Сўнгги пайтларда барча жабҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аграр соҳани ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш юзасидан муҳим чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Президентимиз томонидан қабул қилинган “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулотлар етиштиришни кенгайтириш, аграр соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эҳтиёжи юзасидан долзарб вазифалар белгилаб берилди. Буларнинг барчаси, алалоқибат, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилганлиги билан устувор аҳамият касб этади. Озиқ-овқат хавфсизлиги нафақат бир давлатни бошқасига айнан озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан тобе эмаслигини, балки аҳоли эҳтиёжларини физиологик меъёрларга мос равишда истеъмол товарлари билан етарли даражада таъминланишини ҳам назарда тутади.

Маълумки, шу кунга қадар респуб-ликамизда озиқ-овқат хавсизлигини  таъминлаш борасида бир қатор ташкилотлар, корхоналар ўз йўналишлари бўйича фаолият кўрсатиб келаётган эди. 2018 йил 7 майда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниб, унга асосан, юқоридаги ташкилотлар тугатилди. Қарордан келиб чиқиб, тугатилган ташкилотларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислиги, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалари ва ваколатлари янги ташкил этилган инспекцияга ўтказилди.

Хўш, бундай янгича ёндашув, янгича механизмга зарурат қаердан пайдо бўлди?

Ёши улуғларимиздан гоҳи-гоҳида эшитиб қоламиз: яқин-яқингача қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дорилаш нималигини билмас эдик. Серқуёш, тупроғи унумдор далаларимизда, томорқаларимизда етиштирилган сархил помидору бодринглар, картошкаю пиёзларимиз, боғларимизда пишган ҳар хил меваларимиз ўзининг табиий тозалиги, ҳеч қандай кимёвий ўғитларсиз етилганлиги билан дунё бозорларида ўзининг муносиб ўрнига эга эди. Бу гапларга қўшилмай иложимиз йўқ. Ҳозир ҳам маҳсулотларимиз чет элга экспорт қилинмоқда. Бироқ, сўнгги пайтларда қишлоқ хўжалиги экинларига келган касалликлар худди компьютер вируси сингари тобора тез тарқаб, авж олиб бораётганлиги, бир касалликка даво топилса, ўрнига янгиси пайдо бўлаётганлиги кишини ажаблантиради. Ҳайрон қоларлиси шундаки, деҳқонларимиз экин экишдан олдин, уни қандай парваришлаш ёки келгусида қанча ҳосил бериши ҳақида эмас, балки қанча ҳосил йўқотаётганлиги, экинга тушадиган касалликка қарши кураш ҳақида бош қотирадиган бўлишди.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Бундай касалликлар каердан, қай йўсинда пайдо бўлмоқда? Ҳозирги кунда бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт ва импорт масалалари, қолаверса, озиқ-овқат бозорларини эгаллаш борасида жиддий рақобат юзага келганлиги сир эмас. Бу эса ҳар бир давлатни нафақат ички бозорларни тўлдириш, балки ўз маҳсулотларини чет элга сотиш орқали даромад кўришга бўлган интилишини янада кучайтирмоқда. Бироз мулоҳаза ва мушоҳада юритган одам юқоридаги муаммонинг қаерга бориб тақалаётганлигини англаб олиши қийин эмас. Тўғри, биз озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти борасида дунёнинг гигант давлатлари билан беллаша олмаймиз. Бироқ, серқуёш диёримизда етиштирилган маҳсулотларнинг сифат даражаси юқорилигини инобатга оладиган бўлсак, келгусида уларнинг “нонини яримта” қилишимиз бор гап. Ҳозирда ҳам мева-сабзавотларимизга Россия Федерацияси ҳамда қўшни давлатлардан талаб катта бўлаётганлиги фикримиз далилидир.

Ҳа, айнан юқоридаги каби муаммоларнинг олдини олиш, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ички ва ташқи бозорларни тўлдириш каби масалаларни ҳал этиш зарурати бу борада янги механизм яратилишини тақозо этди, десак янглишмаган бўламиз.

