ёхуд Ҳасан Тоир нима дейди?..

Қорахитой қишлоғида бўлганмисиз? Бормаган бўлсангиз, унда кўп нарсадан бехабар қолибсиз. Дарҳақиқат, ушбу маҳалла сўнгги пайтларда барчанинг диққат марказига, туман миқёсидаги турли оммавий тадбирлар ўтказиладиган масканга айланган, десак муболаға бўлмайди. Дарвоқе, оммавий тадбирлар ҳақида… Бундай тантаналар, байрамлар, маросимлар куй-қўшиқ, рақслару турли бадиий чиқишларсиз ўтмаслиги тайин. Айниқса, санъатга ошно ёшларимиз томонидан маҳорат билан ижро этилган ашула ва рақслар барчани бефарқ қолдирмаслиги бор гап. Нимага бу ҳақда сўз бораётганлигига ҳайрон бўлаётгандирсиз. Ундай бўлса эшитинг. Бугун сиз билан суҳбат қурмоқчи бўлган мавзуимиз айнан Қорахитой қишлоғида қад ростлаган, биз айтган санъатга шайдо ёш қалбларнинг севимли масканига айланган 31-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳақида.

Мазкур мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 6 августдаги ПҚ-2020-сонли Қарорига биноан, 2014 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси  маблағлари асосида бунёд этилиб, фойдаланишга топширилган. Ёшларимизни соғлом ва маънавий етук, баркамол инсон бўлиб вояга етишларини таъминлаш мақсадида барпо этилган бу муҳташам, 2 қаватли иншоот вилоят Халқ таълими бошқармасининг кўмаги билан замонавий жиҳозлару мусиқа асбоблари билан таъминланди. Туман ҳокимининг 2015 йил 24 январдаги 42-сонли қарорига кўра, ушбу мактабга 31-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби юридик мақоми берилди.

Айни пайтда ушбу санъат даргоҳида 169 нафар ўғил-қизлар таълим олаётган бўлиб, ўтган қисқа вақт давомида мактаб тарбияланувчилари туман, вилоят ва республика миқёсидаги танловларда муносиб иштирок этиб, туманимиз шарафини ҳимоя қилиб келишмоқда. Эришилган ютуқларни эшитиб, бунга ўзимиз ҳам ишонч ҳосил қилдик.

2018 йил 24 февралда халқ чолғу асбоблари йўналиши бўйича мактабнинг “Истеъдод зарблари” ансамбли болалар мусиқа ва санъат мактаблари ансамбллари республика кўрик-танловининг вилоят саралаш босқичида 3-ўринни, “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида ўтказилган “Ёшлар фестивали” танловининг туман саралаш босқичида халқ чолғу асбоблари йўналиши бўйича 1-ўринни, кейинчалик вилоят босқичида ҳам 1-ўринни эгаллаб, дипломлар билан тақдирланган. Эстрада хонандалиги бўлими ўқувчиси Ҳусан Муталов эса ушбу фестивалнинг туман саралаш босқичида 1-ўринни эгаллаган.

Албатта, мана шундай ютуқларнинг қўлга киритилишида ўқитувчи-мураббийларнинг ўрни бениҳоя каттадир. Айниқса, бу борада мактабда ажойиб муҳит, талабчан ўқитувчилардан иборат меҳнат жамоасини ташкил этиб, уларга раҳбарлик қилиб келаётган Ҳасан Тоировнинг жонкуярлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир.

Келинг, азиз ўқувчи, шу ерда мактаб директори Ҳ.Тоиров билан бўлган суҳбатимизни сизларга ҳавола этиб, қолган гап-ларни унинг ўзидан эшитсак.

–  Ҳасан ака, айтингчи, ёш истеъдод эгаларига таълим бериш билан бирга, уларнинг маҳоратларини ошириш юзасидан яна қандай амалий ишлар йўлга қўйилган?

– Бу борада вилоят Маданият бошқармаси, Ўзбекистон Давлат Консерваторияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Ўқувчиларимиз билан бирга мазкур билим даргоҳларига “Маster klass” учун сафарлар уюштираяпмиз. Сафарлар давомида ўқувчилар ўз йўналишлари бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиб, ўзларига керакли бўлган маълумотларни эгаллашмоқда. Ўйлайманки, келгусида ушбу ҳамкорлик ишларини янада кенгайтириб борсак, ёшларимизнинг интилишлари бунданда ортади.

– Маълумки, ҳар бир ота-она камолга етиб бораётган фарзандининг келажаги ҳақида қайғуради. Сизларда ота-оналар билан ҳамкорлик қай даражада йўлга қўйилган?

– Мактабимизга ташриф буюрсангиз, албатта, ҳар куни бир неча ота-онани учратишингиз аниқ. Уларнинг ўз фарзандлари учун елиб-югуришларини кўрсангиз, дилингиз икки ҳисса яйрайди. Ахир, ўзингиз бир тасаввур қилинг – зал тўла одам. Жажжигина болажонингиз қўлига мусиқа асбобини олиб, ўрганган бирон-бир куйни маҳорат билан ижро этса. Ёки бўлмаса, юзлаб томошабин кўз олдида қўрқмасдан ашула куйласа, ёки санъатнинг бошқа тури бўйича ўз истеъдодини намойиш этса… Қанчалар қувонасиз, тўғрими?… Мана яқинда, аниқроғи 26 май куни ҳисобот концертимизни ўтказдик. Маънавий-маърифий ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Алмагул Сейтимуратова раҳбарлигида ташкил этилган мазкур дастуримизда барча ота-оналар иштирок этишди. Фарзандларининг чиқишларидан мамнун бўлган ота-оналар устозларга ўзларининг миннатдорлигини билдиришди. Устозларга эса бундан ортиқ қувончнинг ўзи бўлмаса керак, айниқса, санъат соҳасида.

