Ҳар қандай соҳа ривожида, хусусан, Ватанимиз эртаси ёш авлод келажагига тамал тоши бўлган таълим-тарбия тизимида  билимли, салоҳиятли кадрларнинг ўрни беқиёс. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3183-сонли қарори асосида ўтган ўқув йилида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон республикаси ва  вилоятлардаги олий педагогик таълим муассасаларида махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган эди.

Ҳукумат қарори асосида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида педагогика институтига асос солиниб, кундузги ва сиртқи бўлимларга биринчи талабалар саралаб олинган эди. Махсус сиртқи бўлимнинг бакалавриат таълим йўналишига  ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга ҳамда 3 йил ва ундан кўпроқ вақтдан буён таълим тизимида педагогик фаолият юритаётган 26 нафар оҳангаронликлар ҳам қабул қилинганди.

– 1-Тошкент педагогика билим юртини имтиёзли диплом билан тамомлаб, ўрта мактабда иш фаолиятимни бошлаганимга ўтган йили 17 йил бўлганди, – дейди уларнинг бири  1-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Феруза Йўлдошева. – Шу давр ичида олий даргоҳда ўқиш армон бўлиб келаётган эди. Педагогика олийгоҳидаги таҳсил давомида кўпроқ ўз устимизда ишлашга, янги дарс ишланмалари яратишга интилаяпмиз. Оила масъулияти, фарзандлар тарбиясига ҳам улгураяпмиз. Махсус сиртқи бўлим биз педагог аёллар, оналарга қулай имконият бўлди.

Ўтган йилги ОТМга қабул жараёнида Навоий давлат кончилик институти, Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги махсус сиртқи бўлимларга ҳам талабалар қабул қилинган эди. Жорий 2018-2019  ўқув йилида эса Тошкент архитектура-қурилиш институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институтида сиртқи таълим йўналишлари ташкил этилади. Махсус сиртқи бўлимларга қабул жараёнида  шунингдек, таълим муассасаси эҳтиёжи асосида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан бериладиган тавсиянома ҳам талаб этилади.

Ўтган йили шаҳримиз ёшларининг 26 нафари олий ўқув юртига талабаликка қабул қилинган. Бу гуруҳнинг 7 нафари коллеж битирувчилари бўлиб, тумандаги КҲКни тамомлаган 9 нафар қишлоқ ёшлари ҳам талабалар сафидан жой олишган эди.

Талабаликка орзуманд йигит-қизлар учун яна бир имконият яратилди. Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида”ги 914-сонли қарорига кўра, ОТМга имтиёзли қабул қилиш мақсадида тавсияномалар бериш бўйича республика комиссияси тақдимномаси асосида давлат комиссиясининг қарорига кўра, жорий ўқув йилида Ёшлар иттифоқининг  14 нафар фаол аъзоларига омад кулиб боқди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан энг муносиб ёшлар сараланиб, доимий яшаш жойидаги ОТМнинг педагогика таълим йўналишларига касбий (ижодий) имтиҳонларсиз ва тест синовларисиз, давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинди. Бу йил ОТМга кириш учун топшириладиган тест синовлари 1 августдан 15 августгача республика бўйлаб 57 та катта павильонларда ўтказилади. Уларга кузатув камералари ўрнатилади. Тест синови жараёнларини  телеканаллар орқали тўғридан тўғри намойиш этиш кўзда тутилган. Тизимда амалга оширилаётган бу каби ўзгаришлар тест синовларининг адолатли ва ҳаққоний ўтишини, талабаликка энг билимли, зукко ёшлар танлаб олинишини таъминлайди.

Бугун барча жабҳаларда кечаётган тезкорлик ва янгиланишлар жараёнида соҳа ходимларидан етук билим, малака ва маҳорат талаб этилади. ОТМ билимли ва салоҳиятли кадрларга бўлган мана шу талабни қондиришга хизмат қилади. Жорий йилда шаҳримиздаги корхона, ташкилот ва муассасалардаги мутахассислар сафига 29 нафар олий таълим дипломига эга ёшлар қўшилади.

Райҳон САЛАЕВА,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.