Оила миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир. Оила – кишилар ҳаётининг энг муҳим қисми, фуқаролик жамиятининг таянч нуқтасидир. Бу муқаддас масканда инсон дунёга келади, айнан мана шу ерда у маънавий ва ахлоқий жиҳатдан камол топади.

Бирор бир халк, миллат ёки жамият йўқки, у ўзининг ривожланиш тарихида ва тараққиёт истиқболини белгилашда оила, унга тааллуқли муаммою қадриятларини инобатга олмаган булса. Зеро, ҳар бир инсон учун оила – бу умрнинг бошланиши, барча нарсаларнинг муқаддимасидир. Қолаверса, ҳар бир инсон ўз бахти ва саодатини энг аввало оиласи билан боғлайди.

Бугун мамлакатимизда оила мустаҳкамлигини сақлаш, никоҳга тайёргарлик бўйича жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йили 2 февраль куни қабул қилган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила инс-титутини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони хотин-қизлар фаолияти, оила мустаҳкамлигини асраш борасида янги даврни бошлаб берди. Мазкур фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.  Бир сўз билан айтганда, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи янги бир тузилмага ана шу тарзда асос солинди.

Бугун бундай умидбахш ислоҳотларнинг мевасини Оҳангарон шаҳрида ҳам кўриш мумкин. Негаки, айни дамда Оҳангарон шаҳридаги 20 минг 72 нафар аёлларни қамраб олган хотин-қизлар қўмитаси тузилмаси ёнига яна бир марказ қўшилди. Шаҳарда Оила илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳудудий бўлими иш бошлади. Марказнинг тантанали очилиш маросимида шаҳар ҳокимлиги вакиллари, корхона-ташкилотлар мутасаддилари, пойтахтлик меҳмонлар, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этишди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан фалсафа фанлари номзоди Жамила Шермуҳаммедова, медицина фанлари номзоди Холида Очилова оила мустаҳкамлигини сақлашда ёши улуғ-ларнинг роли, ҳаётда учраб турадиган арзимас муаммолар оиланинг барбод этишга сабаб бўлолмаслиги, турмуш сўқмоқларида сабр-тоқатли бўлиш шартлиги тўғрисида гапириб ўтишди. Айниқса, янги оила қураётган ёшлар ҳаётида китобхонликнинг муҳим аҳамият касб этиши, қаердаки маърифат, зиё бўлса, ўша ерда яхши фарзандлар камолга етишига урғу беришди. Тадбир доирасида ташкил этилган сайёр китоб савдоси бу фикрларнинг амалдаги тасдиғи бўлди.

Шунингдек, маросимда халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари бўлган ўғил-қизлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шаҳар ҳокими Одилжон Жўраев баркамол йигит-қизларни эришган муваффақиятлари билан табриклар экан, шундай деди:

– Эй, азиз ёшлар, полвон, ориятли, билимга чанқоқ йигит-қизлар! Сизлар, айнан сизлар Оҳангарон шаҳрининг келажаги, умиди ва таянчи бўлишга лойиқ авлод вакилларисиз. Сизлар бугун иш бошлаётган “Оила маркази” тимсолида бахтни, порлоқ келажакни тасаввур қилиб, намунали оилалар сафида бўлишни ҳозирданоқ орзу-ният қилинглар. Зеро, барча омад ва муваффақиятларнинг калити айнан оиладир! Биз – ижро ҳокимияти вакиллари эса сизларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳар қанча хизматга тайёрмиз.

Шаҳар маданият бўли-ми вакиллари ижросидаги шўх куй-қўшиқлар тадбирга йиғилган ҳар бир ёшу қарининг кўнглига хушнудлик бағишлаб, уларни рақсга чорлади. Шод-хандон чеҳраларга боқиб, қуйидаги ўйлар хаёлингиздан ўтади:

“Мамлакат раҳбари-нинг шахсан ўзи бу масалада куйинчаклик билан сиёсат олиб бораётган экан, умидбахш ислоҳотлар бардавом экан, юртимизда мустаҳкам оилалар сафи кенгаяверади. Эҳ-ҳе, ҳали бу гўшаларда не-не баркамол, комил фарзандлар дунёга келади, Алпомишу Барчинойлар улғаяди. Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари бундан-да юксак марраларни забт этади.”

Д. АННАЕВА,
тайёрлади.