Ҳар бир ота-она фарзандининг комил инсон бўлиб вояга етишини истайди. Энг яхши нарсаларни фарзандларига илинади. Уларни ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етиши йўлида тиним билмай, меҳнат қилишади. Ўқув қуроллари, китоб-дарсликлар каби кунлик эҳтиёжларига ярайдиган маҳсулотларни сотиб олиб беришади. Лекин сотиб олган маҳсулотлари ҳар доим ҳам сифатли чиқавермайди. Айнан мана шундай сифатсиз, контрафакт маҳсулотларини харид қилиб, кейин афсус чекиб қолаётган харидорлар шаҳримизда ҳам талайгина…

Контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқариш иқтисодий ҳуқуқбузарликнинг бир кўриниши ҳисобланиб, уларнинг истеъмоли инсонлар саломатлиги ва ҳаётига, шу билан бирга, давлат ва жамият тинчлиги, фаровонлигига ҳам хавф солмоқда.

Мана шундай ҳо-латларнинг олдини олиш мақсадида, вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот, со-лиқ бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Турон ахборот-кутубхона марказида “Контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг олдини олиш: тадбиркорлик маданиятини ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоятимиз ҳудудидаги барча АКМ ва АРМ раҳбарлари, китоб дўконлари раҳбарлари, вилоятдаги матбаа корхоналари, ОАВ ходимлари ва фаол китобхонлар иштирок этишди.

Кун мавзусидаги масала юзасидан Тошкент вилояти Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зарифа Эралиева, рақобат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Исмоилов, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси масъул ходими Бурхон Қувондиқовнинг маърузалари тингланди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар биримиз истеъмолчи сифатида арзон ва сифатсиз буюмларга учмаслигимиз, тўғрироғи, контрафакт маҳсулотларидан эҳтиёт бўлмоғимиз лозим. Чунки бундай маҳсулотлар маълум маънода чўнтагимизга фойда келтирса-да, соғлиғимизга зиён етказишини унутмайлик!

Ўз мухбиримиз.