3-ҳудудий сектордаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва аҳолидан келиб тушувчи мурожаатларни қабул қилиш юзасидан 26 май куни Агросаноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биносида сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи Дилшод Алматов бошчилигида сайёр қабул ўтказилди. Сектор ишчи гуруҳи томонидан шу кунга қадар “Қорасувёқа” ва “Сусам” МФЙларда  сайёр қабул ўтказилиб, аҳоли мурожаатлари тингланганди.

Бу сафарги мулоқотда “Чувилдоқ” МФЙ ҳудуди аҳолиси иштирок этди. Қабул чоғидаги мурожаатларнинг аксарияти  ичимлик суви, электр симёғочлари, йўл ва кадастр, уй-жой масалалари билан боғлиқ муаммолар эканлиги аниқланди. Шунингдек, секторда барча соҳа  вакиллари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ жойларга –  аҳоли хонадонларига чиқиб муаммоларнинг ечими бўйича тегишли маслаҳатлар беришди. Ечими топилмаган айрим муаммоларни тегишли муассаса ёки ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этилиши айтиб ўтилди.

2-сектор ҳудудида аҳоли мурожаатларини қабул қилиш бўйича ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабуллар ўтказилиб келинмоқда. 30 май куни сектор раҳбари, туман прокурори Жамшид Мирвакулов, прокурор ўринбосари Аброр Маматов ва секторга бириктирилган ишчи гуруҳ томонидан “Қорабалиқ” МФЙ аҳолиси мурожаати тингланди.

Қабул давомида “Қорабалиқ”  МФЙ  Нурафшон кўчаси 30-уй, Тинчлик кўчаси 46-уй, Янги ҳаёт кўчаси 38-уйда яшовчи фуқаролар томонидан кўчалардаги симёғочларни таъмирлаш бўйича мурожаатлар қилинди. Туман электр тармоқлари корхонаси мутахассиси И.Мирсидиқов бу масалани жойига чиқиб ўрганиб, бартараф этиш бўйича фуқароларга тушунтиришлар берди.

Шунингдек, сайёр қабулда аҳоли томонидан мазкур маҳалланинг ички йўлига 10 машина шағал ташлангани ва бу аҳоли учун фойда келтирганлиги айтилиб, ушбу иш учун сектор мутасаддиларига миннатдорчилик билдирилди. Қабул давомида фуқаролар томонидан айтилган ва уларни қийнаб келаётган барча муаммоли масалалар тегишли тартибда ўрганилиб, ижобий ҳал этишга масъул бўлган ташкилотлар орқали ечим топишга келишилди.

Алишер АЗИМОВ,
Зилола ШОКИРОВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбирлари.