Халқ билан мулоқотнинг самарадорлигини янада ошириш, шунингдек, ҳудудий сектор ишчи гуруҳ раҳбарлари, давлат идоралари, уларнинг мутасадди раҳбарларини халқ билан янада яқинроқ бўлишини таъминлаш мақсадида, туман ҳудудий секторларида белгиланган жадвал асосида  сайёр қабуллар ташкил этиш йўлга қўйилди. Яъни, эндиликда сектор ишчи гуруҳи мутасаддилари халқ билан мулоқотни доимий штабда эмас, балки ҳудуднинг турли жойларига чиққан ҳолда амалга оширадилар. Давлат идораларининг, мутасадди раҳбарларнинг халқ билан бу даражадаги яқинлашуви аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ижобий ҳал этилишида қўл келиши бор гап. Бироқ эътиборингизни бир жиҳатга қаратмоқчимиз.

Хусусан, мурожаат қилиш маданияти ҳақида гап юритсак. Туманимиз ҳудудларида ўтказилаётган сайёр қабулларда аҳоли томонидан ўртача ҳисобда 15-20 га яқин мурожаатлар бўлмоқда. Мурожаатларнинг мазмуни таҳлил қилинганда, улар орасида оддий, маҳаллий шароитда ҳал қилса бўладигани ҳам, туман, вилоят, қолаверса, республика миқёсида ечим топадиганлари ҳам мавжуд. Масала аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммонинг қайдаражада тўғри қўйилаётганида, айниқса, кимга қаратилаётганида. Биз бу билан аҳолининг мурожаат маданияти паст демоқчи эмасмиз. Халқимиз янгича тизим асосида ўз мурожаатлари билан давлат идоралари биринчи навбатда эътибор қаратиши лозим бўлган муаммоларни аниқлашда ташаббус кўрсатмоқда. Бу яхши.  Бироқ маҳалладаги чиқиндиларни тозалаш масаласини ҳокимлик даражасига олиб чиқиш ёки бўлмаса, республика миқёсида ҳал этиладиган муаммони сектор раҳбарларидан бугун-эрта ҳал қилиб беришни талаб қилиш қанчалик тўғри? Қабуллар жараёнида, кўпинча, шу нарса кўзга ташланмоқдаки, мурожаат қилаётган томон эшитувчини ўз муаммосини тўлиқ ҳал қилиб беришга мажбур мутасадди сифатида кўрмоқда. Лекин ушбу мутасадди ҳам мурожаатни ҳал этишда қонунга таяниб иш кўради, ўрнатилган тартиб-қоидаларни четлаб ўтолмайди-ку. Тўғри, кўп йиллардан буён баъзи масалалар очиқлигича қолмоқда. Аммо сўнгги бир ярим йил ичида амалга оширилган ишлар кўламини тасаввур қилган ҳолда, бир баҳолаб кўринг-а. Қанчалик ўзгаришлару бунёдкорлик ишлари. Буларни инкор этиб бўлмайди.

Шу ўринда, муаммоларнинг аксариятининг ечими узоқ муддат ҳамда катта маблағларни талаб қилишини инобатга оладиган бўлсак, уларни тегишли тартибда давлат дастурларига киритилиши зарурлигини оддий халққа тўғри етказиш сектор ишчи гуруҳи аъзоларининг асосий вазифаларидан бири эканлигини айтиб ўтиш лозим. Ўтказилаётган сайёр қабулларда эса бу борада тегишли мутасаддилар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган ҳафтада 1-сектор сайёр қабули «Гулобод» МФЙ ҳудудидаги Педагогика ва ижтимоий иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биносида ташкил этилди. Шунингдек, туман прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудудида навбатдаги сайёр қабул «Санам» МФЙдаги 33-мактаб биносида, туман ИИБ бошлиғи секторида «Сусам» МФЙда, туман ДСИ бошлиғи раҳбарлигидаги 4-секторда эса «Унгут» МФЙда ўтказилди.

Халқ билан мулоқотнинг ушбу янги механизми келгусида ўзининг ижобий натижасини бериши аниқ. Бунинг учун эса ҳудудий сектор мутасаддиларидан масъулият, аҳолимиздан эса ташаббускорлик, давлат идораларига бўлган ҳурмат ва албатта, келажакка бўлган ишонч талаб этилади. Сайёр қабуллар эса давом этади.

Элёр ЎТБОСОВ.