Юртимизда ёшларни маънан етук ва жисмонан соғлом қилиб вояга етказиш, уларни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш ва ташаббусларини рағбатлантириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони асосида 2018 йил 30 июнда “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” ташкил этилди. Бу эса, ўз навбатида, чин маънода, ушбу йўналишдаги ишларни янги тарихий босқичга олиб чиқди.

Бу фармон асосида тузилманинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича аниқ ташкилий механизмлар жорий этилди. 30 июнь эса мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилинди.

Республикамизнинг барча ҳудудларида ташкилотнинг туман (шаҳар) Кенгашлари ташкил этилди. Орадан қарийб бир йил ўтди. Ортга бир назар ташлаб, қайсидир маънода, ташкилот фаолиятига дастлабки баҳони бериш фурсати етди, чоғи. Хўш, бу борада туман ва шаҳримиз Кенгашлари томонидан қандай ишлар амалга оширилди?

Туманимиз аҳолиси сони 93705 нафар бўлса, шулардан 51537 нафари 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этади. Айни пайтда иттифоқ аъзолари сони 19880 нафар бўлиб, бошланғич ташкилотлар сони 80 тани, жами сардорлар сони 963 нафарни ташкил этади.

Ўтган бир йил давомида туман Кенгаши томонидан асосий эътибор ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, боқувчисини йўқотган ёшларга қаратилди. Хусусан, йил давомида жами 6 нафар фуқарога паспорт олишда, 8 нафар болажонларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда, 35 нафар уй таълимида таҳсил олаётган ўқувчиларга ўқув жиҳозлари, 2 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига мактаб сумкалари ҳамда ўқув қуроллари олишда, 1 нафар ногирон ёшга компьютер жамланмаси, юз, жағ  соҳаларда нуқсони бўлган 8 нафар ногирон болаларни Тошкент шаҳрида ўтказилган хайрия акциясида иштироки таъминланди, 3 нафар ногирон болажонларга ногиронлик аравачалари берилди.

Уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида, инг-лиз тили, замонавий рақс ва спорт тўгараги ташкил этилиб, жами 85 нафар ёшлар жалб қилинди. Шунингдек, шу тоифадаги ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик билан шуғулланишларига кўмаклашиш мақсадида, жами 75 маротаба давра суҳбатлари, 87 та сайёр учрашувлар ташкил этилиб, натижада 153 нафар ёшларимиз иш билан таъминланди.

Йил давомида 125 та маънавий-маърифий, 25 та хайрия акциялари, 22 та спорт мусобақалари, 250 га яқин профилактик тадбирлар ўтказилди.

Юқоридаги Фармон, айниқса, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳокимлик-ларнинг ёшлар масалалари бўйича ҳамкорлигини кенгайтиришга, уларнинг бу борадаги масъулиятини янада оширишга жуда катта кўмак бермоқда. Ёшлар иттифоқи Оҳангарон шаҳар Кенгашининг ташкил топганига қисқагина вақт ўтган бўлса-да, шу давр мобайнида энг устувор вазифаларни амалга ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Бугунги кунда шаҳар Ёшлар иттифоқи тизимида жами 40 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар 13850 нафар 15-30 ёшдаги аъзоларни бирлаштирган. Иттифоқ қошидаги “Камалак” болалар ташкилоти ҳозирда 5064 нафардан зиёд 10-14 ёшдаги аъзоларни ўз атрофига қамраб олган.

Кенгаш  томонидан ўтган қисқа фурсат давомида 150 дан зиёд тадбир ташкил этилиб, 6385 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди. Шундан, 31 таси ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, 42 таси маънавий-маърифий, 25 таси тадбиркорликни ривожлантириш, 28 таси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, 25 таси спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўналишида ўтказилди.

Оҳангарон шаҳар Ёшлар иттифоқи томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги “Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 834-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича ёш тад-биркорларга берилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, Политехника касб-ҳунар коллежи биносидан ҳозирги кунда 1 нафар ёш тадбиркоримизга 5 йилга  0 қийматда ижара шартномаси асосида жой ажратиш ва тижорат банкидан 50 млн. сўм кредит олиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. 15 нафар ёш тадбиркорларга, 5 нафар тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган ёшларга тижорат банкларидан жами 450 млн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам ва тавсияномалар берилди.

Бир қараганда, бу борадаги ишлар бир текис, силлиққина кетаётгандек – тадбирлар, анжуманлар, ўқув-семинарлар… Тўғри, мақтанарли, кўзга кўринарли бир қанча ишлар қилинди. Лекин ютуқларимиз ўзимиз-ники, буни инкор этолмаймиз. Бироқ ҳали эндигина бир ёшга тўлган иттифоқ олдида кўплаб қилинажак ишлар, долзарб муаммолар турибди.  Асосий эътиборни мавжуд муаммолар, уларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўришга қаратиш лозим бўлади.

Айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ишсизлик, эрта турмуш қуриш, ўз жонига қасд қилиш ва бошқа бир қатор ўз ечимини кутаётган масалалар борки, уларни ҳал этишда ёшлар иттифоқи ҳал қилувчи ташкилотлардан бири сифатида майдонга чиқишига ишонамиз.

Ҳа, азизлар! Аҳолимиз-нинг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, улар жамиятимизни олдинги етак-ловчи асосий куч эканлигини айтиб ўтмасак бўлмайди. Шундай экан, ёшларимизни баркамол бўлиб вояга етиши, жамиятда ўз ўрнини топиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб, ўз иқтидорларини намоён қилишларида иттифоқ-чиларнинг ўрни муҳим бўлиб қолаверади.

Элёр ЎТБОСОВ,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.