотган. Сотиб олган нима қилса – ўзи билади.

Бироқ, бу вазиятда давлат фуқароларга вақт ва имконият, зарур моддий-техник ёрдам кўрсатиб, бузиш режасига тушган уйдан, яъни, сотиб олинган ҳовлидан нимаики керакли бўлса, ишлатишга яроқли деб топилса, ҳаммасини олиб чиқиб кетишга изн бераяпти. Бу ишда уларга астойдил кўмаклашилаяпти.

Иккинчидан, маблағ масаласининг дарров ҳал бўлмаслиги бир неча омилларга боғлиқ. Аввало, алоҳида бир шахсга тааллуқли маблағ эмас, умумий миқдор, жами ҳисоб-китоблар бир жойда жам бўлиши керак. Умумлашма маълумот тўплангандан кейин, тегишли тартибда юқори ташкилотлар томонидан экспертизадан, яна бир марта тафаккур чиғириғидан ўтказилади. Сўнграси, айтилган маблағ ўз эгаларига етказилади.

Демак, бу вазиятда ҳам инсоф ва адолат, халқпарварлик, гуманизм биринчи ўринда туради. Яна бир жиҳатга эътибор беринг. Ҳужжат ишларидаги бепарволик туфайли жуда кўп одамлар вақтида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирмаган. Жуда кўп ҳолларда, вазият шундайки, қурилган иморатнинг бир қисмигина кадастр ҳужжатига эга. Бошқа ёндош бинолар эса ҳеч бир ҳужжатсиз, ўзбошимчалик билан қурилган. Шуларни назарда тутиб, узоқ йиллар давомида яшаб келинган уй-жой ёки шу турдаги бошқа бинолар учун зудлик билан кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ва шундан кейингина тегишли тартибда нархлаш амалиёти жорий қилинди.

Хўш, нима деб ўйлайсиз, гўзал Оҳангаронимиз шундай қолавергани маъқулми ёки унинг келажакда йирик магистрал йўл ёқасида гуркираб гуллаб-яшнаётган замонавий шаҳар бўлишини ёқлайсизми?..

Буни билишингиз керак

Дарвоқе, маълумот учун бир фикр айтишни жоиз кўрамиз. Айни вақтда кунда-кунора тобора тиқилинч бўлиб бораётган мазкур йўлда аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлаяпти. Бу оламдаги жамики неъматлар жамият ва табиатнинг гултожи бўлмиш ҳазрати инсоннинг азиз умри олдида сариқ чақачалик аҳамиятга эга эмас. Отам деб бўзлаётган болакай, дилбандим деб зорланган онаизорнинг кўз ёшлари ҳар қандай тош юракни музтар қилади. Демоқчимизки, мазкур йўлнинг кенгайиши, аввало ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.

Яна бир гап. Бугунги замонавий дунёда сердаромад соҳалардан бири мамлакатнинг транзит салоҳиятидир. Тасаввур қилаяпсизми, транзит инфратузилмага эга мамлакатларда бу соҳадан тушадиган жами даромад табиий бойликлару завод, фабрикалар келтирадиган фойдадан кам эмас. Туризмнинг ривожланиши ҳам замонавий логистиканинг ташкил қилингани ва магистрал  йўлларнинг дунё стандартлари талабларига тўла жавоб бериши билан чамбарчас боғлиқ…

Дилшода АННАЕВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.