Шу ўринда, соҳадаги ишлар туманимизда қай даражада йўлга қўйилганлигига бир назар ташлашни лозим деб топдик.

Воҳамиз вилоятнинг қишлоқ хўжалиги маҳ-сулотларини етиштириш учун энг қулай ҳудудларидан бири эканлиги, бу ерда барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда экспорт қилиш имконияти юқорилигини инобатга оладиган бўлсак, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятга, хусусан, бу борада ерга тўғри ишлов бериш, турли касалликларнинг олдини олиш, ўғитлаш ишларини самарали ташкил этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорлик ҳамда экспорт ҳажмини ошириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаверади.

Рақамларга эътибор қаратсак. Туман Қишлоқ хўжалиги бўлимидан олинган маълумотга кўра, бу йил туманимизда 12 минг 710 гектар ерга (шундан 9060 гектар сувли, 3650 гектар лалми) ғалла экилган бўлиб, айни пайтда ўрим мавсуми бошланмоқда. Ғалла ўримига техникаларни тайёрлаш, ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш бўйича, жадвал асосида семинарлар олиб борилмоқда. Шунингдек, 450 гектардан ортиқ ерга картошка, 1600 гектар ерга пиёз, 70 гектар ерга саримсоқ пиёз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилган.

Бундан ташқари, туманимиз ҳудудида 2500 гектар (шундан 540 гектари интенсив) боғ мавжуд бўлиб, шундан 85%ига олма, қолган қисмига эса олхўри, ўрик, нок, шафтоли, гилос ва бошқа мевалар экилган. Узумзорлар эса 386 гектарни ташкил этади.

Шунингдек, экспорт ҳажмини янада кенгайтириш, бу борада аҳоли томорқаларидан ҳам унумли фойдаланиш ҳаётий зарурат бўлиб қолмоқда. Хусусан, 2021 йилга қадар лимон экиладиган томорқалар ҳажмини 5 гектарга етказиш кўзда тутилган.

Яхши ният билан ерга уруғ қадаган деҳқон, меҳр билан мева етиштираётган боғбонларимиз ўзлари етиштирган маҳсулотларни  халқимиз дастурхонигача етиб боришлари учун анчайин меҳнат қилиши тайин. Бироқ оғир меҳнат билан бир қаторда, экинларга тушадиган турли касалликлар уларнинг машаққатини икки чандон оширмоқда, десак янглишмаймиз. Соҳа мутахассисларининг айтишича, сўнгги пайтларда кишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турли сабаблар, хусусан, экологик вазият, уруғнинг касалланиши, турли зарарли ҳашаротлар ёки об-ҳавонинг ноқулай келиши билан боғлиқ омилларга кўра, касалланиш ҳолати тобора кўпайиб бормоқда. Бу эса миришкорларимиздан ўз вақтида экинларни тўғри парваришлаб, керакли дори воситалари билан ишлов беришни тақозо қилмоқда. Масалан, биргина олма дарахтини олайлик. Ҳозирда қорасон, парша, монилиоз, ун шудринг каби касалликларга чалинган олмаларга етарлича эътибор қаратилмаса, меванинг 30-40 фоизи нобуд бўлар экан.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бундай касалликларга вақтида чора кўрилмаса, оқибати ҳосилдорликка, қолаверса, экспорт ҳажмининг кес-кин пасайиб кетишига олиб келади. Энг ачинарлиси, йил бўйи даладан чиқмай меҳнат қилган деҳқон эса даромадсиз қолади.

Ҳа, азизлар, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида янги ташкил этилган тузилма – Бош прокуратура ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси, ўйлаймизки, ўз олдига қўйилган вазифаларни тўлиқ адо этиб, ризқимиз бутунлиги, давлатимиз равнақи йўлидаги фаолиятларини сидқидилдан амалга оширади.

Элёр ЎТБОСОВ,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.