Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар жамиятимизнинг барча соҳаларида бўлгани каби олий таълим тизимида ҳам ижобий ўзгаришлар, имкониятлар яратмоқда.

Ҳар қандай мамлакатнинг келажаги ҳар томонлама баркамол,  маърифатли ва замонавий билимларни мукаммал эгаллаган ёшлар билан боғлиқ.

Юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, чиқарилаётган қонун ва қарорлар мазкур соҳани янада ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3775 сонли қарорида олий таълим муассасалари учун долзарб вазифалар белгилаб берилди. Айниқса, мазкур қарорда ҳудудларда янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, кадр-лар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда сиртқи ва кечки бўлимларнинг очилиши, олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилиши мазкур йўналишдаги муҳим ислоҳотлар сифатида кўрсатиб ўтилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3152 сонли қарори асосида ташкил этилган Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, ёшларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний қобилиятларини ривожлантириш борасида таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш йўналишларида ишлар бошланган.

2018-2019 ўқув йилида 21 та бакалавр таълим йўналишининг кундузги таълим шаклига жами 1155 нафар, шунингдек, 7 та махсус сиртқи таълим йўналишларига жами 690 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган.

Ҳозирги пайтда институтнинг кундузги ва махсус сиртқи таълим йўналишларида жами 1738 нафар  талаба таҳсил олмоқда. Институт жамоасининг 47%ини илмий даражага эга ходимлар ташкил этади. Фанлар бўйича янги авлод ўқув адабиётлари, илмий-методик ишланмалар етарли даражада таъминланган. Жорий йилда капитал таъмирланиб топширилган Бош ўқув бинода 3 та лаборатория, 144 ўринли фаоллар зали, спорт зали ҳамда ўқув хоналари замон талаблари даражасида жиҳозланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 9 августдаги “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари асосида олий таълим муассасасида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ғофуржон МУҲАММЕДОВ,

 Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ректори.