Қишлоғимнинг ҳар фаслда ҳусну таровати ўзгача бўлади. Айниқса, эрта баҳорда бошқача бир гўзалликка бурканади. Бу гўзаллик қалбдаги муҳаббат билан уйғунлашиб, инсонларга янада куч-қувват ато этиши ҳам бор гап. Бу куч қишлоқ аҳлини ўз маконини севишга ундайверади, ундайверади…

Болаларим туғилган гўша

Тонг отди. Нурафшон бир тонг. Қурама билан Чотқол бир-бирига елка тутган жойдан ҳали қуёшнинг нурлари намоён бўлишга-да улгурмаган бир пайт. Бироқ, қишлоғим келинлари аллақачонлар ҳовлиларга сув сепишга, жаннат боғларидаги каби ифор таратаётган райҳонларга салом беришга-да улгуришган. Эрта турганнинг насибаси улуғ бўлади, дейишади нуронийлар. Ҳақ гап. Ана шу ҳақиқатга монанд бўлишга шай ҳар бир оилада эрта тонгданоқ ҳаёт қайнайди. Кимдир ишга отланишдан олдин ота-онаси, фарзандлари билан бирга дастурхон атрофида нонуштага ўтирган. Кимдир хонадон тўкинлиги йўлида боқилаётган подаю қўй-қўзиларни яйлов томон ҳайдаган. Яна кимдир елкасига каттакон кетмонини ташлаб, оиласи, рўзғори учун даромад манбаи бўлган даласи томон йўл олган…

Ажабо, инсон ўз маконини турли ёшда турлича севар экан. Балки, бу гапларим кимларгадир ғалати туюлар. Аммо, мен бу ҳисни ўзимча туйдим. Бола бўлиб ота-онам этагидан тутиб, бобом ва энамни йўқлаб келган чоғимда қишлоғимиз кўзимга бепоён бўлиб кўринар эди. Уни болаларча севардим ўшанда.

Ёшимга ёш қўшилгач, ўсмирлик йилларида секин-аста меҳрим янада оша борди. Қарангки, оилали бўлиб, фарзандлар дунёга келар экан, “болаларим туғилган гўша”, дея бу маконга янада боғланиб бораётганингизни сезмай ҳам қоларкансиз. “Илдиз”ингиз тобора чуқур ботаётгани сари шу ернинг қадри ортаётганини янаям яхшироқ англай борасиз. Ахир, ўғил-қизингиз шу ер, шу гўша, шу қишлоқнинг фарзанди, уларга меҳр-муҳаббат улашар экансиз, қишлоғингизга-да меҳр-муҳаббатли бўлиб бораётганингизни ҳис этасиз.

Қишлоғимнинг одамлари ажойиб. Нуроний отахонию юзларини ажин безаган момолари, гапга чечан чечаларию уй ташвишлари билан бирга даланинг ишларини-да дўндирувчи келин-янгаларни айтмайсизми… Ҳамма-ҳаммалари ўзгача феъл, ўзгача атворга эга бўлсалар-да, улар қишлоғимнинг бир бўлакчаси, аслида.

Тарихга бир назар

…Бирор маконнинг тарихини ўрганмоқчи бўлсангиз ёки кичик бўлса-да маълумот олиш истасангиз, шу ерда истиқомат қилаётган ёши улуғ инсонлар, нуроний кексалар даврасига шошасиз. Ана шундай суҳбатлар натижаси ўлароқ қишлоғимиз кечаги кунини, тарихини бир қадар тасаввур этдим.

Тириклик манбаи бўл-ган оби ҳаёт – ариқларнинг мавж уриб оқиши, суғориш имкониятларининг мавжудлиги боис экин майдонларидан фойдаланиш баробарида қишлоқ ҳудуди ўзлаштирилиши, Шовғозсойнинг шарқида жойлашган Кўпирбоши деган жой аҳолисининг тоғлардан пастки қиш-лоқларга кўчиб келиши ва ўтроқлашиши натижасида Тошариқ қишлоғи пайдо бўлади. Қишлоқ ҳудудидан оқиб ўтувчи ариқлар сабаб, қолаверса, тошлар бисёрлари боис қишлоқ шундай ном олган бўлса, ажабмас. 1949 йилдан қишлоқ Тошариқ номи билан расман атала бошланган. Бироқ, аслида қишлоқ одамлари бу ерларда ХХ асрнинг бошларида ҳам яшаб келишган. Фақат ўша вақтлардаги сиёсий жараёнлар сабаб, айниқса, “қулоқ” қилиш даврида тамға билан бу ерлардан мажбуран ҳайдалган ота-боболаримиз йиллар ўтиб, вазият юмшагач, секин-аста ўз юртларига, ўз қишлоқларига кўчиб келишгач, қишлоқ яна кенгайиб бораверган.

Бугуннинг нафаси

Қишлоғимиз “Қорабалиқ” МФЙ таркибига кириб, ҳозирда 830 оила истиқомат қилмоқда. Бу оилаларда қарийб 700дан зиёд ёшлар ўсиб, камолга етаяпти. Ёшларимиз ҳам катта авлод изидан бориб, асосан, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Шу билан бирга, яқин атрофдаги шаҳар ва туманларда жойлашган корхона-ташкилотларда меҳнат қилишиб, юрт ривожига озми-кўпми ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Қишлоғимизда турли йўналишда фаолият юритаётган фермерлар, жумладан, Муҳаммад Ҳасанов бошчилигидаги “Тошариқ”, Зулфиқор Парпиев раҳбарлигидаги “Адолат”, Сафармат Эшонқулов бошқараётган “Саидраҳмон замон оҳанг” фермер хўжаликлари нафақат ўзининг, балки эл-юрт манфаатини кўзлаётган бўлсалар, ёшлик шижоатини ғайратга камарбаста қилиб, тажрибали фермерлар изидан бораётган “Раҳмон ота келажаги” ФХ раҳбари Бегзод Раҳмоновнинг тенгдошларига ўрнак бўлаётгани ҳам қувонарли.

