Нима дейсан, эй, ғаюр инсон?
Ғийбатларинг қилди мени қон.
Сен ҳам бир кун ўтурсан, инон,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

М.Юсуф.

Эрталабдан ишга чиқаман. Қани, вақтини топинг-чи? Яхшиси, айтмаганим маъқул. Чунки, тонг саҳардаги мажлисбозлик ҳақида минғирлаган бўламан – кимгадир ёқмайди. Кейин ўтириб, кунлик почта, яъни, таҳририятга келган хат-хабарлар, газета-журналлар билан танишаман. Сўнгра бо-о-о-ошланади…

– Ало, ўртоқ муҳаррир, бугун фалон жойда элга ош бериб, янги олийжаноб товуқхона очилишини нишонлаяпмиз, келинг-а…

– Зудлик билан ҳокимиятга келиб, ижро учун сизга йўлланган ҳужжатни қўл қўйиб, олиб кетинг…

– Тез фалон жойга етиб келинг, вилоятдан вакиллар бор, суратга олиш керак, масала жиддий…

– Да, эшитаман, сизми бу? Так, гап бундоқ, тез идорага келинг, йў-йў, фақат шахсан ўзиз келасиз, ўтган ойги ҳисоботда ноаниқлик бор, срази аниқлик киритмасайиз бўмийди…

– Эшитвоссизми, сизга этвомман, ёзволинг блокнотингизга! Эртага соат фалон вақтда фалон жойда бўлишингиз шарт!

Ана шунақа гаплар… Газетада эълон қилинган аксарият мақолалар ярим тунда ёки тинчроқ, бемажлисроқ бир шанба-якшанбада ёзилади. Шундай пайтларда ўзимни овутаман: ҳозир ҳамма жойда ҳам иш қизғин, на чора…

Бироқ, қалбимнинг туб-тубида бунга қарши овоз эшитилади: “Ижод ҳамиша меҳнатнинг алоҳида, ноёб шакли сифатида қадрланган. Ижод ва ижодкорлар қадрланмаган жамият таназзулга учраган. Ижод парвардигори оламнинг энг буюк сифати. Унга фақат Яратганнинг хос кишилари, Ўзи юқтирганларгина тақлид қила олади. Ҳамма даврларда ҳам виждонли ижодкорлар даврнинг пешқадами, пешволарнинг ҳамсуҳбати бўлганлар…”

Хўш, бугун вазият қандай? Бизнинг ихчамгина жамоамиз Оҳангарон шаҳри ва тумани миқёсида қандай даражотни эгаллаб турибди? Бизни ҳурмат қилишадими? Бу саволлар мени кўп ўйлантиради. Чунки, гап газетанинг бугунги мухбирлар жамоасининг ҳурмати, обрўси ҳақида эмас, умуман, жамиятимизда сўзнинг, газетанинг ҳурмати ҳақида бораётганини тушуниб турибсиз, албатта.

Мухбирларимиз, жамоамиз.., нима десам бўлади, хуллас, фақат ва фақат иштиёқ, касбга муҳаббат туфайли таҳририятда ишлаб келаётган, унинг тўкилиб тушай деб турган эски биносини ҳар куни кўзига суртгудек тозалаб-артадиган сафдошларимдир. Мен уларга баъзида гап айтишга қийналиб қоламан. Ваъдалар бергим келади. Беролмайман.

–  Элёр ака, бу оламда ҳақиқат барибир устун келади, кўрасиз, туҳматчиларгаям аталгани бор…

– Нозимжон, дўстим, ҳали уйлар қурасан, тўйлар қиласан, мана, таҳририят ҳам қараб турмайди…

– Суннатжон, Музаффар, ўқишга кириб, тоғни талқон, боғни бўстон қиласан, бу кунлар ҳам ўтади. Сабр қил, маошингни оширамиз…

Дилшода, Гулшода, азиз сингилларим, прописка ҳам, ўқиш ҳам, ҳаммаси бир кун ҳал бўлади, ишонинглар…

– Алишер ака, қачондир мактаб шаҳодатномасига эга бўласиз, сабр қилинг…

…дегим келади. Айтолмайман. Ҳолбуки, Элёр ака туну кун таҳририятда, клавиатура шақирлатиб, шу, сизу бизнинг коримизни бажараётган бўлади. Нозим, Суннат, Музаффар катта-кичик тадбирларда елиб-югуриб, хизмат қилади. Тадбирдан сўнг, тунни тонгга улаб, мақолалар ёзамиз, битта маъқул сурат топиш учун талашамиз-баҳслашамиз.

