Фарғона вилоятининг Фурқат туманида бокс бўйича республика турнири бўлиб ўтди. Унда ўлкамиздаги 15 дан ортиқ кучли жамоалар баҳс олиб боришди. Қувонарлиси, 5 кун давом этган турнирда вакилларимиз ҳам муносиб иштирок этишди.

БЎСМ мураббийи, тажрибали ва шижоатли спортчи Диёр Ҳайтматов мураббийлигидаги 13 нафар Оҳангарон ёшлари жисмоний салоҳиятларини синовдан ўтказишди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда Ё. Ҳусанбоев, Х. Абдуллажонов, Ш. Ҳусанов, Ҳ. Ҳабибуллаев, Р. Тўйчиев ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритишган бўлса, А.Зарипов, А. Абдулакимов, С. Кобулов кумуш, А. Норхўжаев эса бронза медали билан кифояланишди. Спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида 3-ўринга лойиқ топилди.

Бугунги кунда боксчиларимиз Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро мусобақага тайёргарлик ишларини бошлаб юборишган.


СОЧИДАН 3 ТА ОЛТИН МЕДАЛЬ БИЛАН!

Якунланган июнь ойи оҳангаронликлар учун муваффақиятларга бой бўлди. Айниқса, бу ой ёшлигини спорт билан муштарак ўтказаётган воҳа спортчилари учун ғоятда сермазмун кечди.

Яқинда халқаро мусо-бақалар ғолиби, ҳамшаҳримиз Гулшода Жумабоеванинг ға-лабалари шодаси яна биттага кўпайди. У иштирок этган «SOCHI OPEN 2018» халқаро турнири спортчилар учун жорий йилнинг октябрь ойида Словенияда бўлиб ўтадиган Жаҳон кубоги мусобақаларига йўлланма бериши билан аҳамиятли эди.

Дунёнинг 300 дан ортиқ умидли каратэчилари жам бўлган мусобақаларда республикамиз шарафини  15 нафар умидли ёшларимиз муносиб ҳимоя қилишди. Гулшода кумитэ, ката ҳамда кампеки йўналишларида рақибларидан устунлигини намойиш этиб, 3 бора турнирнинг олтин медалини қўлга киритди.

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири Д.Аннаева тайёрлади.