Шу пайт Ҳ.Тоировнинг телефони жиринглаб қолди. Телефонда ким биландир кўрик-танлов ҳақида гаплашиб бўлгач, қаҳрамонимиз суҳбатга қайтди.

– Тинчликми?

– Ҳа, эртага тасвирий, амалий санъат ва хореография йўналишлари бўйича вилоят кўрик-танловида иштирок этиш учун бир неча ўқувчиларимиз Қибрай туманига боришади. Ташкилий масалалар бўйича қўнғироқ қилишибди. Шу ўринда, олдиндан бўлса ҳам айтиб қўяй – жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро кўрик-танловга таклифномаларни кутяпмиз. Бир неча иқтидорли ёшларимиз билан иштирок этиш ниятимиз бор. Хусусан, дутор чолғу асбоби бўйича Муштарий Қўчқорбекова, тасвирий санъат бўйича Нодирбек Сатторовлардан умидимиз катта.

– Омадлар тилайман. Ҳасан ака, ютуқлар ҳақида суҳбатимизни узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ, келинг, шу ўринда мавжуд муаммолар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

– Муаммолар бор, кадрлар масаласида. Айни пайтда мактабимизда 38 нафар ходим бўлиб, улардан 4 нафари раҳбар, 15 нафари ўқитувчи, 19 нафари эса техник ходимлардир. Ҳозирги вақтда фортепиано, халқ чолғулари, дамли чолғулар, эстрада хонандалиги, хореография, амалий санъат йўналишлари бўйича олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёжимиз бор. Бу борада вилоят Маданият бошқармаси ҳамда бошқа нуфузли маданият институтларига мурожаатлар қилганмиз. Минг афсуски, бу ҳолат ҳозиргача ечимсиз қолмоқда.

– Фортепиано чалиш оз-моз қўлимиздан келади, балки бизга иш топилиб қолар (ҳазил аралаш)?

– Майли, бемалол (кулади)… Тўғри, туманимизда иқтидорли санъат эгалари кўп-ку, демоқчисиз. Дарҳақиқат, шундай… Лекин гап ёш авлоднинг таълим-тарбияси ҳақида кетмоқда. Демоқчиманки, биздан олий ўқув юртларини тамомлаган, қўлида дипломи бор педагогларни ишга олиш талаб этилмоқда…Шу ўринда айтмоқчи эдимки, айни пайтда 13 йўналишдан 8 таси ишлаб турибди. Айнан кадрлар билан боғлиқ муаммо борлиги сабабли, қолган 5 та йўналишимиз фаолиятсиз қолмоқда. Ваҳоланки, мазкур йўналишларга кўплаб талаблар бўлмоқда. Умид қиламиз, бу муаммолар яқин кунларда ҳал бўлади…

– Ҳасан ака, суҳбатимиз якунида мавзудан бироз узоқроқ бўлса-да, шахсий савол билан мурожаат этсам?..

– Бемалол…

– Халқимизга қизиқчи ҳамда комик актёр сифатида яхши танишсиз. Сиз томондан турли ҳажвий дастурларда ҳамда кинофильмларда ижро этилган роллар кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлган. Негадир, сўнгги пайтларда бу соҳада кўринмай қолдингиз, ёки мактаб раҳбарлиги билан боғлиқ ишлар бунга ҳалақит қилаяптими?

– Бу ҳам бир сабабдир. Чунки таълим-тарбия масканини бошқаришнинг ўзи бўлмайди. Ортиқча вақт топишнинг ўзи мушкул бўлиб бормоқда. Лекин шундай бўлса-да, ижоддан тўхтаганимиз йўқ. Яқинда “Нотаниш юлдуз” кинокомедиясида таксист ролини ижро этдим. Хабарингиз бўлса, фильм премьераси 15 май куни бўлиб ўтди. Томошабинларга манзур бўлади, деган умиддаман. Ижод қилишда эса давом этмоқдаман…

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, келгусидаги ишларингизда омадлар тилайман.

Айни пайтда мазкур мактабда 2017-2018 ўқув йили якунланиб, янги ўқув йили учун ўқувчиларни жалб қилиш ишлари авж олган. Маҳаллаларда тарғибот ишлари кенг йўлга қўйилиб, қабул комиссияси ўз ишини режа асосида олиб бормоқда. Ҳа, азизлар, шу ерда бугунги суҳбатимизни якунлаб, 31-сонли туман болалар мусиқа ва санъат мактаби жамоасига машаққатли меҳнатларида зафарлар тилаб қоламиз. Зеро, ёшларни баркамол қилиб тарбиялашдан юксакроқ, шарафлироқ вазифа бўлмаса керак…   

Элёр ЎТБОСОВ,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.