Мен юқоридаги гапларни нима учун ёздим? Кимдандир ёрдам сўрабми? Йўқ ва асло йўқ. Фақат билиб қўйишингизни истардикки, бизнинг жамоамиз бу куннинг ўлчами билан олганда, жуда оз маошга қаноат қилиб, шахсий дардларини иккинчи, учинчи даражага қўйиб, гир югуриб хизматингизда бўлаяпти. Сиз жамиятнинг виждони бўлмиш мухбир билан тўқнаш келганингизда, унга бирон иш юзасидан маломат ёғдираётганингизда, тадбирларга чорлаб, очин-тўқин ҳолатда эканига қизиқиб-қизиқмай, давраларга судраганингизда, унга ҳақиқат ҳақида ваъзлар ўқиётганингизда юқоридаги гапларимни ёдга олинг!..

Яна бир гап. Бир мультфильмда айтилганидек, ҳурмат топиш учун қўрқитиш шарт эмас – буни биламиз. Зотан, биз шу чоққача бировни қўрқитишга ҳаракат қилмадик ва бундай қурбатимиз ҳам йўқ. Обуна масаласида тилимиз қисиқ – кўз юмамиз. Танқид қилсак, кейин маломат остонасини ўпишга тўғри келади.

“Барчага ҳақиқат ёқади, лекин ўзи ҳақидаги эмас”, дейди донолардан бири. Бугун, байрам арафасида қалампир тишлаб, ўзимиз, хатоларимиз, андишаларимиз ҳақида ўйлашга, ёзишга жазм этдик.

Шу чоққача катта-кичик раҳбарлардан эшитганларим – сўздаги эътибор, сўздаги ширин тилаклар, режалар, ваъдаларнинг ақалли ярми ҳақиқатга айланганда эди, бугун таҳририят қаршингизда обуна масаласи билан жавдираб турмаган, аксинча, ўзингиз ҳар ҳафтада газетани қидириб-топиб ўқиётган бўлардингиз…

Кўрасиз – ўша кун ҳам келади!

Ассалому алайкум!

Беҳзод ҚОБУЛОВ,
бош муҳаррир.


Мана олти ойдирки, “Оҳангарон ҳаёти – Жизнь Ахангарана” газетаси Оҳангарондаги барча аҳамиятга молик бўлган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий воқеаларни ёритиб келмоқда. Бугун биз газета саҳифаларида ёритилаётган мақолаю хабарларни туман, шаҳар кесимида ўрганиб чиқиб, кўрсатгичларни рақамларда акс эттиришга ҳаракат қилдик. Натижалар қуйидагича: 


ТУРНАЛАР(“Оҳангарон ҳаёти” газетаси жамоасига)

Гар кўкларга тикилсам,
Дилда бир ҳис ўрмалар,
Жамоамизга ўхшайди,
Осмондаги турналар.

Шовқин солар аммо, лек
Қалб сирини сақлайди.
Тош отмангиз, улар ҳам
Паст учишни хоҳлайди.

Дўстлик қўлин чўзсангиз,
Балки ерда йўрғалар.
Билишимча уларга,
Кун бермасмиш  қарғалар.

Осмон билан тупроқнинг
Орасидадир улар,
Гоҳ хаёл, гоҳ кўзларим,
Қорасидадир улар.

Ёлғиз қолса инсоннинг,
Юрак бағри тирналар,
Жамоамизга ўхшайди,
Осмондаги турналар.

Бир  қўшиқни  куйлайди,
Турличадир овози.
Тинчлик рамзи саналар,
Турналарнинг парвози.

Майли разм солинг, лек
Санамангиз сонини.
Улар тортиб олмайди,
Ердагилар нонини.

Шоира ТЎЛАГАНОВА