Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Оҳангарон шаҳар Кенгаши бугунги кунда ўз сафига 13850 нафар ёшларни бирлаштирган. Ёшлар иттифоқИ таркибидаги “Камалак” болалар ташкилоти аъзолари таркибида  7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 5630 дан зиёд  ўқувчилар бор. Ёшлар иттифоқи фаолиятига асос солинганига бир йил бўлди. Ўтган давр мобайнида қандай ютуқларга эришилди? Ёшларни қийнаётган қандай муаммолар ўз ечимини кутмоқда? Келинг, бу ҳақда Кенгаш фаолларининг ўзидан эшитайлик:

Гулинаврўза РАҲМОНОВА,
шаҳар Кенгашининг  бош сардори,
3-мактабнинг 11-синф ўқувчиси:

– Шаҳримиздаги мавжуд 9 та умумтаълим мактабларида сардорлар 18 та йўналиш бўйича иш олиб боришмоқда. Кенгаш қошида “Сардорлар мактаби” ташкил этдик. Бу ерда сардорларга методик ёрдам берилади. Кенгаш қошида, шунингдек, “Патронаж клуби” ташкил этганмиз. Клуб аъзолари бўлган ўқувчи ёшларимиз ҳар якшанба бозор кезиб, юк кўтарган кексаларнинг оғирини енгил қилаяпти. Шунингдек, кўмакка муҳтож қариялар хонадонида бўлиб, уларга уй юмушларида кўмаклашамиз, китоб, газета, журнал ўқиб берамиз. Амалга оширилаётган “Ўзингни англа” лойиҳаси ҳам истиқболлидир. Лойиҳа доирасида буюк аждодларимиз, халқимизнинг асл, фидойи вакиллари ҳақида маълумот-тарқатмалар тайёрлаб, уларнинг эзгу ишларини намуна қилиб кўрсатамиз. Шаҳримиз ёшлари ташаббуси билан старт олган “Экопатруль” лойиҳаси кўлами кенгайиб,  вилоятда оммалаштирилганлиги ҳам биз учун бир ютуқ бўлди, деб ўйлайман. Шаҳар кўчалари бўйлаб чиқиндиларни тўпладик. Атроф-муҳит тозалиги, экологик барқарорликка ўз ҳиссамизни қўшдик.

Бундан ташқари, ҳар бир синф бурчагида кераксиз қоғозларни тўплаш учун махсус макулатура қутиси ташкил этдик. Тўпланган макулатурадан йиғилган маблағга ўқув жиҳозлари, мактаб кутубхонаси учун керакли адабиётлар  олинаяпти. “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” лойиҳаси асосида “Саломатлик посбонлари” гуруҳини тузиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи бук-лет,  плакатлар, тарқатмалар тайёрладик ва ўқувчи ёшларга етказдик. Хуллас, сира бўш вақтимиз йўқ. Биз иттифоқчилармиз. Эзгу мақсад, ёруғ истиқбол, хайрли интилиш остида, бир мақсад атрофида бирлашганмиз. Сафимиз янада кенгаяверсин.

Замира ЭРНАЗАРОВА,
Саноат КҲК Ёшлар иттифоқи
бошланғич ташкилот етакчиси:

– Мамлакатимиз ёшларини озод ва обод Ватан яратишдек улуғ мақсад йўлида бирлаштириш,  жисмонан соғлом, маьнавий етук, дунёқараши теран ва мустақил фикрловчи авлодни камол топтириш мақсадида, кенг кўламдаги ишларни амалга ошираяпмиз. Вояга етмаганлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, назоратсизликнинг аҳволи, ўқувчилар давомати тўғрисида, “Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят учун жавобгарликнинг хусусиятлари, жазо турлари ва уларни тайинлаш тартиби”,  Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек, ўз кучини йўқотган айрим қонун ҳужжатлари хусусида, “Диний экстремизм, терроризмнинг ёшлар келажагига таҳдиди”, “Жаҳолатга қарши маърифат” каби мавзуларда қатор маънавий-маърифий тадбирлар, спорт беллашувлари  ўтказилди. Ўқувчи ёшлар ўртасида китобхонликни  тарғиб этиш баробарида, коллеж қошидаги АРМда ҳашар уюштирилди, китоблар сараланди, эски ва янги китобларга техник ишлов берилди.

Ҳар пайшанба – профилактика кунида ўқувчи ва ўқитувчилар, ота-оналар иштирокида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга йўналтирилган тарғибот тадбирларига кенг эътибор қаратдик. Натижада, ўқув йили бошида низоли оила фарзандлари бўлган 18 нафар ўқувчилар-нинг барчасида ижобий томонга ўзгариш кузатилди. Бу ижобий жараёнда гуруҳ етакчилари, пресс-клуб вакиллари фаол иштирок этишаяпти.

Мирвали ИМОМАЛИЕВ,
Саноат КҲКнинг 2-босқич ўқувчиси,
пресс-клуб раҳбари:  

– Асосий мақсадимиз коллежимиз  ўқувчилари эришаётган ютуқлар, амалга оширилаётган ишларни ОАВда ёритиш, воқеа-ҳодисаларга танқидий ёндашиш, уларни  таҳлилий ўрганиш, мавжуд муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратишдир. Гуруҳлар ўртасида соғлом рақобатни йўлга қўйганмиз. Радиоузел ташкил қилиниб,  гуруҳлар давомати, ўзлаштириши, ўқувчиларнинг тадбирлардаги фаоллиги мониторинги эълон қилиб борилди. Гуруҳ ўқувчиларини тўгаракларга, спорт секцияларига қамраб олишга эришилаяпти. Китобхонликни кенг тарғиб этаяпмиз. Ҳар бир гуруҳ ўз деворий газетасини  чиқаради. Фаоллар рағбатлантириб борилади.

Лазиз АБДУРАҲИМОВ,
Ёшлар иттифоқи шаҳар Кенгаши раиси:

– Ёшларимизнинг бандлигини таъминлаш масаласи асосий муаммо бўлиб турибди. 288 нафар меҳнатга талабгор, уюшмаган қатламнинг 95 нафари муқим иш ўрнига эга бўлганлиги ўтган давр ичида эришган катта ютуғимиз, деб биламан. Уюшмаган ёшларнинг иттифоқ таркибига жипс-лашганлигининг ўзи ҳам келгуси  муваффақиятлар сари йўл очиши аниқ. Яқин истиқболда шаҳримиз ёшлари учун ажойиб туҳфа ҳозирланаяпти. “Ёшлар маркази” барпо этиш борасидаги режамиз 2019 йилги Давлат дастурига киритилди. 9 миллиард сўм миқдоридаги бюджет маблағи йўналтириладиган мазкур маж-муада ёшларнинг қизиқиш ва иқтидорини ривожлантирувчи, уларга йўналиш берувчи тўгараклар, спорт секциялари, кутубхона, интернет-клуб, компьютерхона, маданий кўнгилочар масканлар жой олади. Ёшларимиз учун янги-янги иш ўринлари яратилади.  ОТМ (олий таълим муассасаси)га киришда имтиёз масаласида 50 га яқин билимли ва ташаббускор ёшлар орасидан энг муносиблари саралаб олинди.

Фурсати экан, шаҳримиз ёшларини  шукуҳли байрам – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил топган сана, Ёшлар куни билан қутлайман. Қўлни қўлга бериб, маррани юксак олиб, бирлашайлик.