Луғат бойлигида қишлоқ хўжалиги мавзусига бу қадар катта эътибор қаратилган халқлар дунёда саноқли бўлса керак! Ахир, элу юртни тўйдириб, савобнинг энг каттасига эга чиқаётган бободеҳқону соҳибкорларни алқамай бўладими!? Мақолу маталларимизнинг кўпчилигида кейинги мавсумга кузданоқ масъулиятли ёндашиш тарғиб этилиши бежизга эмас, албатта. Зеро, барака уруғи, дея қадалган экинга майса ҳолидан меҳрли муносабатда бўлиб, ўз вақтида парваришга киришиш келгуси фаровонлик ҳамда муваффақиятлар калити ҳисобланади…

Яқинда Оҳангарон туманидаги  “Абдулла Холтожи” фермер хўжалиги кўркам далаларида бўлиб ўтган семинарда 50 дан зиёд фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди. Унда қатнашган туман ҳокими маслаҳатчиси Саидаҳмад Султонов, туман ҚСХБ бошлиғи Икром Файзиев, Жанубий Кореянинг маъданли ўғитлар ишлаб чиқарувчи “Хонвори” компанияси вакили Мирон Дягай ва бошқалар мазкур хўжаликда, хусусан, ғаллани шарбат усулида суғоришда ҳандақлардан фойдаланиш, тўқсонбосди экинлар экиш борасида амалга оширилган ишларни эътироф этишиб, соҳада анъанавий ёндашувлардан унумли фойдаланиш катта самара келтиришини билдиришди.

– Бугунги тадбирдаги ердан янада унумли фойдаланишда самарали усулларни кенг жорий этиш борасидаги тавсиялардан келгусида фойдаланишни режалаштирдик, – дейди “Абдулла Холтожи” фермер хўжалиги раҳбари Тожихол опа Худойбердиева. – Хўжалигимиз 2006 йилда ғалла-сабзавот йўналишида ташкил этилган бўлиб, ҳозир 32 гектарда деҳқончилик қилаяпмиз. Айни кунларда келгуси йил ҳосили учун “Громм элита” буғдой уруғи сочилган 20 гектар майдонни шарбат усулида суғориб, майсалатиб олдик. Тўқсонбосдига икки гектар саримсоқпиёз экилиб, бугунги кунда баравж ривожланмоқда. Албатта, ушбу хайрли ишларимиз юртдошларимиз фаровонлигини янада ошириш, хўжалигимиз аъзоларининг дастурхони тўкинлигини таъминлашга қаратилган.

Тадбир давомида, шунингдек, аввалроқ экилган ғалла майдонларини суғоришни тезлаштириш, лалми ғаллани кечиктирмай экиш, уч йилликкача бўлган боғ майдонларига тўқсонбосди экинлар экиш, маҳаллий ўғитлардан унумли фойдаланиш, хўжаликлар ҳисоб-рақамларида айланма маблағларни шакллантириш, Низом жамғармасига маблағ қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Воҳид БОЙМУРОДОВ.