Шаҳримиз аҳолисининг 10 787 нафарини вояга етмаган ёшлар ташкил этади. Уларнинг 6398 нафари умумтаълим мактабларида, 1500 га яқини касб-ҳунар коллежларида таълим олишади. Шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг шаҳар бўлинмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи шаҳар Кенгаши, таълим муассасалари  билан ҳамкорликда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.

2017-2018 ўқув йили давомида ўқувчилар давоматини тартибга солиш мақсадида мунтазам мониторинг ўтказиб бордик. Хусусан, узлуксиз дарс қолдирган ўқувчиларнинг ҳужжатлари тўпланиб, шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясига тақдим этилди. Шу асосда ҳамкор ташкилотлар томонидан бу муаммонинг олдини олиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шаҳар ички ишлар бўлимига қарашли ХПБнинг ВЕ ва ЁЎХПТЭГ (ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқубузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи)  томонидан ўқувчиларнинг дарс вақтида бозор, интернет клублари ва бошқа кўнгилочар жойларда бўлишининг олдини олиш мақсадида, “Ўсмир” тадбири ўтказилди. Жорий йилнинг шу давригача вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларни олдини олишга  йўналтирилган 100га яқин профилактик тадбирлар олиб борилди.  Фарзанд тарбиясига эътиборсизлик, носоғлом, нотинч оилаларда улғаяётган ўғил-қизлар тақдири ҳамиша эътибор марказидаги масала. Ота-оналари муомалага лаёқатсизлиги, фарзандлари тақдирига бефарқлиги боис қаровсиз, назоратсиз қолган 5 нафар вояга етмаган болалар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Ота-онасининг масъулиятсизлиги туфайли қаровсиз қолган бир нафар ўқувчи қиз Чиноздаги ёпиқ мактаб-интернатнинг 5-синфига ўтказилди. Назоратга муҳтож яна бир 15 ёшли ўсмир Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги махсус касб-ҳунар коллежида таҳсилни давом эттираяпти.

Бу йўналишдаги профилактик тадбирлар ёзги таътил мавсумида янада кучайтирилиши табиий. Зеро, ўқувчи ёшларнинг ҳозир бўш вақти кўп. Бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун уларга зарур шарт-шароит яратсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Мактабларда ташкил этилаётган ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари, маҳалла гузарларидаги спорт майдончалари фарзандларимизнинг таътил даврини мазмунли ўтказишларига хизмат қилади. Боланинг бегонаси бўлмайди. Шунингдек, инсонпарвар жамиятимизда ҳеч бир бола эътиборсиз, қаровсиз қолмайди.

Нилуфар КАРИМХЎЖАЕВА,
шаҳар ИИБ инспектори, капитан.