Инсон шундай яратилганки,  қаҳратон совуқда ҳам, жазирама иссиқда ҳам тана ҳарорати бир хил даражада бўлади. Организм ҳар қандай иқлим шароитларига мослашиш хусусиятига эга. Ўзбекистон иқлимига хос бўлган ҳавонинг қуруқлиги ҳамда мўътадил эсиб турадиган шабада танада терлаш йўли билан иссиқлик ажралишига, қисқача қилиб айтганда, организмни иссиқ иқлим шароитига мослашишига ёрдам беради.

Ёзнинг жазирама иссиғи юрак қон-томир касаллигига чалинган ҳамда ортиқча вазн тўплаган инсонлар саломатлигига таъсир қилиши ва улардаги сурункали кечаётган касалликларнинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Иссиқ иқлим пайтида енгил таомларни тановул қилиш, ёғли таом ва ширинликларни, тузланган, аччиқ таомларни камроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.  Ёз  кунларида лимонли ва кўк чой ичганингиз маъқул.

Мазкур даврда эгнингизга ҳавони яхши ўтказадиган, қуёш нурини қайтарадиган, кенг тикилган кийимларни кийишингиз лозим. Шунингдек, кийим танлашда матонинг рангига ҳам алоҳида эътибор қаратинг. Қора ва жигарранг матодан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади, оқ рангли газмолдан  тикилган кийимлар эса иссиқлик ва қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга.

Жазирама иссиқда мунтазам меҳнат қилувчилар танасида офтоб уриши ҳодисаси кузатилади. У ҳолдан тойишга, бош айланишига, бош оғриғига, кўнгил айниши, терининг қизариши каби салбий оқибатларга сабаб бўлади. Танани офтоб урганда, баданни ҳўл сочиқ билан ўраш, сўнгра шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Офтоб уришининг олдини олиш учун фуқароларимиздан имкони борича ҳавоси салқин бўлган жойларда кун ўтказишини, иссиқ ҳарорат вақтида мева ва сабзавотлар истеъмол қилишини, жазирама кунларда бош кийим кийишни ва соябон билан юришларини тавсия этамиз.

Луиза ХАЛИЛОВА,
туман Саломатлик маркази мудираси.