Ҳар бир жой, ҳар бир қишлоқ фақатгина номи билан эмас, балки у ерда яшаётган халқнинг, аҳолининг меҳнаткашлиги, ташаббускорлиги, ўз ерига бўлган муҳаббати билан қадр топади. Бу ҳақиқатни таъкидлар экан, маҳалла маслаҳатчиси Каромат опа Мадиёрова шу қишлоқда туғилиб, вояга етиб, унинг ривожи, қайсидир маънода, юксалиши учун ҳисса қўшган оилалар номини алоҳида келтириб ўтди. Абдувалиевлар, Мирзалиевлар, Тожиевлар, Солиевлар, Шерматовлар, Отақуловлар, Имоновлар, Мақсудовлар, Холматовлар, Эшонқуловлар, Алимқуловлар, Исмоиловлар, Эшматовлар, Мадумаровлар, Ҳасановлар,  Рисбоевлар, Абдурасуловлар, Тўлдибоевлар… Эҳ-ҳе, бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Бу сулола вакиллари қайсидир жиҳатлари билан бир-бирларидан устун бўлсалар борки, аммо ҳеч кам эмаслар. Бир-бирига ўрнак, бири-бирига кўзгу. Шу ўринда ота-оналарининг илму маърифатга ўзгача меҳр билан ёндашганликлари боис юртимизнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган Раҳмонали Мадумаров, Садриддин Эшонқулов, Абдумажид Солиев, Ўткир Исмоилов каби қишлоқ фарзандлари бугун эл дарди билан яшамоқдалар.

Севиш учун шу ерда туғилиш шарт эмас

Болаликдаги беғубор ниятлар ушалиши бор гап экан. Жажжи қизалоқ бўлганимизда қўшни момомиз – мактабда рус тилидан сабоқ берувчи Саломат опа сўзлаши, чиройли муомаласи билан ўзига ром этарди. Қишлоғимизга 74-йилларда йўлланма асосида келиб, том маънода тошариқлик бўлиб кетган Саломат опадан нуроний бобою бувилар ҳақида сўраганимда, қишлоқ аҳлининг барча қатлами ёшидан қатъий назар, сабрни дўст тутиб, меҳнатсеварликни ўзларига касб қилганликлари боис уларга ҳурмати ошганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бу қишлоқда яшаб ўтган ҳеч бир киши унут бўлмайди. Унинг бирор бир хайрли иши сабаб қишлоқдошлари хотирасида мудом тирик. Кечагина воҳамиз бўйлаб ёққан ёмғир ўз ортидан каттагина селни етаклаб келди. Бундан бир неча йиллар олдин ҳам шундай ҳодиса рўй берган ва ўша дамларда сел Тошариқнинг кираверишида жойлашган уйларга, хонадонларга талайгина зарар етказган эди. Мирзакарим Мирзавалиев (Аллоҳ раҳмат қилсин) ташаббуси билан қишлоқ бошидаги ариқ улкан автоуловлар ёрдамида чуқурроқ қазилди ва харсанглар билан сел йўли ёпилиб, сув ўзани тозаланган эди. Биргина ташаббус ортидан қанчадан-қанча оилалар талафотлардан омон қолишди. Халққа баҳо бермоқчи бўлсанг, бозорию мозорини кўр, деган нақлга амал қилган М.Мирзавалиев янги “Тошариқ” қабристонининг ободончилиги учун ҳисса қўшган эдилар. Бундай ташаббуслар ва уларни ҳаётга йўналтираётган ҳамқишлоқларимиз талайгина. Бу – алоҳида бир мавзу..

Кун манзаралари

Кўз – қалбнинг ойнаси, дейишади. Йўқловлар, тўй-маъракалар сабаб қўшни қишлоқларга борганимда нотаниш жойлар қалбимга у қадар илиқлик бермайди. Бу ҳам қишлоғимни ҳар куни кўраверганимдан, юзию кўзи таниш бўлиб кетган маҳалладошларимнинг тафтини ҳис этганимдан бўлса керак.

Эрталабдан ишга отланарканман, кўчада ҳар бир эшик олдига сувлар сепилган, йўлаклар супурилган бўлади. Кимдир ишга шошган, яна кимдир далага… Ҳар ким ўз иши билан машғул. Эрта тонгдан автоуловларида ғиз-ғиз далаларга қатнаётган деҳқон акаларим – қишлоғимнинг бир бўлакчаси. Яйлов томон қўй-қўзи, эчки-улоқларни ҳайдаб кетаётган чўпон Ҳамид аканинг ўғиллари-да қишлоғимнинг бир бўлакчаси. Кўча бошида ўтириб, ҳар ўтган кишининг саломига алик олиб, соғлик-омонлик тилаётган Абдурашид ота ҳам қишлоғимнинг бир бўлаги, аслида. Нозиккина жуссасига оғирлик қилаётгани шундоққина билиниб турган пақирларни кўтариб, хонадонига сув ташиётган қизалоқлар – қишлоғимнинг жажжи бўлакчалари.

Мен уларни яхлит севаман. Юзлари-да, кўзлари-да иссиқ одамлар…

Шоҳиста ЁҚУБЖОН қизи.
Тошариқ қишлоғи.