Халқимизда Шарқ – дунё тамаддуниниг олтин бешиги, деган нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам, Ўзбекистон ўзининг муқаддас қадамжолари,  асори-атиқалари,  унутилмас тарихи билан дунё аҳлининг эътиборини тортмоқда.  Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарлардаги муқаддас қадамжоларимиз нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун бир инсониятнинг бойлигидир. Америка Қўшма Штатларидаги нуфузли “Зе хаффингтон пост” нашри томонидан  Самарқанд жаҳондаги инсон ўз умри давомида албатта бориб кўриши керак бўлган 50 та шаҳардан бири, деб эътироф этилди. Бугун нафақат вилоятларимиз балки республикамизнинг барча туман, шаҳарлари ҳам турли ҳудудлардан келган сайёҳлар билан гавжум.

Ватанимиз ичра мўъжаз бир Ватан ҳисобланган бизнинг Оҳангарон воҳамизга ҳам бугун кўплаб сайёҳларнинг қадами узилмайдиган гўша сифатида қаралмоқда. Воҳамиз ҳудудида 165 дан зиёд маданий мерос объектлари, 100 дан ортиқ қадамжолар мавжуд бўлиб, уларнинг маданий меросини ўрганиш, келгуси авлодларга ҳам гард юқмаган ҳолда етказиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Оҳангароннинг туристик салоҳияти қай даражада, бугунги кунда туристлар учун қандай қулайликлар яратилмоқда, келгусига мўлжалланган режалар қандай, каби саволлар билан Туризм департаменти бўлим бошлиғи – Илҳом Темировга мурожаат қилдик.

– Шу кунларда Молдавиядан 5 нафар, Хитой Халқ Республикасидан 7 нафар сайёҳ туманимизда бўлиб, муқаддас қадамжоларимизни зиёрат қилди. Қолаверса, Тошкент шаҳридан ҳам 12 нафар сайёҳлар келди. Уларга ётоқхона ва бошқа  зарур шароитлар яратиб берилди. Туризм департаменти ташкил қилинганидан буён, мингдан зиёд сайёҳлар келиб, зиёратгоҳларда бўлди. Ҳар битта турист-инвестиция дегани. Ҳудудимизга сайёҳларнинг келиши иқтисодиётимизнинг юксалишига хизмат қилади. Бугунги кунда туристларга қулай шароит яратиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. 3 та маданий объектимиз – “Убайд ота”, “Ҳўжаэлсурҳ” “Расули азим” зиёратгоҳларида реконструкция ишларини олиб бориш бўйича туман ҳокимининг қарори қабул қилинди, – дейди И. Темиров. Қолаверса, туманда ҳозирги кунда фаолият юритмаётган 6 та оромгоҳ-зиёратгоҳлар қайта тикланиши режалаштирилган.

Куни кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз шу соҳага алоҳида тўхталиб, бу борадаги ишларни ривожлантириш келгусида  юртимиз истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканлигини таъкидлаб ўтди.

Туризм – иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, ушбу тармоқни янада такомиллаштириш зарур, буни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Гулшода КАРИМОВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.