2018 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан, билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган 226 нафар фуқаро афв этилди.

Шу каби афв этилганлар қаторида Ёнариқ маҳалласи, Мустақиллик кўчасида яшовчи Шаҳзод Ибрагимов ҳам бор. 13 июнь куни Шаҳзодбек жонажон оиласи, қадрдон ота-онаси бағрига қайтди. Бу хонадонда барча ёру дўстлар, маҳалла аҳли жам бўлишди. Айниқса, отаси Абдуманноб ака ва онаси Гулчеҳра опанинг қувончлари ичига сиғмай кетди. Фарзандини бағрига босиб Президентимизга раҳматлар айтишди. Ушбу хонадонга туман ҳокимининг ёшлар сиёсатини ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалари бўйича ўринбосари Абдуҳошим Йўлдошев, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Ихтиёр Қурбонов, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Мақсуд Холматов ҳамда “Ёнариқ” МФЙ раиси Малика Эргашова келиб, Шаҳзодбекни  озодликка чиққани билан қутлашди.

Абдуҳошим Йўлдошев туман ҳокими Ўктам Турсуновнинг ёшларга қилаётган ғамхўрлиги, уларга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб, Шаҳзодбекни иш билан таъминлаш масаласига амалий кўмак кўрсатишларини айтиб ўтди. Шаҳзодбек ҳам бугун қилган ишидан пушаймон экани, адашиб шу йўлга кириб қолганини, эндиликда ҳукуматимиз ва маҳалла аҳлининг ишончини оқлашини билдирди. Ҳа, бундай бағрикенглик, инсонийлик каби фазилатлар фақатгина бизнинг халқимизга ярашади.

 Алишер АЗИМОВ
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.